Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:56

Россиядаги масжид ва ётоқхоналарда мигрантларни Украина урушига ёллаш компанияси олиб борилмоқда


Россияда ҳарбий сафарбарлик.
Россияда ҳарбий сафарбарлик.

Тожик муҳожири Фозилжон Умаров яқинда Россияда яшаш учун рухсатномани узайтиргани ариза берди. У Нижний Новгород вилоятида ғишт терувчи бўлиб ишлайди.

Умаров миграция бўлимига ҳужжат топширганида, хизматчи ундан Россия армиясига бориш ҳақида нима дейсиз, деб сўраган.

“У агар шартнома бўйича ҳарбий хизматчи бўлсам, яшаш ва ишлашга рухсатномага эҳтиёж қолмаслиги, олти ойлик ҳарбий хизматдан сўнг Россия паспортини олишим мумкинлигини айтди. Яна ойига 3 минг долларга яқин маош ҳам олар эмишман”, дейди Умаров.

Унинг айтишича, миграция марказида у билан гаплашган зобит асли тожик.

“У мен билан тожикча гаплашди. Тожик муҳожирлари учун тожик, ўзбеклар учун ўзбек ходимларни ёллашганми дейман, билмайман”, дейди Умаров.

Марказий осиёлик кўплаб меҳнат муҳожирларининг айтишича, Москва Украинадаги сийраклаб қолган қўшинлари ўрнини тўлдириш учун уринаётган бир пайтда россиялик ёлловчилар масжидлар, ётоқхоналар ва иммиграция идораларида муҳожирларни урушга жалб қилиш билан машғул.

“Ҳар иккинчи реклама уруш ҳақида”. Россияда муҳожирлар Украинадаги урушга яна ҳам фаол жалб қилинмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:23 0:00

Сентябрь ойида 300 мингга яқин заҳирадаги эркакларни «қисман» сафарбарликка чақирганидан сўнг ўн минглаб россиялик эркаклар тўсатдан мамлакатдан чиқиб кетганидан бери Москва янги ҳарбий сафарбарлик ҳақида расман эълон қилмади.

Ҳукумат Украинадаги жанглар учун 400 минг янги аскар ёллашни режалаштирмоқда, деган Россиянинг минтақавий маъмуриятидаги манбалар.

Россия расмийлари пул ва бошқа имтиёзларни ваъда қилиб, ҳам Россия фуқаролари, ҳам чет эллик ишчилар орасидан эҳтимолий шартномачиларни жалб қилиш ҳаракатларини кенгайтирган.

Россия шаҳарлари кўчаларида ишга ёлловчилар эркакларга шартнома бўйича ҳарбий хизматни ўташ учун рўйхатдан ўтганлар бир йўла 2390 АҚШ доллари миқдорида бир марталик тўлов, сўнг ойига 4160 долларгача маош олишлари ҳақида варақа тарқатмоқда.

«Озодлик» радиоси юборган сурат ва видеоларда меҳнат муҳожирлари ётоқхоналари деворлари, эшиклари ва зинапояларига шу турдаги варақалар осилганини кўриш мумкин.

Озодлик радиосининг Тожик хизмати қўлга киритган видеолардан бирида Россия ҳарбий хизматчиси Челябинскдаги машҳур масжидда нутқ сўзлаётгани тасвирланган.

"Россия фуқаролигини олиш учун беш йил кутиш шарт эмас – ўрнига олти ойдан бир йилгача ҳарбий хизмат шартномасини имзолаш эвазига ўзингиз ва оилангиз учун тезлаштирилган фуқаролик олиш мумкин", дейди униформа кийган эркак масжиддаги жамоатга.

Яна бир видеода рус ҳарбий кийимидаги киши айримлари ўзбекча гаплашаётган бир гуруҳ эркакларга шартнома асосида ҳарбий хизматни ўташга тарғиб қилмоқда. Видеода марказий осиёлик муҳожирлар ғарбий Пенза шаҳрида ишлашга рухсат олиш учун навбатга тургани тасвирланган.

Ишга ёлловчиларнинг айтишича, шартнома бўйича ҳарбий бўлишни хоҳловчилар ҳатто мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт эмас, дейди Россиядаги мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Жўрабек Омонов.

“Улар фақат «менинг соғломман» деб ёзилган қоғозга имзо чекиб беришлари керак”, дейди Омонов 10 апрель куни Озодлик радиосига.

“Мен муҳожирларга доим айтаман, Россия паспортини олиш умидида урушга кетганларнинг 99 фоизи Украинада ўлдирилган. Қолаверса, уларнинг Украинага бориши ҳам ноқонуний саналади”, дейди у.

"Менинг урушим эмас"

Россия Марказий Осиё ва собиқ Совет Иттифоқининг бошқа давлатларидан миллионлаб муҳожирларга мезбонлик қилади, бу давлатларда ишсизлик сўнгги ўттиз йилликда асосий муаммо бўлиб келган.

Аксарият муҳожирлар Россиянинг Украинага қарши урушидан узоқда қолган. Аммо юзлаб ёки минглаб одамлар Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида, асосан, Россия қурилиш компанияларида ишлаётганига ишонилади.

Уруш бошланган 2022 йил февралидан бери Марказий Осиёдаги ўнлаб оилалар Украинада ҳалок бўлган қариндошларининг жасадларини қабул қилди. Улардан баъзилари Россия фуқаролари, баъзилари эса чет эллик шартномачилар, шунингдек, Россия қамоқхоналаридан кўпинча босим остида ёлланган маҳбуслардир.

Россия рублининг қадрсизланиши, меҳнат бозорининг қисқариши ва урушнинг бошқа оқибатларига қарамай, Россия Марказий Осиёдан келган ишчилар учун асосий йўналиш бўлиб қолмоқда.

Бир тожик муҳожири шу ой бошида Россиянинг Узоқ Шарқидаги Владивосток шаҳридаги депортация изоляторидан «Озодлик» радиоси билан боғланиб, ҳарбий хизматчилар маҳбуслар билан учрашгани келганини айтди.

"Офицер бизга" Сиз депортация қилингансиз ва камида беш йил давомида Россияга қайтиб кела олмайсиз, лекин агар Россия армиясига қўшилишга рози бўлсангиз, ёзувларингиз ўчирилади, яхши маош оласиз ва атиги олти ойда Россия фуқаросига айланасиз”, деди у аноним қолиш шарти билан.

Гарчи у ўзи бу гапларга ишонмаганини айтган бўлса‑да, баъзилари “таклифни қабул қилишни жиддий ўйлаб кўрган, чунки пулсиз, ишсиз ва келажаксиз Тожикистонга қайтиш баттарроқ”.

Нижний Новгородда меҳнат муҳожири Умаров ёз мавсумининг энг қизғин вақтида таклиф қилинган пулнинг ярмини ўзи ишлаб топа олса ҳам, Россия паспорти ва ойига 3000 доллардан воз кечиб, Украинага кетишни рад қилди.

"Мен ҳеч қачон Украинага бормайман, – дейди Умаров. – Бу менинг урушим эмас."

Форум

XS
SM
MD
LG