Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:27

“Урушга боришни хоҳламайман”. Минглаб россиялик туристлар уйларига қайтолмаяпти


Москвадаги урушга қарши намойиш қатнашчиси. Иллюстратив сурат.
Москвадаги урушга қарши намойиш қатнашчиси. Иллюстратив сурат.

Украинада “махсус амалиёт” номи билан уруш бошланганидан бери 20 минг россиялик турист чет элдан уйига қайта олмаяпти. Ҳукумат хорижда қолганларни олиб келиш учун рейслар ташкил қилди, аммо бу рейслардан ҳамма ҳам фойдалана олмайди. Бир томондан, туристларнинг пуллари тугаб бормоқда, уларнинг банк карталари блокланяпти.

Евроиттифоқ ва Шимолий Америка осмони Россия учоқлари учун ёпилганидан сўнг 27 минг россиялик чет элда қолди – бу қисқа муддатга саёҳатга чиққан туристлардир. Ўтган куни Россия ҳукумати уларни олиб келиш учун рейслар ташкил қилди. “Ростуризм” раҳбари Зарина Догузовага кўра, учоқлар ҳар куни бир неча минг кишини олиб қайтяпти. Аммо, 4 март ҳолатига кўра, тахминан 20 минг россиялик сайёҳ қийинчиликларга дуч келмоқда.

Россия ТВлари Украинага босқинни ҳануз «ҳарбий амалиёт» деб атамоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:06 0:00

Россиялик туристларнинг катта қисми – 19 минг нафари Лотин Америкаси мамлакатларида. “Учоқлар ёпиқ ҳаво ҳудудларини четлаб учишига тўғри келяпти, шу боис масофа узайиб, рейслар кечикяпти”, деди Догузова.

Уфалик тадбиркор Сергей қариндошлари билан бирга Доминиканда юрибди. Февраль ойи ўрталарида келишган, 1 апрелгача дам олишмоқчи эди. Аммо уруш бу режанинг белига тепди.

“Чипта олиб қўйганмиз, таътилимиз тугашига ҳали бор, сафари қариганлар қайтаверишсин, улар орасига суқилишни хоҳламайман. Лекин кўнгил тинч эмас-да. Вазият мутлақо тушунарсиз. Агар эртага учиб кетасизлар, бошқа рейс бўлмайди, дейишса, начора, кетишга тўғри келади, – ҳикоя қилади Сергей. – Ҳозир қайтадиган рейсларни кузатяпмиз. Мени ҳайратга солгани – ҳеч қандай маълумот йўқ: на ТИВдан, на “Аэрофлот”дан. “Хавотир олманглар, бир илож қилиб сизларни олиб кетамиз”, деб юпатишса ҳам майли эди. Ҳукуматнинг ўз фуқароларига бундай нописандлиги менга ёқмаяпти. Ахир биз фуқаролармиз, солиқ тўлаймиз-ку? Қадримиз шуми? Аёлларимиз мавҳумликдан жазавага туша бошлашди, шу ерда қолиб кетамиз, деб қўрқишяпти”.

У Россия ТИВ билан боғланишга бир неча марта уриниб кўрди, аммо сайтда кўрсатилган рақам жавоб бермади.

“ТИВ сайти орқали қўнғироқ қилмоқчи бўлдим – яна гўшакни кўтаришмади. Доминиканда Россия ваколатхонаси йўқ, энг яқин ваколатхона – Венесуэлада. Аммо у ерга элтиб қўйишни ҳеч ким бўйнига олмаяпти”, давом этади Сергей.

1 март куни “Росавиация”, гуманитар рейслар масаласи ҳал бўлгунча туристларга уйга қайтиш учун муқобил йўналишларни ўзлари қидириб топишни маслаҳат берди. Ҳозирда рейслар бошланган, улар “Аэрофлот” учоқларида бажарилмоқда, ширкат 5 март куни барча хорижий рейсларини бекор қилган S7 учоқларидан қолиб кетган туристларни ҳам ташияпти. “Интурист”, “Библио Глобус”, TEZ Tour ва бошқа кўплаб туроператорлар S7 билан ҳамкорлик қиларди.

“Аэрофлот” ҳозирда Ларнака, Будапешт, София, Ҳавана ва бошқа жойлардан туристларни махсус рейсларда ташимоқда.

Сергей 2020 йил баҳорда – пандемия туфайли чегаралар ёпилиб, минглаб россияликлар чет элда қолиб кетганида ҳам шунақа аҳволга тушганди. Ўшанда ҳукумат барибир учоқлар жўнатган эдию, аммо унгача одамларни анча асабийлашишган, пулсиз қолиб кетишганди.

Сергей ўша пайтда Филиппинда эди. У дўстлари билан бирга, Вьетнамгача билет олди, у ердан эса AZUR Air ширкатига қарашли рейсда тўғри Уфага учиб борди.

Бу сафар ҳам шунақа йўлларни топишга тўғри келади, шекилли.

“Менга қариндошларимдан бошқа ҳеч ким ғамхўрлик қилмаслигига аллақачон кўникканман. Ҳукумат бизга тупуриб қўйган. Айланма йўналишларни қидириб кўринглар эмиш. Бу қанақаси? Мен излаб кўрдим – йўқ. Ҳозир Доминикандан Кубага қандай етиб олиш мумкинлигини ўрганаяпман. Кубадан Истанбулга тўғридан-тўғри рейс бор. Туркиядан Грузияга, у ердан тоғма-тоғ ошиб, Россияга етиб олса бўлади. Кўрамиз, қани”, дейди Сергей.

Айтишича, Доминиканда унинг уяли алоқа оператори яхши ишламайди. Сергей тезроқ уйга қайтмоқчи: Уфада велосипед ва мотоцикллар сотиладиган дўкони бор. Рубл қулагани муносабати билан янги бизнес моделини ўйлаб топиши керак.

“Ҳеч нима ишламайди”

“Ростуризм” чет элдаги россияликларга тезкор маълумотларни “Зарубежний помошчник” иловаси ва давлат хизматлари сайтидан олишни таклиф қилмоқда. Бироқ туристлар бунинг имкони йўқлигини айтишмоқда.

“Биз Бирлашган Араб амирликларидамиз. Кеча “Уральские авиалинии” ширкати учоғи учмади. Давлат хизматлари сайти ва “Зарубежний помошчник” ишламаяпти. Консуллик эса на қўнғироқларга жавоб беради, на электрон хатларга. Бу ердан қандай кетамиз?” деб ёзишмоқда “Ростуризм” раҳбарининг телеграм-каналида.

“Туркиядамиз, эр-хотин уч боламиз билан. S7 халқаро рейсларини бекор қилди. Бу ердан қандай кетиш билмаймиз, бошимиз қотган. Турагент ва оператор вакиллари жавоб беришмаяпти”, деб ёзган яна биров.

Одамларнинг пуллари тугаяпти. Банк карталари ўчирилмоқда.

“Биз Доминикандан тўғри Москвага учмоқчи эдик, лекин ўхшамади, чунки Европа осмони ёпиқ. Билетимиз қайтариб олинмайдиган билет. Анча-мунча пул йўқотдик. Айланма йўлларни қидириб ўтирманг, жуда ҳам қиммат. Нархлар кўтарилиб кетди. Киши бошига 200-250 минг ортиқча харажат қиласиз. Ундан кўра шу ерда қолинглар”, деб ёзган ўз блогида саёҳатчи Алексей Кутовой.

Украинага қарши уруш бошланганидан сўнг Алексей ҳозирча Россияга қайтмасликка қарор қилди.

“Умумий сафарбарлик бўлиши хавфи бор. Мен эса урушга боришни хоҳламайман. Иқтисодиёт чўкяпти, келажакда бизни нималар кутаётганини билмаймиз. Боз устига, қайтиш рейслари ҳақида тайинли маълумот беришмаяпти”, деди Кутовой “Север.Реалии” билан суҳбатда.

Айтишича, у ва яқинлари ҳозирча бирон қийинчиликка дуч келишгани йўқ, банк карталари ишлаяпти, лекин муаммолар эрта-индин бўй кўрсатади барибир.

“Россияда берилган Visa ва Mastercard карталарини ўчиришяпти. Пулларимни ечиб олишга улгуришим керак. Доллар курси осмонга чиқиб кетди, мен эса бор пулимни рублда сақлаётгандим. Бу ерда, хоҳлаймизми, йўқми, долларга тобемиз. Санкциялар менинг даромадимга таъсир қила бошлади. Мен асосан блогинг орқали пул ишлайман: “Яндекс Дзен” ва YouTube’да блогларим бор. YouTube бутун рус тилли интернет учун рекламани бекор қилди. “Дзен”да даромад бору лекин тавсиялар лентасини ўчиришди, энди материалларни фақат обуначиларга таклиф қиляпти. Табиийки, энди блогдан пул келиши камаяди”, дейди саёҳатчи.

“Хорижда бизнинг сервислардан ҳеч бири ишламайди. Молдовада россиялик 120 нафар турист бор. Ҳеч биримизга аниқ бир маълумот айтишмаяпти. Кутинглар дейишади нуқул”, дея шикоят қилади Кристина Логвиченко. У Россиянинг Ямал-Ненец мухтор округидан. 3 март куни Кристина Молдовадан учиб кета олмади.

У Тирасполга бир ҳафтага, онасининг туғилган куни баҳонасида дам олиш учун келган экан. Россияда икки фарзанди.

“23 февралда эр-хотин келувдик, 3 март куни учиб кетишимиз керак эди. Молдова осмонини ёпди, россиялик туристлар учиб кета олишмайди энди”, давом этади Кристина.

Айтишича, ер усти транспортида жўнаш имконияти ҳам йўқ. Автобуслар ЕИ орқали юради, лекин бунинг учун Молдова фуқароси бўлиш керак. Россия паспорти билан автобусга чиқаришмайди. Кристина энди лоақал Туркияга етиб олиш учун транзит виза очдирмоқчи.

“Қариндошларникида яшаб турибмиз. “Газпромбанк” карталари ишламаяпти, шахсий кабинетга кириб бўлмайди. Руҳимиз тушган. Болалардан алағдаман”, дейди Кристина маъюс бўлиб.

5 мартда “Росавиация” “хорижий мамлакатларнинг РФ фуқаро авиациясига нисбатан душманона қарорлари туфайли Россия авиакорхоналари ва йўловчилар сиёсий кураш қурбонига айлангани”ни маълум қилди. 8 март соат 00.00 дан чет мамлакатлар ҳудудидаги пунктлардан йўловчилар ва юкларни Россия ҳудудидаги пунктларга ташиб келтириш вақтинча тўхтатилди.

“Шу муносабат билан Россия фуқароларига уйга қайтиш учун муқобил йўналишларни қидириш, чет эл авиаширкатларининг тижорат рейсларида Россия билан авиақатновларни тўхтатмаган учинчи мамлакатлар, масалан, Озарбайжон, Арманистон, Қатар, БАА, Туркия ёки Сербияга етиб олиш тавсия этилади. У ердан Россия ёки хориж авиаширкатлари рейсларида уйга қайтишингиз мумкин”, дейилади “Росавиация” хабарномасида.

Шундан сўнг “Аэрофлот” “қайтиш рейсларида фойдаланиш имконияти бўлмаслиги хавфини камайтириш мақсадида” 8 мартдан эътиборан Беларус йўналишидан ташқари барча халқаро рейсларини вақтинча тўхтатганини эълон қилди.

“Бизга 8 мартдан ҳар қандай рейслар тўхтатилганини айтишяпти. Энди нима қиламиз?” – дейди москвалик Рената. 6 март куни у Туркиядан Москвага учиб кетиши керак эди.

Ренатага кўра, туроператор ҳеч қандай маълумот бермаяпти, Ташқи ишлар вазирлигига, “Росавиация”га мурожаатлар жавобсиз қолмоқда, ТИВнинг алоқа рақамлари, Давлат хизматлари сайти ишламаяпти.

“Ҳамкорлик ҳеч кимга керак бўлмай қолади”

Поляк Томаш Оманьски бир неча кундан бери Португалиядан Калининградга қайта олмаяпти – Калининградда у Польша маданият марказига раҳбарлик қилади.

“Мен Азор оролларидаман. Москва-Лиссабон йўналишида боришқайтишга чиптам бор эди. Мен бу ерга “махсус амалиёт” бошланишидан икки кун олдин келгандим, вазият мени ғафлатда қолдирди. Энди қандайдир айланма йўллар билан Калининградга етиб олишим керак”, дейди Томаш.

Калининградда Поляк маданият маркази ўн йилдан бери ишлайди, икки йил аввал Москвада унинг филиали очилган эди. Томаш сўнгги йилларда икки мамлакатда яшаган.

“Биз Польша олий ўқув юртларида ўқишни хоҳловчиларга кўмаклашамиз. Пандемиядан олдин россиялик ёшларни Польшадаги ёзги оромгоҳларга жўнатардик, у ердан ёшларни олиб келардик. Поляк тилида ўқув қўлланмалари чоп этардик. Икки йил бурун Москвада филиал очдик. Лекин энди бунақа ҳамкорликнинг ҳеч кимга кераги бўлмай қолади. Калининграддаги марказимиз шунчаки тил ўргатиш курси бўлиб қоладими деб қўрқаман. Вазият лоақал бир оз яхшилансин, деб дуо қиляпман”, дейди у.

У Россияга 6 мартда қайтишни режалаганди, энди эса бир неча кун кейин учоқда Ригага етиб олишига тўғри келади.

“Чегара очиқ бўлсин, ишқилиб. Ригадан Калининградга жўнашим лозим, лекин нимада кетаман? Қайдам, аввало Вильнюсга, у ердан Каунасга етиб олсам, у ёғига енгил машинада кетаман, чоғи”, дейди Томаш.

У Россия ва Ғарб ўртасида барча алоқалар узилганидан ажабланмаганини айтади:

“Шундай бўлиши маълум эди. Дунёдаги, Шарқий Европадаги вазият шунга қараб кетаётганди. Калининград Европадаги бир оролчадек гап, мен ҳаммасини кўриб, тушуниб тураман. Фаҳмимча, барча алоқаларимиз номаълум вақтга тўхтатилади. Бошқа илож йўқ. Лекин бу қанчага чўзилади? Аниғини ҳеч ким билмайди. Аммо вазият қанча тез юмшаса, шунча яхши. Ҳаммага”.

XS
SM
MD
LG