Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:28

XI асрга оид мақбара Mаданият вазирлиги изнисиз қайта қурилди. Мутахассислар буни "вандализм" деб атади


Зулкифл мақбарасининг таъмиргача ва таъмирдан кейинги кўриниши.
Зулкифл мақбарасининг таъмиргача ва таъмирдан кейинги кўриниши.

Яҳудийлар пайғамбар дея қадрлайдиган Зулкифлнинг эски Термиздаги мақбараси таъмир боис тарихий аҳамиятини йўқотди.

Афғонистон билан чегара зонасида Амударë ўртасидаги халқ “Пайғамбар ороли” деб атайдиган ерда жойлашган XI асрга оид мақбаранинг “ялтиллатиб таъмирланган” расмини Озодликка юборган қадимшунос Ғайрат Қўзибоев буни “вандализм” деб баҳолади.

Мақбаранинг энди ҳеч қандай тарихий аҳамияти қолмади¸ деярли янгитдан қуришди¸ деди Қўзибоев.

- Мақбара жойлашган ер чегара зонаси бўлгани учун у ерга турист ëки оддий аҳоли яқинлашиши тақиқланган. Шу боис уч йил олдинги қўлбола “таъмир” ҳақида бугун билдик¸ деди Россия дизайнерлар иттифоқи аъзоси Ғайрат Қўзибоев.

Мақбаранинг таъмирдан олдинги кўриниши
Мақбаранинг таъмирдан олдинги кўриниши

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева Озодлик билан суҳбатда “қадимий мақбаранинг 2017 йил вилоят ҳокимлиги томонидан Маданият вазирлиги билан келишилмасдан таъмир қилинганини тасдиқлади.

"Ҳоким бово амри билан..."

Сурхондарë вилоят Маданий мерос бошқармасининг исми айтилишини истамаган ходими “таъмир ҳоким бово амри билан” ва унинг" диди асосида амалга оширилганини билдирди.

Суҳбатдошга кўра¸ 2017 йили Сурхондарë ҳокими лавозимида ишлаган Эркинжон Турдимовнинг ўзи фломастер билан қоғозга чизиб¸ "мана шундай бўлиши керак"¸ деб ремонтни бошлаттириб юборган.

Турдимов ҳозир Самарқанд вилоят ҳокими лавозимида ишламоқда.

Мавжуд қонунчиликка зид тарзда¸ қурилиш пайтида Сурхондарë вилоят Маданий мерос бошқармаси инспекторлари обидага яқинлаштирилмаган.

Обидани махсус таъмирлаш идораси эмас¸ балки оддий усталар амалга оширган.

Мақбара тақиқланган ҳудудда жойлашгани сабабли, кадастр ҳужжатлари ҳам тайёрланмаган.

"Пайғамбар ороли"даги қурилиш

Бу жараëнга оид санъатшуос ва қадимшунослар эътирозларига муносабат билдирган Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева “мақбаранинг қурилиш лойиҳаси Маданият вазирлиги билан келишилмаган”ини билдирди:

-“Зулкифл” мақбараси авария ҳолатига келиб қолганлиги, ёмғир ва қор сувлари ўтганлиги сабабли, объектни сақлаб қолиш мақсадида 2017 йил вилоят ҳокимлиги томонидан мақбара ҳомийлик маблағлари эвазига жуда қийинчиликда, қурилиш материаллари Амударё орқали, ҳарбийларнинг паромлари ёрдамида олиб ўтилиб, реставрация қилинган.Аммо бу ишлар учун вазирлик изн бермаган.

Асқархўжаеванинг айтишича¸ мақбара хусусий қурилиш ширкати томонидан "ремонт қилинган":

- Қурилиш ширкати эгаси бўлган тадбиркор Баҳром Шарипов томонидан ҳомийлик маблағлари ажратилиб¸ тадбиркорнинг қурилиш ташкилоти томонидан реставрация қилинди.

Асқархўжаеванинг айтишича¸ бундан олдин профессионал реставраторлар қадимий обидани асл ҳолида сақлаб қолиш учун ҳаракат қилган:

- Сиз тақдим қилинган сурат “Зулкифл” мақбарасининг 1990-2000 йилгача бўлган кўринишидир. Мақбара ҳолатини яхшилаш мақсадида 2011-2012 йилларда республика бюджетидан 200 млн. сўм маблағ ажратилиб, мақбаранинг ички қисми тўлиқ ва ташқи тарафи қисман таъмирланган эди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сон қарори қарорига асосан¸ “Зулкифл” архитекутура ёдгорлиги кадастр йиғма жилд ҳужжатлари тайёрланиб, Маданий мерос бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктирилди¸ деди мулозима.

Мақбаранинг таъмирдан кейинги холи
Мақбаранинг таъмирдан кейинги холи

Мақбара ҳақида

Санъатшунос Адбумалик Турдиевнинг айтишича¸ “Пайғамбар ороли меъморий мажмуаси” уникалдир:

- XI асрга оид меъморий қурилмалар оз сонда. Тўрт тарафи сув билан ўралган обидалар эса жуда оз. Мен қабрда пайғамбар жасади борми¸ йўқ деган тортишувни айланиб ўтиб¸ бинонинг тарихий эстетик аҳамиятини гапирсам. Санъатшунослик институтида ишлаганимда махсус рухсат олиб моторли катер билан мажмуа атрофини айлангандим. Ҳақиқатда гўзал. Мажмуада Инжил¸ Таврот ва Қуръонда номи зикр этилган Зулкифл ( Инжилда Иезекиил¸ қадимги яҳудий тилида יחזקאל, ’хезкэль¸ ивритда . ‏יְחֶזְקֵאל‏-тахр) қабри бор деб ишонилади. Бундан ташқари¸ аббосийларнинг атоқли лашкарбошларидан Исҳоқ ибн Кунажа (992 йилларда вафот этган) қабри ҳам бор. Амударёдаги "Пайғамбар ороли"нинг жанубий қисмида жойлашган масжид гўрхона ва уларга туташ икки хонадан иборат. Бинолар турли даврларда бунёд этилган. Масжид мурабба тарҳли, гумбазли, олди пештоқли. Меҳробига ганчкори гириҳ нақш ишланган. Гўрхона масжид сатҳидан 1 метча баланд қилиб қурилган, унда caғaнa тикланган. Гўрхонанинг икки эшиги орқали туташ қурилган икки хонага ўтилади. Хоналар деворига пишиқ ғиштлар мавжли (тўлқин) тарзда терилган.

Суҳбатдош мажмуанинг Мовароуннаҳр ва Хуросон ўртасидаги кечув жойида бўлгани боис¸ асрлар мобайнида йўлчилар сиғиноғига айланганини таъкидлайди.

- Баъзи маълумотларга кўра¸ мақбара исломдан олдинги обида устига тикланган. Самовий китобларда Зулкифл яҳудий қавмига юборилган пайғамбар сифатида эсланади. Зулкифл Қуръони Каримда номи зикр этилган 24 пайғамбарлардан бири. Асл исми Бишр. Айюбнинг ўғли. Лекин баъзи ривоятларда румликлар иймон келтириб унга эргашганликлари нақл этилади. Бу қавм Зулкифлдан узоқ умр кўришни Аллоҳдан сўрашни илтимос қилган, Парвардигор Зулкифлнинг дуосини қабул этиб, улар “ўзлари хоҳламагунча ўлмаслар, бунга сен ҳам кафил бўлгин” деган ваҳий келади. Бишр ўз қавмига бу башоратни етказди. Илоҳий ваҳийга ўзи кафил бўлди. Шу сабабли уни Зулкифл (кафолат соҳиби) деб атай бошлаганлар. Ироқда ал-Ҳилла яқинида одамлар Зулкифлнинг қабри деб ҳисоблайдиган зиёратгоҳ бор. Бошқа жойларда ҳам Зулкифл мақбараси мавжудлиги, жумладан у Термиз яқинида дафн этилганлиги ҳақида ривоят қиладилар. Бошқа диншунослар Зулкифлнинг эрамиздан 622 йил олдин Қуддусда туғилгани ва эрамиздан 570 йил олдин Бобилда ўлганини айтишади. Зулкифлнинг қабри ҳозирги Сурия ҳудудида ҳам мавжуд.

Реставрациядан кейин обиданинг тарихий аҳамияти йўқолди

Россия дизайнерлар иттифоқи аъзоси Ғайрат Қўзибоев “Зулкифл” мақбарасининг ташқи ғиштин деворининг буткул янгилангани¸ гумбазининг эса пластик рубироиддан ясаб қўйилгани оқибатида обида тарихий аҳамияти йўқотганидан таассуф билдирди.

Қўзибоев мақбаранинг таъмир баҳона вайрон қилинганини Ўзбекистондаги тарихий обидаларга бўлган волюнтаристик муносабатнинг типик кўриниши деб ҳисоблайди:

- Ўзбекистондаги жуда қадимий ва унчалик қадимий бўлмаган обидаларга муносабат ўта аянчли. Ўтмиш цивилизацияларини тамсил қилган минглаб обидалар жамланган Ўзбекистонда аллақачон уларни ҳимоя қилиш учун куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган махсус полиция тузиш керак эди. Ëки қадимий обидалар бўйича алоҳида вазирлик лозим. Бундай вазирлик Мисрда мавжуд ва самарали ишлайди. Ўзбекистон Маданият вазирлиги обидаларни сақлаш масаласида ўзини мутлақо дискредитация қилиб бўлди. Профессионал малакасизлик¸ жиноий бефарқлик ва билимсизлик бу вазирликка хос бўлган жиҳат. Вазирликнинг жойлардаги мулозимлари маҳаллий ҳокимларнинг “чапаевча” буйруқларини югуриб бориб бажарадиган югурдакка айланган. Ҳукумат бўлса¸ ўзини ҳудди муаммони тушунадигандай қилиб кўрсатиб¸ аслида сўнгги 20 йилда шаклланган вандализм сиëсатини амалга оширмоқда. Мирзиëев Хивага борганида “ҳар битта ғиштни авайлаш” ҳақида гапирди. У бу гапни реставрация бўйича тор мутахассислар даврасида айтаяпти. Қишлоқ хўжалик техникаси бўйича мутахассис бўлган Мирзиëев реставраторларга ақл ўргатмоқда. Бундай феодал ëндашув боис Шаҳрисабз ўз қадимийлигини йўқотди. Хивадаги "Қўйдарвоза" ëнига замонавий вокзал қуриб¸ обидага зарар етказдик. Бугунга келиб ҳар хил турдимову раматовлар буйруғи билан юзлаб обидалар бузилди¸ вайрон қилинди¸ ялтиллатиб қадимий оҳоридан мосуво қилинди. Биз қайтиб бўлмайдиган нуқтадан анча узоқлашдик. Келажак авлод бизни варвар бузғунчилар дея эслайди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Қўзибоев.

XS
SM
MD
LG