Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:20

“Толибон билан учрашувларга фақат эркак дипломатларни юборишмоқда. Бу бемаънилик”


Хорижий мамлакатлар ҳукуматлари ва халқаро ташкилотлар толиблар билан учрашувга фақат эркакларни жўнатаётгани учун танқид қилинмоқда.

Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни босиб олганидан сўнг халқаро ҳамжамият ушбу жангари исломчи гуруҳни аёлларга нисбатан нотенг сиёсати учун жавоб беришга чақириш мажбуриятини зиммасига олган эди. Бироқ хорижий ҳукуматлар ва ташкилотлар томонидан толиблар билан учрашиш учун йўлланган кўплаб делегациялар таркибига аёллар киритилмаяпти. Ҳатто аёллар ҳуқуқлари бўйича музокараларни ҳам жангарилар билан фақат эркаклар ўтказмоқда.

Мазкур ҳолат афғон аёллари ва халқаро ҳуқуқбонларнинг норозилигига сабаб бўлди. Улар чет эл дипломатлари ва муассасаларини икки риёкорликда айбламоқда.

Толиблар ўзлари 1990-йилларда ўрнатган шафқатсиз режимнинг хос хусусияти бўлган аёлларга қарши қатор репрессив қонунларни қайтадан жорий этишди, жумладан, қизларнинг таълим олиши ва аёлларнинг меҳнат қилишига жиддий чекловлар ўрнатилди.

“2021 йилда, яъни аёлларни барча тинчлик жараёнларига тўла ҳуқуқли иштирокчи ўлароқ жалб қилиш зарурлигини исботлаш устида ўнлаб йиллар иш олиб борилганидан сўнг БМТ муассасалари ҳамда кўмак гуруҳлари Толибон билан учрашувларга фақат эркаклардан иборат делегацияларни йўллаётгани кишида ғазаб уйғотади”, дейди “Human Rights Watch” ташкилотининг аёллар ҳуқуқлари бўлими мудирдоши Ҳизер Барр Озодликка берган интервьюсида.

Барр Афғонистоннинг ўжар ҳукумати билан муҳокамаларда аёллар иштироки муҳимлигини урғулаш мақсадида фақат эркаклар қатнашган учрашувлар ҳақидаги маълумотларни ўзининг “Twitter”даги саҳифасида #sausageparty ҳештеги билан эълон қилди.

18 ноябрь куни Германия ва Нидерландия Толибон етакчилари билан аёлларсиз учрашув ўтказган мамлакатлар рўйхатини тўлдирди.

Бундан ташқари, толиблар билан Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Туркия, Россия, Хитой ва Покистон вакиллари ўртасида яқинда бўлиб ўтган учрашувлари фотосуратларида ҳам аёллар кўринмади. Шунингдек, БМТ Болалар фонди, Халқаро Қизил хоч қўмитаси ва “Чегара билмас шифокорлар” ташкилотининг Толибон билан музокаралари ҳам аёлларсиз кечди.

Ўтган ойда таниқли афғон аёллари делегацияси таркибида БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида бўлган собиқ афғон дипломати Асила Вардак БМТ муассасалари раҳбарлари қаршисида шу масалани кўтариб чиққанини айтади.

“Биз уларга “делегацияларга аёлларни олмаётганингиз толиблар учун фақат битта маънони – аёлларга оид масалаларда уларнинг йўриғига юраётганингизни англатади”, деб айтдик. Аёллар Толибон билан тўғридан-тўғри мулоқот қилмас экан, уларни пайқамайди”, дейди у Озодликка.

Илгари Кобул шаҳрида фаолият олиб борган Ижтимоий тадқиқотларни таҳлил қилиш ташкилоти раҳбари Марям Барялай айтишича, Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари ва ташкилотлари ўзлари билмаган ҳолда Афғонистонда аёллар ҳуқуқларига путур етказишмоқда.

“Толибларнинг сиёсий музокараларни аёлларсиз ўтказиш ғоясига йўл очиш бу бемаънилик ва хатодир”, дейди у Озодликка берган интервьюсида.

БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш бўйича махсус вакили Дебора Лайонс – Толибон етакчилари билан мунтазам ҳамкорлик қилувчи энг машҳур аёл саналади.

Унинг 17 ноябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгашида маълум қилишича, толиблар “аёллар ҳуқуқлари, жумладан,, уларнинг таълим олиш ҳуқуқи ислом қонунчилиги доирасида муҳофаза қилинган”ига ҳарчанд ишонтиришмасин, “афғон қизлари ва аёлларининг тамал ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар қадамда камситилмоқда”.

Август ойи ўрталарида халқаро тан олинган ҳукуматни йиқитганидан сўнг Толибон, 1996–2001 йиллардаги бошқарувдан фарқли ўлароқ, бу сафар хийла мўътадил сиёсат юритишини таъкидлаган эди.

Шунга қарамай, жангарилар ўзлари тузган муваққат ҳукумат таркибига битта ҳам аёлни киритишмади. Боз устига, кўплаб қизларга мактабда ўқишни тақиқлаб қўйишди, ишлайдиган аксар аёлларга эса уйда ўтиришни буюришди.

Афғон аёллари ўз ҳуқуқлари риоя этилишини талаб қилиб норозилик акцияларига чиқдилар. Аммо толиблар бу кичик намойишларни куч билан бостиришди: акциялар иштирокчилари калтакланди ва ҳибсга олинди.

“Гендер апартеид тизимига қарши курашаётган бу аёллар халқаро ҳамжамиятнинг қўллови ва бирдамлигига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож”, дейди Вашингтондаги Атлантика кенгаши таҳлил маркази ходимаси, афғон фаоли Саҳар Халаимзай.

XS
SM
MD
LG