Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:10

Япониялик сайёҳлар тушган автобус Қашқадарёда соляркаси тугаб тўхтаб қолди


Япониялик сайёҳлар автобусга қўлбола ёнилғи қуйиш ҳолатини суратга олмоқда
Япониялик сайёҳлар автобусга қўлбола ёнилғи қуйиш ҳолатини суратга олмоқда

Япониядан Ўзбекистонга келган сайёҳлар гуруҳи тушган автобус 2 октябрь куни Самарқанд-Қарши автомагистралида кетаётиб, ёнилғиси тугади ва тўхтаб қолди.

Автобус амал-тақал қилиб етиб борган Косон туманидаги АЁҚШ бошлиғи, нефтебаза бир ойдан буён дизель ёнилғиси беришни тўхтатгани, фақат сиғимнинг тагида юз литрча солярка борлиги, лекин уни насос тортиб ололмаслигини айтган.

Автобус ҳайдовчиларининг қаттиқ илтимосидан сўнг, АЁҚШ раҳбари дўкондан шланга ва сув тортишга мўлжалланган насос олиб келиб, цистерна тагидаги ёнилғини тортиб олган ва автобусга қуйиб берган.

Бу ҳолатни япон туристлари видео ва суратга олган.

Косон нефть маҳсулотлари идораси директори Озодликнинг саволидан сўнг телефонни ўчириб қўйди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари саволларга фақат хат орқали жавоб бериши мумкинлигини айтди.

Япониялик сайёҳлар тушган автобус Қашқадарёда соляркаси тугаб тўхтаб қолди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:58 0:00

Косон туманидаги “Файзулло қутлуғ қадам” МЧЖга қарашли АЁҚШга 2 октябрь куни ёнилғи қуйишга кирган япониялик сайёҳлар автобуси у ерда икки соат қолиб кетди.

Воқеа гувоҳларидан бири бундай деди:

Шоферлар бир илож қилиб топиб бермасангиз, туристлар олдида шарманда бўламиз, деди.


“Кечки пайт соат тўртлар атрофида япониялик туристлар минган автобус келиб тўхтади. Самарқанддан келишаётган экан. Шофер заправшикдан солярка сўради, у эса йўқ деб жавоб берди. Кейин заправка бошлиғи Ислом ака чиқди. У йигитлар, бир ойдан буён солярка олганимиз йўқ, деди. Шоферлар илтимос ака, бошқа бир километр ҳам юролмаймиз, йўлдаги заправкаларда ҳам йўғ экан, бир илож қилиб топиб бермасангиз, туристлар олдида шарманда бўламиз, деди. Ислом ака, цистерна тагида 50-100 литр бўлса керагу, лекин уни насос тортолмайди, деди. Шоферлар ака бир иложини қилайлик, деб илтимос қилишди”.

Воқеа гувоҳининг айтишича, шундан сўнг Ислом ака йигитларини дўконга юборган:

Японлар роса кулиб, сурат ва видеога олишди. Сизларда нефт кўп бўлса, нега ёнилғи йўқ, деб ажабланишди


“Дўконга бориб шланга олиб келишди. Пластмас канистралар топиб келишди. Беш литрлик идишнинг сувини тўкиб ташлаб, ундан воронка ясашди. Кейин сув тортадиган бир кичкина мотор топиб келишди. Ўшанга шланкани улаб цистернага туширишди ва тубидаги соляркани тортиб олиб, автобусга қуйишди. Японлар роса кулиб, сурат ва видеога олишди. Сизларда нефт кўп бўлса, нега ёнилғи йўқ, деб ажабланишди”.

Автобус ҳайдовчиси қўлбола усулда цистернадан солярка тортиб оляпти
Автобус ҳайдовчиси қўлбола усулда цистернадан солярка тортиб оляпти

АЁҚШ раҳбари Ислом Изомовнинг Озодликка айтишича, бу биринчи ҳодиса эмас:

Энди бориб, Ўзбекистонда оддий солярка ҳам йўқ, деб ҳаммага кўрсатишади.


“4 сентябрдан хусусий заправкаларга дизель ёнилғиси беришни тўхтатишди. Гўёки пахта теримига захира қилишаётган эмиш. Бунинг ҳаммаси ёлғон. Аслида, Ўзбекистонда солярка қишлоқ хўжалигига ҳам, халқ хўжалигига ҳам, хусусий заправкаларга ҳам етарли даражада ишлаб чиқарилади. “Ўзбекнефтгаз”нинг ўйинлари бу. Биржадан сотиб олишга ҳам рухсат бермайди. Бизнинг заправка “Буюк ипак йўли”да жойлашгани учун жуда кўп сайёҳлар автобуси ўтади. Кечаги шармандаликни сайёҳлар роса суратга олишди. Энди бориб, Ўзбекистонда оддий солярка ҳам йўқ, деб ҳаммага кўрсатишади. Йўлда қолишмасин, шарманда бўлмайлик деб, бир иложини қилиб, цистернанинг тагида қолган соляркани тортиб олиб бердик”.

Косон туман нефть маҳсулотлари идораси директори Байрамали Маҳмудов Озодликнинг саволини эшитиши биланоқ алоқани узиб, телефонини ўчириб қўйди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг тижорат департаменти мулозими Жамшид Қирғизбоев Озодлик саволларига жавоб беролмаслигини айтиб, матбуот хизматига боғланишни маслаҳат берди.

Ўзини вазирлик матбуот хизмати раҳбари Сабина деб таништирган мулозим фақат расмий хат орқали саволларга жавоб бериши мумкинлигини айтди.

Озодлик Энергетика вазирлигига саволлар битилган мактуб жўнатди, бироқ кун давомида жавоб келмади.

Президент Мирзиёев, жорий йилнинг март ойида Бухоро фаоллари билан учрашувда, 2021 йилгача хорижий сайёҳлар сонини 2 баробар кўпайтириш, туризм хизматлари тушумини 350 миллион долларга етказиш режасини маълум қилган эди.

Шунингдек, президент авиақатновлар сонини ошириш, тарихий шаҳарлар билан автобус ва поездлар қатновини кўпайтириш лозимлигини таъкидлаган эди.

XS
SM
MD
LG