Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:16

Мирзиёевнинг танбеҳидан кейин ўқувчи қизларнинг бокиралигини текшириш кучайди


Самарқанддаги 2-туғруқхона врачлари ўсмир қизларнинг ҳомиласини ноқонуний тушириш билан боғлиқ жиноят иши фигурантлари бўлган эди.
Самарқанддаги 2-туғруқхона врачлари ўсмир қизларнинг ҳомиласини ноқонуний тушириш билан боғлиқ жиноят иши фигурантлари бўлган эди.

Самарқанд вилоятидаги коллежлар ва ўрта мактабларнинг юқори синф ўқувчи қизлари гинеколог текширувидан ўтказилмоқда. Вилоят ҳокимлиги мулозимларидан бирининг исми айтилмаслик шарти билан Озодликка билдиришича¸ бу тадбир ўқувчи қизлар орасида “эрта жинсий ҳаëтни бошлаганларни” аниқлаш мақсадида ўтказилган. Озодлик билан суҳбатлашган коллеж ўқувчиси “текширувниннг мажбурийлигидан” шикоят қилди. Мамлакатнинг бошқа вилоятларида бундай текширув ўтказилаётгани тўғрисида Озодликда маълумот йўқ.

"Қизлигини йўқотганлар ҳаëтига қасд қилмасин"

Тадбир давомида “бокиралигини йўқотган ва хомиладор қизлар аниқланиб, уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказилди"¸ деди Самарқанд вилоят ҳокимлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда.

Мулозимнинг айтишича¸ текширув “бокиралигини йўқотган ëки иккиқат бўлиб қолган қизларнинг иснодга чидамай ўз жонига қасд қилишига барҳам бериш” мақсадида ўтказилмоқда. Суҳбатдошга кўра¸ текширув асносида ““эрта жинсий ҳаëт” бошлагани аниқланган ўсмир қизларнинг ота-оналари билан овоза қилмасдан ўқитувчи¸ шифокор ва руҳшунослар суҳбатлашмоқда:

“Мақсадимиз “эрта жинсий ҳаëт” бошлаган қизларга¸ бу қийин паллада кўмак беришдир. Зинҳор уларни изза қилиш¸ бармоқ билан кўрсатиш ниятимиз йўқ. Бу қизлар руҳий депрессияга тушиб ўз жонига қасд қилмаслигини олдини олиш учун амалга оширилаëтган тадбир бу"¸ дейди мулозим.

Унга кўра¸ Ўзбекистон президенти Мирзиëевнинг Самарқандда ўз жонига қасд қилган аëллар сони ошгани юзасидан билдирган ҳавотиридан кейин ўсмир қизларни текшириш тадбирлари фаоллашган.

Президент Мирзиёев 9 ноябрь куни Самарқанд вилоят Халқ депутатлари кенгашида қилган чиқишида¸ вилоятдаги долзарб муаммолар қаторида аëллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш даражасининг юқорилигича қолаëтганини тилга олиб “бу кўрсаткич 145 тани ташкил этади” деган эди.

Гинекологга қараб, шагом марш!

Самарқанд шаҳрининг Сўлим мавзеидаги коллеж ўқитувчиларидан бири исми айтилмаслик шарти билан ўқувчи қизлар гинеколог текширувидан ўтказилиш манзарасини тасвирлаб берди:

- Эрта туғруққа қарши бу тадбир вилоят Соғлиқни сақлаш ва Халқ таълими бошқармаси тасдиқлаган қатъий график асосида амалга оширилди. Ҳар бир коллежга кун белгиланган. Ўша куни коллеждаги барча қизлар гинеколог текширувига боради.Олдин умумий шаклда кушеткада текширишади. Савол пайдо бўлган қизлар "вертолет"га (гинекология креслоси - таҳр.) ëтқизилиб текширилади. Креслога чиққан қизлар узи (ультра овозли тиббий ускуна - таҳр) воситасида ҳам текширилади. Қизлар боришни истамаса ҳам ихтиëрий-мажбурий тарзда олиб борилади. Чунки ўша куни докторлар кутиб ўтиради¸ деди ўқитувчи.

"Таъна қилмаймиз фақат тиббий маслаҳат берамиз"

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси репродуктив саломатлик марказида ишлайдиган врач Озодлик билан суҳбатда текширув давомида қизларга фойдали маслаҳатлар берилаëтганини айтиб берди:

-Ўсмир қизлар ҳомиладорлик давридаёқ турли патологиялар, жумладан, камқонлик, кучли токсикоз, йўлдош етишмовчилиги, суяклар тизимида салбий ўзгаришларга йўлиқади. Буни тушунтирамиз. 18 ёшгача туққан аёлларнинг чақалоқлари орасида учрайдиган ўлим ҳолатлари 20 ёшдан ошган аёлларнинг фарзандларига нисбатан кўпроқ кузатилади. Буни ҳам айтамиз. Такрорлайман, бизнинг вазифамиз қизларни изза қилиш эмас¸ балки уларга тиббий маслаҳат беришдир. Афсуски, халқ орасида гинеколог врачга ëмон қизлар боради, деган салбий фикр шаклланган, - деди шифокор.

"Уятли процедура"

Самарқанддаги коллеж ўқувчиси Наргиза (исм ўзгартирилган) ўтган пайшанба куни (16 ноябрь) гинеколог қабулига жамоа бўлиб борганлигини айтиб берди:

- Жуда уялдим. Маънавият бўйича устоз кириб, барча қизларни етаклаб олиб чиққанида орқамиздан ўғил боллар кулиб, гап отиб қолишди. Коллеждан бир қизнинг ҳомиладор бўлиб қолгани ўша кунги текширувда маълум бўлди. Жума куни мактабдаги ҳамма ўғил болалар бундан ҳабар топиб улгурибди. Устозларимиз ҳам кесатиб-кесатиб шаъма қиляпти. Менга қолса бормасдим ўша гинеколог қабулига,- деди коллеж ўқувчиси.

Ота-она учун мужда

Самарқанд ҳокимлиги мулозимининг таъкидича¸ бутун вилоят бўйлаб текширувларда ўндан ортиқ ҳомиладор ўсмир қизлар аниқланган аммо уларнинг муаммоси ҳақида фақат ота-онасига ҳабар берилган:

- Баъзи қизлар турмушсиз енгил ҳаётга берилиб, ҳомиладор бўлиб қолишган. Қизлар 15-17 ёшдаги ҳомиладорликка онгли равишда тайёр эмас. Жамоатчилик иззаси ортидан кризислар ҳам пайдо бўлади. Бу кризиснинг олдини олиш учун ҳам фақат ота -онасига хабар беринг, деб тайинлаганмиз. Энди баъзан ота-оналар бақир -чақир қилиб дардини достон қилади. Оқибатда қизи ëмонотлиқ бўлади¸ дейди мулозим.

Унинг фикрича¸”никоҳсиз ҳомиладор бўлиб қолган қизлар ҳақида биринчи галда онасига бор ҳақиқат айтилиши керак.”

- Шароитдан келиб чиқиб ўсмир қизни текширган гуруҳ раҳбари ота-онаси ëки вазиятни тўғри баҳолай оладиган опаси, яқин қариндошига тушунтириши керак. Биринчи талабимиз ўзбошимчалик билан аборт қилдиришга йўл қўймасликдир,- дейди мулозим,- акс ҳолда қиз ўз жонига қасд қилиши, уйдан бош олиб кетиши каби хунук оқибат касб қилиши мумкин.

Айни мавзу борасида Америка Овози радиосига суҳбат берган шифокор Ўктам Муҳаммад Мурод изза қилинган қизларнинг “Ўз фарзанди қотилига айланиш эҳтимоли катталигидан “ ҳавотир билдирди.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра¸ Тошкентдаги Сингапур институти талабаси ўз фарзандини ҳожатхонага ташлаб кетгани шифокор ҳавотирида асос борлигини кўрсатади.

Озодлик сайтида эълон қилинган мақолаларда Самарқанддаги ўсмирлар орасидаги ҳудкушлик ҳолатлари ўзлари истамасдан бўйида бўлиб қолган қизлар орасида юз берганлиги айтилган.

Жорий йил июнида Самарқанд вилоят, Тойлоқ туманида яшаган қиз номуси топталгани боис, ўз жонига қасд қилган эди.

2015 йилда Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туманидаги 93-мактабнинг 7- синф ўқувчиси мактаб директори уни синфдошлари орасида изза қилгани ортидан ўзини ўлдирган эди.

XS
SM
MD
LG