Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:35

Мигрантофобия - Россиянинг янги сиёсатими?


Полиция рейди, Хабаровск, 2024 йил
Полиция рейди, Хабаровск, 2024 йил

Украинага қарши учинчи йил урушаётган ва иқтисодиёти инқирозга юз тутиб бораётган Россия меҳнат мигрантларига чекловларни кучайтирмоқда. Бу ҳолат уруш фонида россияликларда мигрантофобия кайфиятини оширди. Мутахассислар Россия ҳукумати кўраётган чоралар хорижий ишчи кучига талаб ошиб бораётган бу мамлакатга мигрантлар оқими кескин камайишига олиб келганини айтишмоқда.

Тинимсиз текширишлар, корхона, ётоқхона ва бозорларга рейдлар, ишдан бўшатишлар, иш ҳақини бермаслик, минтақа давлатларидан Россияга ва ортга парвозларни кечиктириш, Қозоғистон билан чегарадан ўтиш учун турнақатор навбатлар, коррупция, полиция бедодлиги, асоссиз депортация ёки жиноий жавобгарлик таҳдиди остида Украинага урушга жўнатиш, қийноқлар – буларнинг барчаси Россиядаги меҳнат муҳожирлари яшаётган янги воқеликдир.

Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси (РАНХиГС) томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, Россияга меҳнат мигрантлари оқими 2022 йилдан кейин ковидгача бўлган давр даражасига қайтмаган, аммо Ўзбекистон ҳали ҳам ишчи кучининг асосий "экспортчилари" рўйхатида қолмоқда. РАНХиГС тадқиқотларига кўра, 2023 йилда Россияда меҳнат мигрантлари сони тахминан 3,5 миллион кишини ташкил этган, бу 2019 йилга нисбатан бир миллионга кам. Амалдаги тартибга кўра, визасиз кириш ҳуқуқига эга Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Россияга асосий ишчи кучи етказиб берувчи мамлакатлар саналади. Россияга меҳнат миграциясининг 87 фоизини айнан шу мамлакатлардан келган мигрантлар ташкил қилмоқда.

Бир вақтнинг ўзида мигрантларнинг чиқиб кетиши кўпайган, бу эса иш билан банд бўлган чет элликлар умумий сонининг пасайишига олиб келган. Москва ва Санкт-Петербург эса ҳали ҳам мигрантларни жалб қилаётган асосий марказлар бўлиб қолмоқда, бу ерда барча банд бўлган чет элликларнинг ярмидан кўпи жамланган.

Йил сайин Россияга иш излаб келаётган ўзбек муҳожирлари сони камайиб бормоқда. “Росстат”нинг меҳнат миграцияси бўйича илгарироқ эълон қилган статистикасига кўра, ўтган йили ўзбекистонликлар сони меҳнат мигрантлари умумий сонининг атиги 4 фоизини ташкил этган. Россияга ташриф буюрувчи ишчиларнинг 31 фоизи Тожикистондан бўлса, иккинчи ўринда - 10 фоиз - бу Қирғизистон фуқаролари; Украина, Арманистон ва Қозоғистонга эса 9 фоиздан тўғри келади.

Мигрантофобия

Бироқ, 2024 йилда миграция қонунчилигининг кучайиши Россияга меҳнат мигрантлари оқимини камайтириши мумкин.

Сўнгги пайтларда Россия пропагандаси яна “мигрантлар хавфи”, “мигрантлар томонидан содир этилаётган жиноятлар кўпайиши”ҳақида бонг ура бошлади. Буни кўриб турган айрим популист ва миллатчи сиёсий гуруҳлар Россиянинг энг катта муаммоси айнан “руслардан иш ўринларини тортиб олаётган ва оилалари билан шаҳарларни эгаллаётган мигрантлар” эканига кўпроқ эътибор қарата бошлади.

Миллатчилик ва ирқчилик риторикаси ҳатто Россия расмий идоралари учун одатий ҳолга айланди:

"Бизнинг бевосита бошлиғимиз Виктор Кузмич Пауков бу йўналиш президент, Ички ишлар вазирининг алоҳида назоратида эканини таъкидлади. Асосий вазифа, у айтганидек, Москва вилоятини чет эл фуқаролари томонидан "қораланмаслиги"ни таъминлаш, яъни "оқартириш"дир", дейди полиция мулозими.

Экспертларга кўра, Украинадаги уруш ва халқаро санкцияларнинг жорий этилиши ортидан Россияда бошланган иқтисодий инқироз руслар жамиятида тушкунлик кайфиятини пайдо қилди, одамлар ўз руҳий ва иқтисодий беқарорлигида айбдорларни излашга тушди. Албатта, доимгидек, бундай “айбдор” этиб Кремл томонидан ҳуқуқсиз ва ҳақсиз меҳнат муҳожирлари, уларнинг оила аъзолари тайинланди.

Россиянинг энг юқори лавозимли шахслари, депутатлар ва сиёсатчилари барча бало мигрантлардан экани ва “миграция масаласини жиловлаш вақти келгани” тўғрисида гапириб қолди.

Айниқса, "Крокус Сити"даги тожикистонликлар айбланган терактдан кейин Марказий Осиёдан келган муҳожирлар аҳволи кескин таранглашди. Рейдлар, таҳқирлаш, полиция босими, асоссиз депортация ва жарималар одатий тус олди.

Россия Ички ишлар вазирлиги эълон қилган охирги 7 ой давомидаги миграция статистикасига кўра, ўтган йрим йилда Россияга 143 минг муҳожир киритилмаган. Россия аэропортлари ва чегара пунктларидан тушунтиришларсиз қайтарилаётган юзлаб хорижликлар ҳақида Озодлик хабар берган.

Чекловлар

Хўш, Россия охирги вақтда жорий қилган миграция чекловлари нималардан иборат?

2024 йилнинг 21 августида Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин ҳозирда қабул қилинган олтита қонундан ташқари, қуйи палатада мигрантлар билан боғлиқ яна саккизта қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Улардан олтитаси август ойида жорий қилинган.

Ҳужжатларда паст малакали мигрантларнинг Россияга оиласини олиб келишини тақиқлаш, уларнинг соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ишга жойлашиш имкониятларини чеклаш, шунингдек, меҳнат муҳожирларини мамлакатга киришда бармоқ изларини рўйхатга олишни жорий этиш таклиф этилган.

Россиянинг ўндан ортиқ вилоятларида турлик соҳаларда муҳожирлар меҳнатига чекловлар жорий қилинди. Ёқутистонда мигрантларга такси ва транспортда ишлаш тақиқланди.

Санкт-Петербург вилоятида ҳам мигрантларга таксида ишлаш тақиқланди.

Новосибирск вилояти ҳукумати апрель ойи ўрталарида мигрантларга такси ҳайдашни, шунингдек алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотиладиган дўконларда ишлашни ман этди.

Самарада мигрантларга бозорларда, таксида, таълим тизимида, умумий овқатланиш жойларида ишлаш ва биноларни ижарага бериш тақиқланди.

Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин…

Мигрантларга чекловларни жорий этиш ва улар орасида қанча одам нолегал ҳолатда эканини аниқлаш учун эса улар сонини аниқ билиш лозим. Бунинг учун Кремл миграция амнистияси эълон қилиниши ва 2025 йилда Россияда "назорат остидаги шахслар" реестри ишга туширилишини билдирди.

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой фикрича, Россияда миграция ва меҳнат қонунчилиги соҳасида нисбатан енгилроқ ҳуқуқбузарлик содир этган мигрантларга амнистия эълон қилинса, “оқилона иш бўлур эди”.

Унга кўра, Россияда нолегал мақомидаги мигрантлар сони 630 минг кишини ташкил қилади.

Ҳукумат полиция қарори билан Россиядан маъмурий депортация қилинадиган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ушлаб туриш муддатини 48 соатгача қисқартиради. Илгари муддат 90 кунгача эди. Кузатувчилар судсиз “бадарға қилиш” ташаббусининг полицияга тўлиқ топширилиши усиз ҳам коррупциялашган ички ишлар ходимлари учун қўшимча даромад манбаига айланади, демоқда.

Шу кунларда Россия Федерал Жазони ижро этиш хизмати ходимлари Россия колонияларидаги хорижликларга ўз ватанларига жўнатилиши ва жазони ўташда давом этишлари ҳақида ёзма розилик беришни таклиф қила бошлагани хабар қилинди.

Бу ҳақда хабар берган “Важние истории” нашрига кўра, Ростов ва Волгоград вилояти қамоқхоналаридаги ғалаёнлар ортидан қамоқхона маъмурияти Марказий Осиё, Беларус ва ҳатто Украина давлати ватандошларини ўз юртида жазо ўташ тўғрисида ариза ёзишга мажбурламоқда.

Россиялик сиёсатчиларга, айниқса муҳожирлар оилалари, улар фарзандларининг таълим олиши ва даволаниши масаласи тинчлик бермаётган кўринади.

Россия Давлат Думасига мамлакат боғчалари ва мактабларида мигрантлар фарзандларининг бепул ўқитилишини бекор қилиш таклиф қилинаётган қонун лойиҳаси киритилмоқда.

Мазкур ғоя муаллифи, Давлат Думаси депутати Ярослав Нилов фикрича, “хорижлик болаларни Россия бюджети ҳисобидан ўқитиш бўйича хайрия эпопеясини тугатиш” вақти келган.

Агар хорижлик ота-оналар истаса, марҳамат қилиб, ўз болаларини таълим муассасаларимизга тижорий асосда (яъни муайян ҳақ эвазига демоқчи — таҳр.) жойлаштиришлари мумкин. Бунинг учун алоҳида тижорат синфлари очаверишсин. Бизнинг россиялик болалар хорижлик ишчилар фарзандларининг бу қадар кўплигидан азият чекмаслиги лозим”, дейди Дума депутати.

Россия Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин миграцияни тартибга солиш масаласи парламент ишидаги устувор йўналишлардан бири эканини билдирган эди. ЛДПРчи Леонид Слуцкий юриш-туришни назорат қилувчи “Муҳожир кодекси”ни жорий этишни таклиф қилган. “Келдинг, ишладинг - уйингга жўнаб қол!” дея ўз ғоясини изоҳлади Слуцкий.

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ТАССга берган интервюсида мигрантларнинг ўз оилаларини Россияга олиб келишини тақиқлаш ва мигрантлар болалари рус тилини ўрганишга мажбурланиши зарурлигини айтди.

Ишчи кучи етишмовчилиги

Россияга ишлаш учун келаётганлар сонининг қисқариши, асосан меҳнат муҳожирлари ишлаётган ҳудудларда кадрлар танқислигини янада кучайтирди. Уралдаги саноат корхоналари, жумладан, ҳарбий-саноат комплекси кадрлар етишмаслигини бошдан кечирмоқда. Шунга қарамай, масалан, буғдой, маккажўхори, кунгабоқар ва шоли етиштириш бўйича Россияда биринчи ўринни эгалловчи Краснодар ўлкасида сунъий ўрнатилаётган миграция чекловлари аллақачон қишлоқ хўжалигида ишчилар етишмаслигига олиб келган. Доғистонда ахлатни олиб ташлаш учун ишчилар етишмаяпти.

Аммо расмийлар, афтидан, “ватанпарварлик ва аҳолипарварлик” шиори остида муҳожирларга қарши курашни тўхтамоқчи эмас.

Агар муҳожирларга нисбатан босим давом этса, бу Россияда 2022 йил 24 февралдан бери кучайган кадрлар етишмаслиги муаммосини янада авж олдиради. Россия Фанлар академиясининг Иқтисодиёт институти ҳисоб-китобларига кўра, бугунда кадрлар етишмовчилиги 4,8 миллион кишига етган. Бу саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо, қурилиш, уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида, яъни мигрантлар энг кўп ишлайдиган сегментларда кўпроқ сезилади.

Миграция экспертлари ишчилар етишмаслиги туфайли иш берувчилар иш ҳақини оширишга мажбур бўлмоқда, деган фикрда.

Расмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 2024 йил бошидан буён турли соҳаларда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг маошлари 30-40 фоизга ошган ва ўртача 150 минг рублга етган.

"Росстат" маълумотларига кўра, 2023 йилда русларнинг ўртача ойлик номинал иш ҳақи 73 709 рублни ташкил этди.

Мутахассисларнинг фикрича, муҳожирлар иш ҳақининг расмий бозорда оширилишига объектив сабаблар бор.

Муносабат

Марказий Осиё расмийлари Москва билан муносабатларни бузмаслик учун одатда бундай муаммоларни эътиборсиз қолдириб келарди, аммо босим охирги ойларда шу даражага етдики, бу муаммога эътибор қаратмасликнинг иложиси қолмади.

Тожикистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирликлари Россия элчиларига норозилик ноталарига жавобан Москва террорчилик ҳужумлари хавфи туфайли хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини "мажбурий чора" деб атаган.

Президент Эмомали Раҳмон шу йилнинг май ойида Владимир Путин билан учрашувда тожикларга қарши эмас, терроризмга қарши курашишга чақирган эди. Аммо муҳожирларга нисбатан босим тўхтагани йўқ.

Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги олий даражадаги ҳар бир учрашувда “миграция масаласи” кўтарилаётгани айтилади. Шу ҳафта Тошкентдаги Бош вазирлар Мишустин ва Арипов учрашуви чоғида ҳам айни масала муҳокама қилингани билдирилди.

Бугунги Россияда чекловлар фақат мигрантларга қаратилган эмас. Танқидчиларга кўра, демократик эркинликлар ва инсон ҳақлари поймол этилаётган бу мамлакатда Путин ўрнатган режим ҳукуматга қарши ҳар қандай овозни ўчиришга, ҳар қандай қаршиликни йўқ қилишга бор кучини сарфламоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG