Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:02

Самарқанднинг қадимий кўчасидаги йўқ уйларнинг энг юқори қавати сотувга қўйилди


Самарқанддаги "йўқ" уй сурати
Самарқанддаги "йўқ" уй сурати

19 июнь куни Самарқанд вилоят судининг навбатдаги маҳкамаси шаҳарнинг Мироншоҳ¸ Пушкин ва Навоий кўчаларидаги уй эгалари ва Маданият вазирлигининг Max Real Stroy Invest қурилиш ширкатига қарши даъво аризасини кўриб чиқди. Даъвогарлар айни ширкатнинг ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган кўчада қонунга зид бино қуришда айблашди. Суд вакили Озодлик билан 20 июндаги суҳбатда маҳкама тугагунга қадар¸ айни кўчалардаги қурилишларни музлатиб қўйиш ҳақида ажрим чиқарилганини айтди.

Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Абдуллаевнинг Озодликка 19 июн куни маълум қилишича¸ Самарқанднинг "Европа" қисми дея ЮНЕСКО ЮНЕСКО тарафидан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Пушкин кўчасида қурилиш ишлари тўхтатилган. Самарқанд шаҳар ҳокимияти шаҳарнинг Европа архитектураси намуналари жойлашган қисмида кўп қаватли бинолар қуриш лойиҳасидан воз кечган.

Маҳаллий блогер Мурат Сарсеновнинг Озодликка 20 июнь куни маълум қилишича¸ суд ажрими ва ҳокимият қарорига зид тарзда Max Real Stroy Invest қурилиш ширкати Пушкин кўчасидаги ҳали қурилмаган уйларнинг еттинчи қаватини сотувга чиқарган:

-Барча қонуний чекловларни айланиб ўтиб улар ҳали қурилмаган ва қурилиши тақиқланган уйларни 18 июнь куни ҳам савдога чиқаришди. Улар сотмоқчи бўлган ва фақат котловани қазилган уй аслида йўқ. Бу кўчадаги тарихий бинони бузиб котлаван кавлаган Max Real Stroy Invest қурилиш ширкатига нисбатан Ўзбекистон Маданият вазирлиги даъвоси асосида иш очилган. Аммо ширкат эгаси Тошкентдаги акахонларига ишониб ЮНЕСКО рўйхатини ҳам писанд қилмаяпти¸ суд ажримини ҳам - деди у.

Мурат Сарсенов Озодликка Пушкин кўчасидаги уй сотувга қўйилгани ҳақидаги ҳужжатни ҳам тақдим қилди.

Max Real Stroy Invest қурилиш ширкатининг ўзини таништирмаган вакили Озодлик билан 20 июнь кунги суҳбатда Пушкин кўчасидаги иншоотда суднинг узил кесил қарор чиқмагунга қадар қурилиш ишлари тўхтатилганини айтди.

Аммо у ҳали йўқ уйларнинг нега сотилаëтганига изоҳ бермади.

Маҳаллий блогер Мурад Сарсенов эса ЮНЕСКО рўйхатига кирган Самарқанднинг Европа қисмида 20 июнь куни ҳам қурилиш ишлари давом этаëтганлигини айтди:

- Бугун мана ўз кўзим билан кўриб келдим. Пушкин кўчасида барча қурилиш ишлари тўхтатилган, деган гап - нотўғри. Суд ëки ҳокимият вакили келса ишни тўхтатишяпти¸ лекин улар кетгандан кейин яна иш бошланаяпти¸ - деди блогер.

Айни кўчада яшовчи Шаҳноза Шарипованинг Озодлика айтишича¸ Самарқанддаги маҳаллий ҳокимият Маданият вазирлиги комиссиясини айланиб ўтиб, қурилишга “добро” берга:

- Бизнинг ўзимиз уйимизни таъмирлашимиз учун 18 кишилик комиссиядан изн олишимиз керак. Лекин бу ширкат шаҳарнинг қадимий қисмида бемалол экскаватор билан ер қазяпти¸ бориб сўрасак, ҳокимият рухсат берди деди¸ - дейди Шаҳноза Шарипова.

Қонунга зид

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Маданий мерос бошқармаси мулозимининг Озодликка айтишича¸ Max Real Stroy Invest ширкати 1995 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияга зид тарзда бино қурмоқда.

"Бино қурилишидан олдин ширкат керакли ташкилотларга маданий сферага уйғун иморат қуриши ҳақидаги бизнес таклифни бериши керак эди. Бундай бизнес таклиф берилмаган. Пушкин кўчаси 19-уй бузилиши ҳақида керакли инстанцияларт тарафидан келишилмаган. Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш ҳудудида уй қуриб¸ сотмоқчи бўлган бу ширкат барча мавжуд қоидаларни бузди¸" дейди исми очиқланмаслигини истаган мулозим.

435-сонли қарор

ЮНЕСКО тарафидан 2001 йилда “Самарқанд маданиятлар чорраҳаси” деган ном остида қўриқланиши шарт бўлган обидалар бузилиб, ўрнига котлован қазилаëтган бир пайтда Вазирлар Маҳкамаси “ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 435-сонли қарорни қабул қилди.

Қарорда “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” объекти муҳофазаси кучайтирилиши зарурлиги таъкидланади.

2018 йилнинг 9 июнида қабул қилинган қарорга кўра¸ қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳаси ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан аввалдан келишилмаган бўлса¸ бундай қурилишлар Умумжаҳон мероси маркази томонидан маъқуллангунга қадар тўхтатилади.

XS
SM
MD
LG