Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:05

Полиция автобус ҳалокати баҳонасида ўзбек муҳожирлари қайтаётган машиналарни тўхтатмоқда (ВИДЕО)


Москвадан Ўзбекистон чегарасигача йўл олган автобус Россиянинг Мордовия республикасида полиция томонидан тўхтатиб қолинди. 73 нафар ўзбек йўловчиси икки кундан бери автобусда тунашга мажбур бўлмоқда. Муҳожирлар¸ пулни олдиндан олган рейс эгаларининг¸ йўл кира ҳақини қайтариб беришдан бош тортаётганини гапирмоқда.

Пулсиз-жойсиз қолган муҳожирлар Ўзбекистон элчихонасига икки кундан буён қилаётган мурожаатлари жавобсиз қолаётганидан арз қилди.

Маҳаллий идора ва полиция раҳбарияти “муҳожирлар учун шароитлар яратилди” деяётганига қарамасдан, катталар билан бирга совуқ автобусда ёш болалар ҳам жон сақлашга мажбур бўлмоқда.

Россиянинг Мордовия республикаси Ичалковский тумани Кемля қишлоғида жойлашган полиция бўлими ҳовлисида учинчи кундирки автобуси ҳибс этилган 73 ўзбек муҳожири қолмоқда.

Бу ҳақда Озодликка бир гуруҳ ўзбекистонлик ва уларнинг Ўзбекистондаги яқинлари хабар берди.

Озодлик билан суҳбатлашган ва ўзини Икром деб таништирган йигит одамлар вазият тутқунига айланганини гапирди:

- Биз Москвадан Ўзбекистон йўналиши бўйича кетaятувдик. 73 кишимиз – ҳаммамиз Ўзбекистон фуқароларимиз. Аввалига айтилган пулдан 500 сўмдан яна сўради – автобус олиб келди.200 километр юрганимиздан кейин проводник “Кимни ҳужжатида муаммо бўлса яна 2700 рублдан тўлайсанлар, гаплашамиз”, деган эди одамлар норози бўлди. Мордовияда ГАИ пости автобусни тўхтатиб, проводник билан суммани келиша олмади ва машинани олиб кириб кетди. Мана 2 сутка бўлди бизни қўйвормайди! Бу ерда ёш болалар, аёллар, жами 73та ўзбекистонлик бор, деди Икром.

Ўзбек муҳожири полиция ҳаммани текшириб, айримларга жарима солгани, аммо автобусда техник носозликлар баҳонасида ушлаб турилганини айтди.

Автобус ҳалокати баҳонасида полиция муҳожирларни уч кундан бери қўйиб юбормаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:53 0:00

(Ўзбек муҳожирлари 2 суткадан буён Мордовияда қолмоқда)

Икром уларни чегара ва йўл полицияси постларидан ўtказиб қўйишни ўз бўйнига олган “даллол” пулни қайтариб беришдан бош тортаëтганини айтади:

- Нарсаларимиз ҳам шуни ичида, кетишга рухсат бермаяпти. Проводникдан пулни қайтариб беришни сўрасак, бермаяпти. Уни уриб ҳам бўлмайди: “Ким билан гаплашган бўлсаларинг – ўша одам беради пулни”, дейди. Биз гаплашган одамлар умуман телефон кўтармайди,ака. Чорасиз, пулсиз қолдик. Кетгани пулимиз йўқ. Элчихонага телефон қилсак, унисига бунисига жўнатиб, трубкани кўтармай қўйди, деди Икром.

Муҳожир йигит катталар билан бирга тўхтаб турган автобусдан 3 нафар ёш бола ҳам 2 суткадан бери тунаётганини билдирди.

Ўзбек муҳожирлари: Кетишга пулимиз ва умидимиз қолмади!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:18 0:00
Бевосита линк

Ичалковский туман Кемля қишлоғида жойлашган полиция бўлими ходими Озодлик мухбирига автобус ҳақиқатан техник кўрикдан ўтмаганини тасдиқлаб, бу текширувлар яқинда Покров станциясида содир бўлган йирик автоҳалокат билан бевосита боғлиқлигини айтди.

- Мен ёлғон гапириб ўтирмайман - автобус ҳақиқатан 2 кун олдин ушлаб қолинди. Ҳозир Тергов қўмитаси текшираяпти уни. Нима сабабдан тўхтатилганини билмадиму, Покровдаги автоҳалокатдан кейин муҳожирларни ташиётган автобуслар ҳаммаси синчковлик билан текширилаяпти, деди ўзини Александр деб таништирган полиция ходими.

Ўзбекистонга кетаётган мигрантлар автобуси 2 кундан бери Мордовияда қолмоқда
Ўзбекистонга кетаётган мигрантлар автобуси 2 кундан бери Мордовияда қолмоқда

Озодлик боғланган Кемля қишлоғи маъмурияти вакиласи Александра Тарасова йўлда қолган муҳожирларга ётоқ жой ажратилганини билдирди:

- Мен сизнинг сўровингиз билан аниқладимки, ёш болали аёлларга маъмурият биносидан вақтинчалик ётоқ жой ажратилибди – буни полицияда ҳам тасдиқлашди. Қолганлар автобуснинг ўзида қолмоқда, деди Кемля қишлоғи маъмури Александра Евгеньевна Тарасова.

Аммо мухбирлар суҳбатлашган ўзбекистонликлар 73 кишининг ҳаммаси навбатма-навбат икки кундан буён автобус ичида ётиб қолаётганини гапирди.

Шунингдек, техник камчиликлар аниқланган йўловчи ташувчи автобус ҳайдовчиси тергов қилинаётгани ва унга нисбатан жиноий иш очилиши мумкинлиги айтилди.

Ярим кунлик сўров-суриштирувлардан кейин Ичалковский полиция бўлими раҳбарияти Озодликка яқин орада ўзбек мигрантлари автобусининг йўлга чиқишга рухсат бериши мумкинлигини маълум қилди.

Озодлик воқеа ривожини кузатишда давом этади.

Россиянинг Владимир вилоятида 2017 йилнинг 6 октябрида содир бўлган автоҳалокатда нобуд бўлганлар сони 17 кишига етганини Озодлик хабар берган эди.

Поезд туртиб кетган автобусда ўлганлардан 15 нафари ўзбекистонлик, бири қозоғистонлик ва яна бирининг шахси номаълум қолаётгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG