Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:38

Тест синовлари: Ўзбекистон ОТМларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони нега кескин камайиб кетди?


2021 йилда Ўзбекистон олий ўқув юртларига 948 минг абитуриентдан ариза келиб тушган
2021 йилда Ўзбекистон олий ўқув юртларига 948 минг абитуриентдан ариза келиб тушган

Бу йил Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун 948 минг абитуриент ҳужжат топширди. Бу ўтган йилга нисбатан ярим миллиондан зиёдроққа кам.

Соҳа мутахассислари 2021/2022 ўқув йилида ўқишга кираётган ёшлар сонининг камлигини турли сабаблар билан изоҳламоқда.

Абитуриентлар сони 535 мингга кам

Давлат тест маркази маълумотларига кўра, 2021/2022 ўқув йили учун Ўзбекистон олий таълим муассасаларига 948 минг 211 нафар абитуриентдан ариза келиб тушган.

Бу 2020 йилга нисбатан 36,1 фоизга ёки 535 мингга кам: ўтган йили Ўзбекистонда абитуриентлар сони 1,484 млн ташкил этган эди. Маълумот учун- 2019 йилда 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент ОТМларга ҳужжат топширган.

Олий ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқиш учун топширилган аризаларнинг умумий сонидан 479 627 (ўтган йили – 798 608 одам бўлган), сиртқи бўлимларга – 435 995 (648 733) ва кечкига – 32 589 (36 744) киши ҳужжат топширган.

Ўқитиш тиллари бўйича талабномалар қуйидагича тақсимланди: ўзбек (804660), рус (109232), қорақалпоқ (31462) ва бошқа тиллар (2857).

2021-2022 ўқув йили учун талабалар қабул қилиш бўйича давлат буюртмаси параметрлари бакалавриат учун 157,7 мингдан ортиқ, магистратура учун 12,9 минг.

Абитуриентлар сони нега камайиб кетди?

Айрим маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, имтиҳонлардаги фанларнинг кўпайиши туфайли бу йил олий маълумот олишни истаганлар сони камайган. Бошқалар бу ҳолатни коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият, "ёшларнинг ўқишга бўлган қизиқишининг сўниши" ва аҳоли даромади камайгани вариантларини ҳам илгари сурмоқда.

Озодлик суҳбатлашган олий таълим муассасаси ходимларидан бирининг фикрича, рақамлардаги бундай фарқ, энг аввало бундан икки йил олдин таълим тизимида олиб борилган ислоҳотларга боғлиқ.

У 2019-2020 ўқув йилида Ўзбекистонда барча касб-ҳунар коллежларига қабул эълон қилинмагани ва 11 - синфлар комплектацияси масаласи кейинги йилда ўқишга топширганлар сонини кескин ошириб юборганини гапирди.

- Менинг фикримча, ҳужжат топширганлар сонининг кескин ошиши, биринчидан, 2019 йилда коллежларнинг ёпилиши ҳисобига бўлди. 2019 йили 11 - синфни биринчи битирувчилари чиқди. Уларнинг кам сонли эканлигининг сабаби – ўқувчилар лицей ва коллежларга ўтиб кетган. 2020 йили коллеж ва лицейларнинг 3-босқич битирувчиларига қўшилиб, ўқиши 1 йилга қисқартирилган, яъни 2 босқич талабалари ҳам қўлига шаҳодатномани олган. Натижада, 2020 йили 11 - синфни 2019 йилга нисбатан анча кўп ўқувчи битирган ва улар абитуриентлар сонини кескин оширган.

Иккинчидан, сиртқи ва кечки таълим очилиши талабгорлар сонини кескин кўпайтирди. Каримов даврида ёпилган сиртқи таълим тизимига, айниқса ишлаб чиқаришда бўлган ёки кундузги бўлимларда ўқиш имконига эга бўлмаганлар оммавий равишда ҳужжат топширди. Ваҳоланки, демографияда жиддий ўзгариш бўлмаган, туғилиш ҳам ҳар йилгидек. Мен бошқа сабабни кўрмаяпман, - деди исмини очиқламасликни сўраган мутахассис.

Суҳбатдош 2020 йили ОТМга бакалавриат таълим йўналиши бўйича ҳужжат топширганлар сони 2019 йилга нисбатан 39 фоизга кўп бўлганини эслатди.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мутасаддиси эса, юқоридаги саволга жавобан, бу ҳолатнинг юзага келишига қатор сабаблар борлигини тахмин қилди. У 2020 йилда Ўзбекистон олий уқув юртларига талаб пандемия пайтида мамлакатни тарк эта олмаганлар ҳисобига ошди, дейди:

- Ковид билан боғлиқ чекловлар туфайли, айниқса Россия, Туркия ва Қозоғистондан келиб қолган жуда кўп собиқ муҳожир ёшлар Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб кўрган. Бу йили ишсиз ўтириб қолган ёшлар яна меҳнат муҳожирлигига кетди.

Ўзбекистонда ўтган йили кўплаб олий ўқув юртлари ўз филиалларини очди. Хато қилмасам, уларнинг сони бу йил 9тадан ошди. Кўпчилик абитуриентлар 2020 йили авж олган пандемия вақтида ҳам Хўжанд, Ўш, Чимкент, яна бир қисми Россия ОТМларига ҳужжатларини топшира олди.

Озодлик суҳбатлашган Ойбек исмли ўзбекистонлик муҳожир ўғли Белгороддаги давлат университетига ўқишга кирганидан хурсандлигини яширмади.

У ўғли икки йил Ўзбекистон олийгоҳларига ҳужжат топшириб, ўқишга қабул қилинмаганидан кейин минглаб бошқа ҳафсаласи пир бўлган йигит-қизлар каби “бахтини хорижда синаб кўргани”ни маълум қилди.

- Ўзбекистонда конкурс жуда катта. Масалан, Россиянинг кўплаб олий ўқув юртларига талаба етишмаяпти ва улар марказий осиёликлар эвазига курсларни тўлдиряпти экан. Менинг ўғлим шулар қаторида Россия давлати гранти ҳисобига Белгород технология университетида таҳсил олади. Энг муҳими, у ўз ўқишига ўзи ишлаб пул топиши мумкин. Кўплаб танишларимнинг Россияга ишга кетган фарзандлари ўқишга кириб олган, - деди Ойбек.

Озодлик суҳбатлашган Россиядаги қатор олий ўқув юртларидаги қабул комиссияси вакиллари 2021 йилда марказий осиёлик, айниқса ўзбекистонлик абитуриентлар сони кескин кўпайганини айтишмоқда.

"Миллий кадрлар" хорижда таҳсил олмоқчи

Краснодардаги Кубан давлат университетининг хорижлик талабалар билан ишлаш бўлими раҳбари Елена Семко бу йил ўқишга топширган хорижликлар сони 500 кишига ошганини билдирди.

"Россотрудничество"нинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Михаил Вождаев келтирган маълумотларга кўра, Россия олийгоҳларида 35 мингга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда ва бу рақам яқин келажакда икки баробарга кўпайиши мумкин.

Охирги икки йил ичида республикадаги биргина Россия олий ўқув юртлари филиаллари сони 4 тадан 11 тага кўпайган. Тошкентда РУДН университети ваколатхонаси ҳам очилган.

Президентнинг 2019 йил 6 сентябрдаги фармони билан 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасалари: касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлар тармоғи ташкил этиладиган бўлган.

Шу мақсадда президент Ислом Каримов даврида ташкил этилган 1214 касб-ҳунар коллежидан 340 таси касб-ҳунар мактабларига айлантирилган.

Ўзбекистонда 1997 йил августида қабул қилинган қарорга мувофиқ, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари "миллий кадрлар"га тенглаштирилган эди.

2016 йил декабрида президент Мирзиёев Каримов даврида қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури муваффақиятсизликка учраганини тан олган. 2017 йилдан бошлаб Мирзиёев таклифи билан 11 йиллик таълим қайта тикланганди.

XS
SM
MD
LG