“Ангрен шакар” заводи ишчилари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевга видеомурожаат билан чиқди.
Мурожаатда завод чиқарган шакарнинг сотилмай омборларда қолаëтганидан ташвиш билдирилади.
“Ангрен шакар” заводининг Озодлик суҳбатлашган мулозими «четдан олиб келинган катта миқдордаги арзон ва сифатсиз шакар бозорни тўлдиргани ортидан ўз заводидаги шакарга талаб тушиб кетгани"ни айтди.
Мулозимга кўра¸ “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” корхоналарининг ёпилиши оқибатида 2200 киши ишсиз қолиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси маслаҳатчиси¸ Ахборот хизмати раҳбари Манзура Ҳасанова Озодлик билан суҳбатда бу масалада шакар ишлаб чиқарувчилар ташвиши ўринсизлигини билдирди.
“Ангрен шакар” заводининг исми айтилмасдан овози эфирга кетишига рози бўлган мулозимининг Озодликка айтишича¸ «муаммо 3 апрель куни президент фармони билан четдан келадиган шакарни божхона божи ва акциз солиғисиз киришига» изн берилгани ортидан келиб чиққан.
Бозор посангисини ўйнатган фармон
2020 йилнинг 3 апрель куни президент “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5986-сонли фармон имзолади.
Фармон билан 2020 йил охирига қадар Ўзбекистонга божхона божи ва акциз солиғисиз олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига тайёр шакар ҳам киритилган.
Бу қарор қабул қилиниш ортидан жуда кўп миқдордаги импорт шакар ўзбек бозорига кириб келган. “Ангрен шакар” заводи мулозимига кўра¸ бу ўз навбатида¸ бозор посангисини бузиб юборган.
«Бир кунда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги чегарасидан жуда катта миқдордаги сифатсиз шакар олиб кирилди. Бу шакарни Европа бозори олмайди¸ чунки глюкоза¸ сахароза ва намлик даражалари бўйича стандартга жавоб бермайди. “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” 2017 йилдан бошлаб Европа стандартлари бўйича сифатли шакар ишлаб чиқаради. Аммо юзага келган ҳолатда харидорлар маҳаллий сифатли шакарни эмас¸ балки савдогарлар олиб келган арзон шакарни сотиб олмоқда. Рақобат муҳити бузилди. Биз Лотин Америкасидан шакар хом ашëси сотиб оламиз. 3 апрель кунги фармон Ўзбекистонга шакар олиб келадиганлар манфаатини кўзлаб қабул қилинган».
Шакар заводи мулозимининг айтишича¸ шу кунда “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” заводларида иш тўхтамаган ва ишчиларга ойлик бериш учун банкдан кредит олинган.
«Ишлаб чиқариш тўхтамади. Лекин сотилмаган шакар омборларга сиғмагани боис¸ кўчага олиб чиқиб тахлаяпмиз. Ойликни кредит олиб бериб турибмиз. Лекин чора кўрилмаса¸ завод тўхтайди».
Озодлик билан суҳбат давомида бу мулозим¸ "Ўзбекистондаги мавжуд иккита шакар заводи шакарга бўлган эҳтиёжни бемалол таъминлаб бера олади ва четдан шакар келтирадиган тужжорларга имтиëз беришнинг кераги йўқ"¸ деган иддаони ҳам тилга олди.
Ҳар йили баҳор-ëз ойлари - Ўзбекистонда тўй ва мураббо мавсуми бошланиши билан шакарнинг тақчиллашиб¸ нархи кўтарилиши кузатилади.
Ўтмай қолган шакар тоғлари
“Ангрен шакар” заводи ишчилари Озодликка йўллаган видеотасвирларда завод ҳовлисига тахлаб қўйилган шакар қопларидан ташкил топган тоғ кўринади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевга қилинган видеомурожаатда завод ишчилари «амалдорлар президентимизни алдаш орқали ўзларининг чўнтакларини ўйламоқда» дейилади.
«Бундан мақсад эса Ўзбекистонга шакар олиб келадиган машҳур бизнесменнинг тегирмонига сув қўйишдир. Бу ўйинга жуда кўпчилик амалдорлар бош қўшган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шарипов Нажмиддинходжа Шухратович неча йиллардан буён ўзимиздаги шакар заводларига қарши тиш қайраб келмоқда» ¸ дейилади жумладан мурожаатда.
Қўмита муносабати
Бу иддаолар ортидан Озодлик Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси маслаҳатчиси Манзура Ҳасанова билан суҳбатлашди. Мулозима шакар ишлаб чиқарувчилар ташвиши асоссиз эканлигини таъкидлади.
- Шакар ишлаб чиқарувчиларнинг ташвишига асос йўқ. Ҳозирги кунда шакар бозори иштирокчилар учун тенг шароит яратилган. Жорий йилнинг апрель ойига қадар ишлаб чиқарувчиларда импорт қилувчиларга нисбатан кўпроқ имтиёз бўлган, Яъни ишлаб чиқарувчилар шакар хом ашëсини импорт қилишда бож ва акциз тўламайди, импорт қилувчилар эса 20 фоизлик акциз тўлови тўлар эдилар (МДХ давлатлар божларни тўлашдан озод этилганлар). “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” корхоналари шакарни чуқур қайта ишлаш асосида ишлаб чиқарувчилари ҳисобланмайди. Уларнинг импортдан келтириладиган хом ашёси – бу деярли тайёр шакар ҳисобланади. Халқаро биржаларда хом ашёнинг нархи тайёр шакардан таъминан 7-10 фоиз арзонроқ. Шунга кўра, бизнинг ишлаб чиқарувларда импорт шакар хом ашёсининг нархи тайёр шакарнинг таннархида 95 фоизни ташкил этади¸ дея таъкидлаган Хасанова президент фармони ва қарорларига ҳам тўхталди:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.04.2020 йилдаги ПҚ-5978-сонли қарори билан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида тайёр шакар олиб киришда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари вақтинча белгиланди. Яъни, ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларга тенг бўлган шароит яратилди. Импорт қилувчиларда ишлаб чиқарувчиларга нисбатан ҳеч қандай имтиёзлар мавжуд эмас. Ҳозирги кунда “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” корхоналари фаолият юритаётган бўлиб, апрель ойида биржага қўйилган 74 640 тонна ҳажмнинг 41,2 фоизи, май ойида 15 санасигача биржага қўйилган 40 450 тонна шакарнинг 53 фоизи сотилган.
Қўмита раиси Вазирлар Маҳкамасида шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар ёпилиши хақида айтган¸ деган гаплар мутлақо асоссиз¸ деди қўмита раиси маслаҳатчиси Манзура Ҳасанова.
Шакар заводларини давлат қўллаб келган
2017 йил сентябрида Мирзиëев ҳукумати ўзбек сўмини девальвация қилиши ортидан Ўзбекистондаги шакар ишлаб чиқарувчи иккала завод - «Хоразм-шакар» ва «Ангрен-шакар» йил охирига бориб ишдан тўхтаган эди.
Бунинг ортидан шакар саноатини сақлаб қолиш мақсадида 2018 йилнинг декабрида президент фармони билан импорт шакарга 20 фоизлик қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) жорий қилинган эди.
Президентнинг «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 16 январдаги 5303-сонли Фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” 5596-сонли янги фармони асосида шакар ишлаб чиқарувчилар импорт қилаëтган хом ашëни қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинган эди.
Расмий ҳисоб-китобга кўра¸ Ўзбекистонда бир йилда жон бошига ўртача 15-16 килограмм шакар истеъмол қилинади.