Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:27

Андижон ҳокими вирус юққан 90 кишининг 78и тиббиётчи эканини билдирди. ССВ бу баëнотни тасдиқламади (ВИДЕО)


Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов сўконғичлиги билан танилган ҳокимлардан биридир.
Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов сўконғичлиги билан танилган ҳокимлардан биридир.

12 апрелда вилоят аҳолисига мурожаатида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият ҳақида гапирган Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Андижонда коронавирус юқтирганларнинг 90 нафарга етгани ва улардан 78 нафари тиббиёт ходими эканини айтди.

13 апрель куни бу хабар тафсилотларига ойдинлик киритишга уринган кун.уз нашри¸ 78 тиббиëтчидан 56 нафарининг шифокор эканини ëзди.

Коронавирусга чалинганлар сақланаëтган Андижондаги юқумли касалликлар шифохонасининг шахси сир қолишини сўраган ходими Озодликка бу рақамларни “нотўғри” деб атади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Озодлик гаплашган мутасаддиларидан бири¸ Андижонда 78 нафар тиббиëт ходимининг коронавирусга чалингани ҳақида маълумоти йўқлигини айтди ва бу рақамларга изоҳни уларни эълон қилган ҳоким Абдураҳмоновнинг ўзидан олишни тавсия қилди.

14 апрель куни Андижон вилояти ҳокимлиги билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Шуҳрат Абдураҳмоновнинг фавқулодда баëноти

12 апрель куни маҳаллий каналлар орқали андижонликларга қилган мурожаатида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов¸ коронавирусга оид сўнгги статистикага тўхталиб:

90 нафар коронавирус инфекцияси аниқланган касалларимизнинг 78 таси соғлиқни сақлаш ходимлари

- Энг алам қиладигани¸ 90 нафар коронавирус инфекцияси аниқланган касалларимизнинг 78 таси соғлиқни сақлаш ходимлари. Қолган 12 тасиям мана шулар билан алоқада бўлганлар бўляпти¸ деди жумладан.

Бу баëноти билан Шуҳрат Абдураҳмонов Андижонда айнан соғлиқни сақлаш ходимлари коронавирус инфекцияси ўчоғи деган иддаони ўртага ташлади.

Бу баëнот эртасига¸ кун.уз нашри шахси ва айнан қайси тизимда ишлаши очиқланмаган манбасига таяниб¸“13 апрель ҳолатига кўра, Андижон вилоятида коронавирусга чалинган беморлар сони 97 нафарни ташкил қилмоқда ва уларнинг 78 нафари тиббиёт ходимлари, шундан 56 нафари шифокорлардир”¸ деб хабар тарқатди.

Бу нашр ҳам нега бунча катта сондаги соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг коронавирусга чалинганига ойдинлик киритмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Абдураҳмонов статистикасидан хабари йўқ!

14 апрель куни Озодлик Андижон вилоят ҳокими келтирган фавқулодда рақамларга аниқлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг коронавирус вазиятини мониторинг қилишга алоқадор мутасаддиларидан бири билан боғланди.

Шахси очиқланишини истамаган мулозим¸ Абдураҳмонов келтирган рақамларни тасдиқловчи расмий маълумот ўз қўлида йўқлигини билдирди.

Бу рақамларни ССВ эмас¸ Абдураҳмонов беряпти. Қаердан олганини унинг ўзидан сўранглар.

«Бу рақамларни ССВ эмас¸ Абдураҳмонов беряпти. Қаердан олганини унинг ўзидан сўранглар. Вазирлик бир-икки кун ичида бу баëнотни ўрганиб¸ унга муносабат билдиради. Лекин ҳозирча журналистлар бизданмас¸ бунақа статистикани берган Андижон ҳокимидан изоҳ сўраши керак”.

Ўзбекистондаги коронавирус вазиятига оид мунтазам расмий хабар бериб бораëтган Телеграмдаги Коронавирус.Инфо каналида Шуҳрат Абдураҳмонов келтирган рақамлар қўйилмади.

(Бу канал ташкилотчиларидан бири Соғлиқни сақлаш вазирлигидир.)

Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси¸ вилоят коронавирус штаби масъуллари Озодликнинг Шуҳрат Абдураҳмонов келтирган рақамларга изоҳ бериш сўровини "бундай ваколати йўқлиги" иддаоси билан мутлақ рад қилди.

Андижон вилоят ҳокимлиги расмий сайти 14 апрель куни ишламагани боис¸ ҳокимлик мулозимлари билан боғланишнинг имкони бўлмади. Ҳокимлик телефон рақамларига ҳам¸ кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

Абдураҳмонов бу рақамларни қаердан олди?

Озодлик Андижонда 78 нафар соғлиқни сақлаш ходимининг коронавирус юқтирганига оид маълумотга ойдинлик киритиш мақсадида бу беморлар сақланаëтган Андижон вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ходимларидан бири билан гаплашди.

Шахси сир тутилишини сўраган бу ходим 27 мартдан 13 апрелга қадар мазкур касалхонага олиб келиниб¸ даволанаëтган беморларга бевосита хизмат кўрсатган тиббиëтчилардан биридир.

Озодлик суҳбатдоши¸ Андижон вилоятидаги коронавирусга чалинганларга оид бирламчи маълумотни ўзи ва ҳамкасблари тайëрлашини алоҳида таъкидлади.

Шуҳрат Абдураҳмоновнинг 78 та деган гапини мен ҳам эшитиб¸ ҳайрон бўлдим¸ қаердан олдийкин¸ деб.

Мен 13 апрелгача ўз кўзим билан кўрган маълумотга кўра¸ вилоят юқумли касалликлар шифохонасида сақланаëтган беморларнинг фақат 4 нафари шифокор¸ қолганлари ҳамшира ва санитаркалар. Тиббиëтчиларнинг жами сони¸ адашмасам¸ 56 нафар. Шуҳрат Абдураҳмоновнинг 78 та деган гапини мен ҳам эшитиб¸ ҳайрон бўлдим¸ қаердан олдийкин¸ деб. Телевизорда эртаю кеч коронавирус ҳақида ваҳима тарқатманглар¸ нотўғри хабар тарқатманглар деяпти¸ бу ëқда ҳокимимизнинг ўзи бунақа гап қиляпти”.

Озодлик суҳбатдоши¸ коронавирусга чалинган беморларга оид ўз кўзи билан кўрганини таъкидлаган маълумотнома нусхасини тақдим қилмади. Айни пайтда¸ тўрт врач ва қолган тиббиëт ходимларининг шахси ва қайси муассасада ишлаганини аниқлаштирди.

(Озодлик бу маълумотларни ошкор қилмаëтир.)

Кўпчилиги вилоят Тез тиббий ëрдамдан келди. Ҳамширалар кўп. Фурқатдаги детский больницадан ҳам битта врач бор. Ҳаммасининг аҳволи яхши. Кўрган бўлсангиз¸ кеча тўрт касал¸ тузалиб касалхонадан чиқди¸ биз уларни кузатиб қўйдик”.

Андижонда коронавирусга чалинган соғлиқни сақлаш ходимларининг республика шошилинч тиббий ëрдам илмий марказининг Андижон филиали хизматчилари эканини бу марказ ходимлари ҳам бевосита тасдиқлади.

14 апрель куни Озодлик гаплашган марказ ҳамшира ва врачлари қарийб икки ҳафтадан бери марказнинг бутунлай ëпилиб¸ унинг ичкарисидаги барчанинг карантинга олинганини билдирди.

Коронавирус чиққанларимизни инфекционнийда даволашяпти. Унақа жуда кўпмас лекин¸ аниғини билмайман биз хонадан чиқмай карантинда ўтирганимиз учун. Ташқарида қўриқчилар”¸ деди тиббий ëрдам марказининг карантиндаги ҳамшираларидан бири.

Андижон вилоят болалар касалхонаси врачининг коронавирусга чалингани аниқланиши ортидан¸ бу касалхона ҳам¸ унинг масъулларига кўра¸ тўлиқ карантинга олинган.

“Абдураҳмонов коронавирус баҳонасида ССВга ҳужумга ўтди”

Андижон тиббиëт тизимида ишловчи врачлардан бири Озодликка ҳокимнинг 12 апрель кунги баëноти шундай талқин қилди.

Ҳоким бу рақамни ушлаб олиб¸ уни ССВ¸ биринчи ўринда¸ вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарига қарши компромат қилиб ишлатмоқчи.

Кўриб турибсиз¸ дунëнинг энг ривожланган давлатларидаям тиббиëт ходимлари вирус юқтиряпти. Андижонда бирламчи инфекция ўчоғи соғлиқни сақлаш ходимлари эмас¸ четдан келиб¸ карантинга олинганлар. Ана шуларга қараган врач ва ҳамшираларга юқиб¸ сўнгра тарқаган. Ҳоким бу рақамни ушлаб олиб¸ уни ССВ¸ биринчи ўринда¸ вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарига қарши компромат қилиб ишлатмоқчи. Ҳоким ўша куниëқ бошқама бошлиғига сени ишдан ҳайдайман¸ деб очиқ айтдиям. Сабаби¸ ўтган йили ССБ раҳбари Авазбек Абдураҳмонов¸ ҳоким яқинларига қарашли корхоналарда тайëрланган шприц ва қўлқоплар сифатсизлиги ҳақида вазирликка шикоят қилганди. Ўшанда Озодлик берган аудиода айтган гапларини эсланг. Ҳозирги коронавирус баҳона ҳоким ССБ бошлиғини йўқ қилиш учун рақамларни атайин бўрттиряпти”¸ деб иддао қилди андижонлик тиббиëт тизими вакили.

Озодлик 2019 йил июнь ойида Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Авазбек Абдураҳмоновни катта мажлисда таҳқирлагани ҳақида ëзган ва унга ҳоким сўкинишлари аудиосини ҳам илова қилган эди.

Ўшанда ҳоким Абдураҳмонов фамилиядошига қарата жумладан:

Сен ўйнашяпсан мен билан, ҳезалак! Лекин эшитиб ол. Бугун менинг қўлимда власть! Икковингни сўяман, сен ифлосларни ҳали!”¸ деган эди.

Соғлиқни сақлаш ходимларининг коронавирусга чалиниши давлатга қимматга тушади

Ўзбекистон президенти жорий йилнинг 26 март куни “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор имзолади.

Қарор билан коронавирус инфекциясини юқтирган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки уларнинг оғир аҳволга тушиши ва соғлиғи тикланмаганлиги муносабати билан уларга бир йўла бериладиган қўшимча тўловлар миқдори тасдиқланди.

Унга кўра¸ коронавирус инфекциясини юқтирган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги учун – 100 миллион сўм ёки уларнинг оғир аҳволга тушиши ва соғлиғи тикланмаганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган – 250 миллион сўм миқдоридаги қўшимча тўловлар жорий этилди.

Агар Андижон вилоят ҳокими тилга олган рақамлар тўғри ва коронавирусга чалинган соғлиқни сақлаш тизими ходимлари тузалиб кетган тақдирда¸ давлат ғазнасидан 78 нафар соғлиқни сақлаш ходимига берилиши лозим бир марталик компенсация¸ бошқа қўшимча тўловларни мустасно қилганда¸ 7 миллиард 800 миллион сўмни ташкил этади.

XS
SM
MD
LG