Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:00

"Судлар тўғрисида"ги қонун янгиланди. Нима ўзгарди?


28 июль куни президент Шавкат Мирзиёев янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Адвокатларга кўра, янги ўзгаришлар фақат техник характерга эга бўлиб, суд тизимида моҳиятан ҳеч қандай ўзгариш ясамайди.

Янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида” ги қонун 28 июль куни “Халқ сўзи” нашрида эълон қилинди ва ўша куннинг ўзидаёқ кучга кирди.

Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 15 июнда, Сенат томонидан эса 28 июнда маъқулланган эди.

Таниқли адвокат Сергей Майоров “Судлар тўғрисида”ги қонунининг янгиланиши натижасида суд тизимида моҳиятан ўзгаришлар бўлмаганини таъкидлайди. Адвокатга кўра, ўзгаришлар фақат техник характерга эга:

“Янги қонуннинг мазмунини тушунтириб берай: Унинг икки функцияси бор. Биринчиси суд қонунчилигини Конституцияга мослаш. Ўтган йили Конституцияга суд тизимига оид бир қанча ўзгартириш киритишди. Лекин бу ўзгаришларни “Судлар тўғрисида”ги қонунга киритишмаган эди. Ҳозир шу ўзгаришлар қонунга киритилиб, у Конституцияга мосланди, холос. Иккинчи функцияси, суд тизими структурасига оид. Судлар тузилмаси, турлари нимадан иборатлиги билан боғлиқ суд тизимидаги ташкилий-таркибий ўзгартиришлардан иборатдир”.

Адвокат Руҳиддин Комилов ҳам янги таҳрирдаги қонуннинг ўзгаришларини санар экан, буни “судлар схемасини акс эттирган қонун” дея атайди:

“Ўтган йили янги судлов системаси жорий этилди. Масалан, тумандаги маъмурий судлар бекор қилиниб, улар туманлараро маъмурий судларга айлантирилди. Кейин Тошкент шаҳри ва вилоятларда маъмурий судлар ташкил этилди. Кейин хўжалик судлари иқтисодий судларга айлантирилди. Шулар ҳозир янги қонунда ўз аксини топган. Шу судларнинг ваколатлари, коллегиялари, Олий суд пленуми, раёсатлари кўриб чиқилган. Бир сўз билан айтганда, бу судларнинг схемасини ўзида акс эттирган қонун бўлди”.

Қонунни шарҳлаган маҳаллий матбуот эндиликда барча судларда ишлар очиқ кўрилиши, фақат айрим ҳолатлардагина ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилишига эътибор қаратган. Қонунда белгиланган ҳоллардагина судни ёпиқ ўтказишга рухсат берилиши қайд қилинган.

Адвокат Майоров икки йил аввал БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саянга мурожаат йўллаб, жиноят ишларини махфийлаштириш, ишни “ёпиқ суд”га айлантириш ҳолатларидан шикоят қилганди.

Майоров қонун янгилангани билан эски услуб сақланиб қолганини айтади:

“Суд тизимимиздаги энг жиддий нуқсон бу - ишнинг махфийлаштирилиши билан боғлиқ. Тергов органлари, прокуратура ва судлар жуда осонлик билан ҳар қандай ишни “махфий” деб эълон қилиши мумкин. Натижада айбланувчи ва ҳимоячиларининг қўл-оёғи кўринмас ип билан боғланади ва улар ўзларини тўлиғича ҳимоя қилишдан маҳрум бўлади. Ишнинг махфийлаштирилиши хоҳ дастлабки тергов босқичида бўлсин, хоҳ материаллар билан танишув босқичида, адвокатларга жиноят иши ҳужжатларидан нусха бермаслик учун асос бўляпти. Одатда кимнидир шунчаки жағини ёпиш учун ишни “махфий”лаштириб, қутилиб қолишади”.

Янги таҳрирдаги қонунда суд иштирокчилар ва ОАВ вакиллари суд мажлисини фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкинлиги қайд қилинган. Бироқ, бу қонунда белгиланган тартибда амалга оширилиши таъкидланган ва бу тартибнинг ўзи ушбу қонунда баён қилинмаган.

Янги тартибга кўра, судьялик лавозимига номзодларга қўйиладиган талаблар кучайтирилган. Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги ва уларнинг ижтимоий ҳимояси батафсил акс эттирилган.

Эндиликда судьяларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқотар қурол берилади.

Янги таҳрирдаги қонунгага кўра, судьяларга уй-жой олиш ва ижарага олинган турар-жой бинолари учун компенсация олиш имконияти берилади.

2019 йил сентябрида Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг суд ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян мамлакат суд-ҳуқуқ тизимининг мустақиллиги масаласида жиддий қийинчиликлар ва муаммолар бор эканини айтган эди.

Унга кўра, суд мустақиллигига энг биринчи жиддий тўсиқ коррупция бўлмоқда.

Махсус маърузачининг фикрича, бу каби тўсиқларни бартараф этиш учун ҳукумат ислоҳотлар жараёнини тезлатиши, “суд ҳокимиятининг мустақиллигига эришиш ҳаракатларига таҳдид солаётган амалиётга чек қўйиши” лозим.

Бундан ташқари Диего Гарсия-Саян “Ўзбекистон жазосизликка қарши курашиш учун керакли тергов ва суд процедураларини жорий этиши лозим”лигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG