Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:17

Хитойда таълим олишни истаётган ўзбекистонлик ёшлар кўпаймоқда


Нью-Йоркда истиқомат қилаётган мустақил журналист Эъзоза Яквалҳожиева “Eurasianet” нашри учун Хитойда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳақида мақола ёзди.

У билан суҳбатлашган ўзбекистонлик талаба Асилбек Хонхўжаев Гулистон давлат университетига кирганидан кейин, у ердаги билим сифати ва дарс дастуридан қониқмагани, шунинг учун Хитойда ўқишга қарор қилгани ҳақида сўзлаб берди.

Хонхўжаев 2018 йилда 28 та Хитой университетини бирлаштирувчи “China Campus Network” (CCN) тармоғи ёрдамида Сиань шаҳрига борган. Дастлабки ойларда у мандарин хитой тилини ўрганиш учун кунига 12 соатгача вақт сарфлаган. Бунинг ортидан миллиардер тадбиркор Жек Ма асос солган Алибаба бизнес мактабида таҳсил олиш учун тўлиқ стипендияни қўлга киритган.

"Мен ҳечам Хитойда ўқийман, деб ўйламаган эдим", дейди Хонхўжаев.

Шанхайда таҳсил олаётган яна бир ўзбекистонлик талаба:

"Сиз [Хитойда] ётиб олиб ўқимасангиз, яхши натижага эришмайсиз", деди.

Тошкентда хитой тили ўргатиладиган ягона давлат мактаби – 59-сонли мактаб Директори Фахриддин Шамсиев:

"Хитой тилини ўрганиш келажакка пойдевор қўйишнинг бир йўлидир", дейди.

59-сонли мактаб совет даврида тилга ихтисослашган мактаб сифатида ташкил этилган. Ҳозирги кунда мактаб ўқувчилари биринчи синфдан бошлаб мандарин хитой тилини ўрганади.

"Хитой билан бизнес қилиш орқали бой бўлишни истаган ҳар бир кишини магнит каби ўзига тортади. [Ота-оналар] бу ҳақида жуда эрта ўйлашади", - деди Шамсиев.

59-сонли мактаб яқин-атрофдаги маҳаллалардаги болалар учун мўлжалланган бўлса-да, шаҳар бўйлаб ота-оналар ўз фарзандларини унга беришга ҳаракат қилади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, сўнгги беш йилда Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори бўлди. “Xinhua нашри маълумотига кўра, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери мамлакатда 1 600 дан ортиқ хитой корхоналари очилган.

Бунга қарамай, Шамсиев она тили хитой тили бўлган ўқитувчиларни жалб қилиш мушкул эканини айтди.

"Яхши маош бўлмаса, келишни истамайдилар", - деди у.

Унинг сўзларига кўра, мактаб Хитойдан тўғридан-тўғри бирор моддий ёрдам олмайди.

"Инглиз ва рус тиллари ҳали ҳам оммабоп, шунинг учун барча давлат маблағлари уларга сарфланади. […] Менимча, бу бой берилаётган имконият".

"Мактабимиз аввалгидек эмас. Совет даврида Хитойдан келган ўқитувчиларимиз бор эди. Энди бизда битта ёки иккита бор. Тилни бу йўл билан ўрганиш қийин", дея қўшимча қилади Шамсиев.

Ланьчжоу университети ва Тошкент Давлат шарқшунослик институти ҳамкорлигида 2004 йилда ташкил этилган Конфуций институтига ҳар йили 800 дан ортиқ талаба ўқишга киради. Институтни бугунга қадар 4 000 га яқин талаба тамомлаган.

"Кўп [талабаларимиз] Хитой билан иш олиб боради ёки таржимонлик қилади", деди декан ёрдамчиси Озодбек Мардиев.

Хитойдаги ўзбекистонлик талабалар сони тўғрисида расмий статистика мавжуд эмас. Шундай бўлса-да, визалар билан шуғулланадиган ташкилотлар ҳисобларига кўра, Хитойда 5 000 га яқин ўзбекистонлик талаба бор бўлиб, уларнинг 30 фоизга яқини Хитой университетларидан стипендия ёки грант олган.

Истиқболли талабалар Хитойда ўқиш имкониятлари ҳақида кўпинча “YouTube” каби сайтларда хабар топади. Хитойда таҳсил олаётган бир неча ўзбекистонлик талаба, жумладан, Нодирбек Эркинов ва Насиба Аюбхонова “YouTube”да видео блог олиб боради.

XS
SM
MD
LG