San Jay тахаллуси билан танилган хонанда, Чеченистон халқ артисти 40 яшар Санжар Жовбердиевни Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Интернетдаги ўз расмий саҳифаси орқали қилган видеочиқишида “Менинг этагимга ëпишиб олган аҳмоқ”, деб атади.
Санжар Жовбердиев 28 ноябрь куни Озодлик мухбири билан суҳбатда Юлдуз Усмонова уни ҳақорат қилганидан хафа бўлганини билдирди.
Бундан олдин Санжар Жовбердиев маҳаллий журналистга берган суҳбатида "Юлдуз Усмоновага унинг “Қиролича” қўшиғи ғоясини мен берганман", деган эди. Юлдуз Усмонованинг “дарғазаб видеочиқиши”га Жовбердиевнинг шу иддаоси сабаб бўлди.
Усмонова “Қиролича” қўшиғига “соқолли боланинг дахли” йўқлигини таъкидлаб, Санжар Жовбердиевни нафақат "аҳмоқ", балки “туғмас хотин” ҳам деб атади.
“Ғоя ҳам, сўзлари ҳам сеники эмас. 30 йилдан бери ҳар бир қўшиғимга ўзим нуқта қўйиб келяпман”, – деди Юлдуз Усмонова.
Шунингдек, Юлдуз Усмонова San Jayнинг соқолини ҳам танқид қилди.
“Бу соқолли болани танимадим. Лекин соқолни сал йиғиштириб ўзини ўнглаб олса яхши бўлар эди. “Ўзбекнаво” ("Ўзбекконцерт" демоқчи - таҳр.) қаерга қараяпти, билмадим. Санъаткорлар соқол қўйиши нотўғри. Сен санъаткор бўлсанг, жуда ҳам идеяга бой бўлсанг, сен нега унақа қилиб юрибсан? Иккинчидан, гапингни ўйлаб гапир”, – деган Юлдуз Усмонова.
Санжар Жовбердиев 28 ноябрь куни Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда Юлдуз Усмонова уни ҳақорат қилганидан ҳафа бўлганини билдирди. Шунингдек, Жовбердиев халқ артисти Усмонова ижросидаги “Қиролича” қўшиғи идеясининг эгаси эканлигини Озодлик билан суҳбатда яна бир бора таъкидлади.
Қўшиқчи 2016 йили Россиядан қайтиб келганидан кейин илк бор Ўзбекистон шоу-бизнес оламида ўз ижодини 2018 йили намоëн қилган.
Санжар Жовбердиев шоир Усмон Азим шеърига басталанган “Карвон” рок балладасини жамоатчиликка тақдим қилганидан кейин қўшиқ атрофида турли гап-сўзлар пайдо бўлганини айтади.
Бу қўшиқ чиққанида “медиа-доялик” қилган журналист Нозим Сафаровнинг Озодликка айтишича. аввалига халқ ҳофизи Шерали Жўраевлар оиласи аъзолари “қўшиқ бизники", деб чиқишган. Лекин Сафаровнинг фикрича:
- Бу қўшиққа Шерали Жўраев эгалик қила олмайди. Чунки оҳанг бошқача. Санжей шоир Усмон Азим сўзларига қўшиқ басталади. Бу ўринда фақат Усмон Азим ҳақ талашиши мумкин.
Нозим Сафаров, шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг Чеченистон халқ артистига “ташланганига“ ҳам муносабат билдирди:
- Бу қарилик маразмидан бошқа нарса эмас. Усмонова ўз тоқатсизлигини намоëн қилди.
Мунозарага сабаб бўлган “Карвон” қўшиғи ҳақидаги гапларга қайтаркан, Сафаров қўшиқни “ўзбек шоу-бизнесининг диққинафас ҳавосини янгилаган тоза эпкин” деб атади:
- Шахсан менинг фикрим бундай: ремейк кавер фақат ва фақат таҳсинга лойиқ. Бу мукаммал ижро. Жўраевларга эса, фақатгина ақлий салоҳият ва маданий-ижтимоий юксалиш тилаб қоламан. Мухлислардан эса, "тузуккина " дид ва тоқат истайман. Санджейжонга эса - "газни бос брат, бу бўлмағурларга эътибор қилма, соқолингдан ўргилай, имижингдан айланай" деб қоламан.
Лицензияга ҳалақит берган соқол
San Jay-Санжар Жовбердиевнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси лицензия олиши учун ундан соқолини буткул қирдириб олишни талаб қилган.
Унинг сўзларига кўра, у ўз қўшиқларини телевидение орқали эмас, фақат радио орқали трансляция қилиш учун лицензия олмоқчи бўлган, бироқ шунда ҳам рад жавоби берилган. “Мен “Ўзбекконцерт” учун ўз имижим ва дунёқарашимни ўзгартирмаслигимни айтдим"¸ деди суҳбатдош.
Қўшиқчи “соқол билан қўшиқ айтишга изн беришни” сўраб жорий ҳафтада Ўзбекистон президентига мурожат қилган эди.
Унинг Озодликка айтишича¸ Россиядан қариндошлари илтимосига кўра қайтган.
Рамзанни улуғлаш санъати
Ўзбекистонда у қадар танилмаган, ҳатто ижодини кўпчилик мусиқа ихлосмандлари яқингача билмаган San Jay 2009 йилда Чеченистонда қўшиқ куйлаб ижодини бошлаган эди.
Унинг ўша йиллардаги репертуари тепасида Чеченистон президенти Рамзан Қодировни мадҳ этиб куйлаган қўшиғи турарди.
Қўшиқда отасининг йўлини давом эттираëтган, Чеченистонни гуллатиб яшнатаëтган президент Рамзан Қодиров ҳақида куйланади.
“Рамзан сен Чеченистон юрагисан, Одамлар ишончисан, Рамзан арслон каби довюраксан, Имом каби адолатлисан, Сени Оллоҳ асрасин” каби сўзлар бор ўша қўшиқда.
Нимага айнан Рамзан Қодировни бу қадар мадҳ этганини San Jayнинг ўзи Озодлик билан 2010 йилги суҳбатда шундай изоҳлаган эди:
- Чунки ман ўз кўзим билан кўрдим унинг улуғлигини. Президент ёш, 33 ёшда.(2010 йилда-таҳр) Концертда ман айтганда бутун зал турган¸қарсаклар чалиб, хаммага ёққан¸ - деган эди Жовбердиев.
Рамзан Қодировни мақтаган қўшиғидан ташқари, унинг отаси¸ Чеченистоннинг ўлдирилган президенти Ахмадҳожи Қодировга аталган қўшиғи, шунингдек, Чеченистонга бағишланган “Ноҳчи Чьо” қўшиғи ҳам бор (Ноҳчи чечен демакдир -таҳр.)
- Бу қўшиқ худди гимндек чеченлар учун. Манга жуда ёққан бу қўшиқ. Бу қўшиқни кўплар айтишган - Басков, Меладзе, мен ҳам айтдим. Лекин одамларни, чеченларни айтиши бўйича акцентсиз чиройлироқ қилиб ман айдим. Чунки бу қўшиқларни яхши билиш учун бу ерда яшаш керак.
Мазкур қўшиқни эшитиб, унинг ҳофизи ўзбек экани хаëлингизга ҳам келмайди. Хўш¸ Рамзан Қодиров ва рамзанпараст чеченларни ўзига ром қилаëтган ўзбек ҳаваскор ҳофизи Чеченистонга бундан 9 йил олдин қандай бориб қолди? Бу саволга қўшиқчи 2010 йили Озодлик билан суҳбатда тўхталган эди.
-Телевидениедан янгиликларни кўраëтган эдим. Ўшанда Чеченистонда мачит очилибди, Европада иккинчи ўринда туради катталиги бўйича¸ жуда чиройли.Энди телевизорда хамма нарса чиройли кўринадику. Кейин Интернетда ўтириб расмларини кўрдим. Менга жуда ёқди. Хаёлан ўша ерга борсам деган фикр ўтди. Бундан олдин унақа хаёллар бўлмаган. Қачонлардир Чечняда яшашимни, ижод қилишимни хеч қачон ўйламагандим шу кунгача. Ухладим, тушимда Чечняга келибман уже. Мачитга кирибман, мачитни ёнида катта дала бор экан, шу ерда концерт берибман¸тушимда энди. Эрталаб саҳарда ойимга айтдим, мана шунақа туш кўрдим, нима қилай деб. Ойим айтдилар Чеченистонга бор, мачитни кўр, яхши битта қўшиқ ёз, совға қилиб кел¸ дедилар, - деган эди Озодлик билан суҳбатда қўшиқчи.
2010 йилги суҳбат сўнггида Санжар Жовбердиев Рамзан Қодировни мақтаб бир икки сўм пул ишлаб¸сўнгра бу пул эвазига Каримовни мақтайдиган катта қўшиқ яратиш ниятини айтган эди:
- Ўзимнинг юртимга қайтиб келаман. Ўзбекистонимиздек гўзал, чиройли юрт йўқ мен учун. Зўр қўшиқ ёздим, ўзимга жуда ёқади. Юртбоши деган мана шу Ислом Абдуғаниевич Каримовга бағишланади. Жуда зўр қўшиқ.Чунки мана бизнинг президентимиз 20 йилдан бери президент. Ҳамма президентлар ҳам бундай ўз жойида туролмайди. Бизнинг президент жуда кучли, келажаги порлоқ президент. И Ўзбекистонга келганимдан сўнг шу қўшиқларни Каримовга совға қилмоқчиман¸ - деган эди Озодликка 2010 йили берган суҳбатида Жовбердиев.
2018 йилнинг 28 ноябрида Озодлик мухбири билан суҳбатда қўшиқчи янги президент Шавкат Мирзиëевнинг "четдаги ўзбеклар келсин деган чорловига жавобан келганлигини" таъкидлади.