Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Ўзбекистонга келаëтган минглаб вагон юк локомотив йўқлигидан Қозоғистонда ташлаб кетилди


"Сариоғоч" станциясида ташлаб кетилган вагонлар.
"Сариоғоч" станциясида ташлаб кетилган вагонлар.

«Казахстан Темир Жоли» миллий компанияси раҳбарларидан бирининг мамлакат темир йўллари орқали юк ташувчиларга 6 декабрь санаси билан юборган огоҳлантируви “ўта шошилинч” деб таснифланган.

Унда 10 декабрдан бошлаб Қозоғистон темир йўл станцияларидан Дўстлик ва Олтинкўл станцияларига Сариоғоч орқали борувчи поездлардан бошқа ҳамма поездларга Қозоғистондан юк ортиш тақиқланиши айтилган.

Бунга эса¸“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ поездларининг ўз вақтида чиқиб кетмаëтгани оқибатида ташлаб кетилган поездлар сонининг ниҳоятда кўпайиши ортидан пайдо бўлган тиқин сабаб қилиб келтирилган.

Сариоғоч станциясининг 26 декабрь куни Озодлик гаплашган диспетчери Тошкент ва Остона ўртасидаги музокаралардан сўнг бу тақиқ кучга кирмагани¸ айни пайтда станция ҳудудида Ўзбекистонга бориши керак 4000 га яқин вагон ташлаб кетилганича қолаëтганини билдирди.

Бу вагонларга¸ ўзбекистонликлар кундалик турмуши учун зарур бўлган ун¸ буғдой¸ картошка ва кўмир¸ шунингдек Россиядан келаëтган тахта ва ëғоч ортилган.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва Транспорт вазирлигидан бундай тиқин сабаблари ва уни қандай баратафар этиш режасига оид расмий маълумот олишнинг имкони бўлмади – Озодлик боғланган мутасаддилар ўзларининг бу вазиятдан “бехабарликлари”ни айтишдан нарига ўтмадилар.

“Ўзбекистон темир йўллари” боис Қозоғистонда поездлар тиқини пайдо бўлди

«Казахстан Темир Жоли» миллий компаниясига қарашли «Грузовие перевозки» АЖси раиси Кайрат Саурбаевнинг Озодликка нусхаси юборилган “ўта шошилинч” буйруғида икки станцияни мустасно қилганда¸ Қозоғистон темир йўл станцияларидан юк ортишнинг 10 декабрдан бошлаб тақиқланиши айтилган.

"Қозоғистон темир йўллари" миллий компанияси раҳбарларидан бири Кайрат Саурбаевнинг 6 декабрь куни тарқатилган буйруғи нусхаси.
"Қозоғистон темир йўллари" миллий компанияси раҳбарларидан бири Кайрат Саурбаевнинг 6 декабрь куни тарқатилган буйруғи нусхаси.

Бунга “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли поездларнинг ўз вақтида олиб чиқилмаëтгани ортидан поездларнинг ташлаб кетилгани ва юзага келган тиқин сабаб қилиб келтирилган.

Озодлик гаплашган темир йўл орқали юк ташиш жараëнига алоқадор мулозим ва тадбиркорлар Сариоғоч станциясида ташлаб кетилган вагонлар сонининг¸ 24 декабрга келиб¸ 7000 га етганини билдирди.

Ўзбекистон ва Ўзбекистон орқали Афғонистонга юк олиб кетаëтган камида 115 поезд (7000 га яқин вагон) ҳозир Қозоғистон ҳудудида ташлаб кетилган. Бу поездларга тез айнийдиган маҳсулотлар¸ хусусан озиқ-овқат ҳам ортилган”¸ деди Сариоғочдаги вазиятдан бевосита хабардор темирйўлчи.

“Сариоғоч” тиқини ҳали-вери тарқайдиган эмас...

26 декабрь куни Озодлик суҳбатлашган Қозоғистоннинг Сариоғоч темир йўл станцияси диспетчерининг айтишича, Кайрат Саурбаев 6 декабрь куни имзолаган буйруқ¸ Остона ва Тошкент ўртасидаги музокаралардан сўнг кучга кирмаган:

Ўзбекистон томони суткасига 28 тагача электровоз юбориб¸ ташлаб кетилган поездларини олиб чиқишни ваъда берганидан кейин¸ тақиқ кучга киритилмади. Ҳозир суткасига 21-25 та состав олиб чиқилаяпти¸ лекин тиқин тугай демаяпти. Айни ҳозирги соатда Сариоғочда¸ адашмасам¸ ташлаб кетилган 62 та состав бор. Уларнинг ҳар бирида 55-57 тадан вагон бор. Буни кўпайтирсангиз¸ 3500 дан ошиқ вагон ташлаб кетилганича ëтипти”.

Сариоғоч темир йўл станцияси диспетчери фикрича, Сариоғочдаги поездлар тиқини 2020 йилнинг мартигача ҳам сақланиб қолиши мумкин:

Сариоғоч – бу Қозоғистоннинг жанубий темир йўл дарвозаси. Ўзбекистон¸ Афғонистон¸ Туркманистон¸ Тожикистонга Қозоғистондан юк ортилган поездлар¸ қолаверса¸ Россия томондан келаëтган транзит шу дарвозадан кириб-чиқади. Ўзбекистон поездларининг туриб қолганидан ҳозир қўшни давлатлар ҳам азият чекмоқда. Бу вагонларга қозоқ буғдойи¸ уни¸ кўмири каби муҳим истеъмол моллари ортилган. Билишимизча¸ Ўзбекистонда газ йўқлигидан кўмирга кўз тикиб турганлар кўп. Ташлаб кетилган вагонлардаги кўмир кечикиб¸ февраль-мартгача ташилади”.

Сариоғочдаги тиқин сабаби – Ўзбекистонда

Озодлик билан суҳбатда Қозоғистон темир йўлларида пайдо бўлган тиқин сабабларини изоҳлаган ҳам қозоқ¸ ҳам ўзбек мутахассислари¸ унинг сабаби “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ да эканини билдирдилар.

Йилнинг охирги кварталига келиб¸ темир йўл орқали ташиладиган юк оқими кўпаяди. Ўзбекистон томонда уларни ташишга электрозов етишмайди. Бу биринчи йил кузатилаëтгани йўқ”¸ деди Сариоғоч станцияси мутассаддиси.

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган Ўзбекистон Транспорт вазирлигига яқин мулозим ҳам вазиятнинг йиллардан бери ўзгаришсиз келаëтганини айтиб¸ муаммо илдизи коррупция ва нопрофессионал бошқарувга бориб тақалишини таъкидлади.

Уч йилдан бери худди шу аҳвол, айниқса йил охирига келганда юк кўпаяди¸ йил охирида олди-берди шартномалари ëпилади. Ҳар йил чегарада “Ўзбекистон темир йўллари” лаëқатсизлигидан тиқин-пробка. Иш ниҳоятда ëмон ташкиллаштирилган, поездларни ўтказиш қобилияти паст¸ “ЎТЙ” да темир йўллар ҳаракатини юқори даражада ташкил қилишга ақли етадиган мутахассислар деярли қолмаган. Асосий муаммолардан бири – локомотивлар етишмаслиги. Раматов ("Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг ўшандаги раиси¸ ҳозирги Транспорт вазири - таҳр.) шу муаммони ҳал қиламан деб ўтган йили 500 миллион долларга 24 та локомотив сотиб олинишини айтганди. Қани ўша янги локомотивлар? Ҳозирги тиқинга нима учун изоҳ бермаяпти? Янги локомотив олинган бўлса¸ бу йил яна нимага бунақа кризис? Нима учун яна фақат эски 25 та локомотив ишлаяпти? 500 миллионга нима¸ қанчага сотиб олинганини текширадиган одам борми? Жавоби аниқ – йўқ”.

Ярим миллиард долларга олинган локомотивлар қани?

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарувига яқин мулозим Озодликка тақдим этган маълумотга кўра¸ 500 миллион долларга тушган 24 дона янги локомотивнинг бирортаси 2019 йил охирига қадар Ўзбекистонга келмаган.

Хитой билан ярим миллиард долларга тузилган шартномага асосан 24 электровоз 2021 йилдан бошлаб партия бўлиб кела бошлайди, ҳали шу контракт бўйича 1 дона ҳам келмади. 24 та электровоз олиш бўйича тузилган контрактнинг борлигиям ЎТЙ да электровозларнинг тахминан 30% етишмаслигини¸ Қозоғистондаги тиқин асосий сабабларидан бири айнан шу етишмовчилик эканини тасдиқлаб турибди”.

Озодликка норасмий тарзда берилган маълумотга кўра¸ ҳозирда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ихтиëрида “бор-йўғи 62 та электровоз бор, шулардан доим тахминан 6-7 таси ремонтда бўлади”.

2016 йилда янги очилган Ангрен-Поп участкаси учун олинган 12 та Хитой электровози ҳам ана шу 62 танинг ичида”¸ деди ширкат мулозими.

Озодлик 25-26 декабрь кунлари Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мутасаддиларидан Сариоғочдаги логистика бўҳронига оид изоҳ ола олмади.

Ширкат ва вазирликнинг Озодлик вазиятни тушунтирган расмийлари¸ ўзларининг бу ҳақда ҳеч нарса билмасликларини айтиб¸ бошқа мутассаддилар билан боғланишни тавсия қилди. Тавсия қилинган рақамларга эса ҳеч ким жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG