Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:00

С. Икромов: Тошкент ва вилоятда "қора рўйхат"дан чиқарилганлар яна ушланмоқда


Баъзи тошкентлик оилаларнинг айтишича, икки-уч ой муқаддам "қора рўйхат"лардан чиқарилган диндорларни яқинда қўлга олиш бошланган ва бу жараён шу кунда давом этмоқда.

Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовга кўра, шу кунга қадар пойтахтнинг Учтепа, Шайхонтоҳур туманлари, Тошкент вилоятининг Зангиота, Чиноз, Янгийўл туманларидан қисқа муддатга ушланганлар сони 100 нафардан ошган, булардан 7 нафари ҳибсга олинган.

Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовнинг Озодликка айтишича, қисқа муддатга қўлга олинганларнинг барчаси яқинлари қамоқда сақланаётган, ўзлари эса, 2-3 ой муқаддам ИИВ назорати остида турганлар - "қора рўйхат"дан чиқарилганлардир.

Суръат Икромов аъзоси бўлган гуруҳ 18 ноябрь куни 80 яқин одам Тошкент шаҳри ва вилоятининг Зангиота туманида қисқа муддатга ушлангани, булардан 7 нафари ҳибсга олингани ҳақида хабар қилган эди.

- Бугунга келиб (20 ноябрь - таҳр.) шунақа қўлга олишлар Чиноз ва Янгийўл туманларида ҳам бўлаётгани ҳақида маълумотлар бор. Қанча одам ушланган ва уларнинг қанчаси қўйиб юборилгани ҳақида бизда аниқ маълумот йўқ. Лекин, яқинларининг мурожаатларига кўра, 14 нафар атрофида одам ушланган, - деди ҳуқуқ фаоли.

Хавфсизлик хизматлари Тошкент ва Зангиотада нима мақсадда диндорлар уйларига рейд уюштиргани ва уларни уйларини тинтув қилиб, милиция бўлимларида сўроқ қилгани маълум эмас.

Бу борада Озодлик Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан изоҳ ололмади.

Суръат Икромовнинг кузатишича, 16 ноябрдан буён давом этаёган "ушла-ушлалар", асосан, ўзи ёки яқинлари "Ҳизбут Таҳрир" диний ташкилотига алоқадорликда ёки аъзоликда гумон қилинган шахслардир.

- Буларнинг ҳаммаси "Ҳизбут Таҳрир"га алоқадорликда айбланган, аммо алоқадорлиги бирор марта исботланган эмас. Ҳозир ҳибсда ушлаб қолинган 7 кишидан (5 эркак ва 2 аёл - таҳр.) 2 нафарига 15 суткалик қамоқ жазоси берилганини аниқладик. Қолганларининг тақдири номаълум. Аммо, буларни нима сабабдан яна ушлаб, сўроққа тутишаётгани сабаби бизга номаълум. Яқинларининг айтишича, Чиноз ва Янгийўлда ушланганлардан "Ҳизбут Таҳрир"га аъзолик учун қасам ичганмисиз?" деб сўрашаётган экан, - деди Суръат Икромов.

Шунингдек, Суръат Икромов 16 ноябрь куни Зангиота туманида ушланганлардан 2008 йилдан буён қидирувда бўлган 1986 йилда туғилган аёл - Гўзал Тўхтахўжаева сўраб-суриштирлаётганини хабар қилган эди.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига ёрдам сўраб мурожаат қилган зангиоталик аёл - Мушарраф Худойбердиевага кўра, шу кунда унинг 5 қариндоши, жумладан 35 яшар ўғли Оятулло Усмонов ҳам, қўлга олинган.

- Нима учун қўлга олингани ва ҳозир қаерда экани бизга номаълум. 16 ноябрь куни олиб кетишган. Мен президентимиздан илтимос қиламан, бизни оқласинлар! Яқинларимизни озодликка чиқарсинлар! Президентимиз айтаяптилар, яхши ўзгаришлар бўлаяпти, лекин бу ўзгаришлар менинг оиламга етиб келмаяпти, - деди Мушарраф Худоёбердиева.

Унинг айтишича, 16 ноябрда ҳибсга олинган 5 қариндошидан ташқари, 10 дан ортиқ қариндоши Ўзбекистондаги қамоқхоналарда жазо муддатларини ўтамоқда. Уларнинг барчаси диний-экстремистик ташкилотларга алоқадорликда айбланган.

Унинг 1999 йилда ҳибсхонада қийноқлардан ўлгани иддао қилинган турмуш ўртоғи - Фарҳод Усмонов эса "Ҳизбут Таҳрир" партиясининг Ўзбекистондаги аъзоси сифатида танилган эди. 2002 йилда ташкилотнинг Британиядаги аъзолари Фарҳод Усмонов оиласи ҳимоясига Лондондаги Ўзбекистон элчихонаси биноси ёнида акция ўтказган.

Маълумки, Ўзбекистонда “диний-экстремист оқим аъзолари рўйхати”да бўлган 17 минг одамдан 16 минг нафари бу рўйхатдан ўчирилган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Тошкентдаги Хасти Имом масжидида имом хатиблар билан учрашуви чоғида таъкидлаган.

"Диний оқимда турганлардан биз мана 16 мингини яна бир марта улар билан суҳбатлашиб, ҳаётини билиб, уларни диний оқим рўйхатидан чиқардик. Лекин, уларни ташлаб қўйиш нотўғри бўлади. Энди шу 16 минг одамни тарбия қилишимиз, жамиятимизга киргизишимиз керак", деган эди Мирзиёев.

Озодлик айни пайтда президент кўрсатмаси билан "қора рўйхат"дан ўчирилган тошкентликлар нега ушланаётгани, ҳибсда қолаётганлар қандай жиноятда гумон қилинаётганига оид қўшимча тафсилотларни аниқлашга уринмоқда.

XS
SM
MD
LG