31 август куни АҚШнинг cўнгги аскари Афғонистонни тарк этди. Қўшма Штатлар ва иттифоқчи давлатлар сўнгги икки ҳафта ичида Афғонистондан 120 мингдан зиёд одамни эвакуация қилишга улгурди.
Аммо ҳалқаро кучлар ёки Толибон томонидан ағдарилган ҳукуматга ишлаган кўплаб афғонлар мамлакат ичида қолаётир.
Қўшма Штатлар Кобул аэропортидаги вазият, қуруқликдаги чегараларнинг пандемия ва террор таҳдиди туфайли ёпилгани сабаб ҳаммани эвакуация қила олмаслигини айтган.
Айни пайтда Ўзбекистон ҳам Хайратон кўпригини ёпиб қўйди. Фақат визаси борларга чегарадан қонуний ўтишларига изн бермоқда.
Шу пайтгача бир ярим мингдан зиёд афғон қочқини Ўзбекистонга ўтгани ишонилади. Озодлик Толибонда қочишга улгурган ва улгуролмаган афғонистонликлар билан суҳбатлашди.
“Ким билан гаплашманг, Афғонистондан кетиш қайғусида”
Афғонистонлик Абдулла (исми хавфсизлиги нуқтаи назаридан ўзгартирилган) оиласи билан Ўзбекистонга қочиб ўтишга мувафақ бўлган афғон қочқинларидан бири.
Термиз шаҳрида қўним топган Абдулла сўнгги ҳафталарда бошдан кечирганлари ҳақида Озодликка сўзлаб берди.
“Ўзим ва оиламнинг жонини сақлаш учун Кобулдан Хайратон туманига келиб (Хайратон кўпригининг Афғонистон томонида жойлашган айни номдаги порт-шаҳар-таҳр.) толиблар назоратидан ўтдим. Кўприкнинг ярмидан ўтгандан сўнг қушдек енгил бўлдим. Ўзимни хавфсиз ҳис қилдим. Албатта, менинг визам борлиги сабаб ўзимни ва оиламни бу ёмон ҳолатдан қутқардим. Энди бу ёғига Ўзбекистонда қандай яшар эканман, деган ўй мени қийнаяпти. Бу ерда яшашга пул керак. Пули ва иши бўлмаган одам қандай яшар экан, билмайман”, - дейди Абдулла.
Унинг сўзларига кўра, Афғонистон пойтахти Кабулдан тортиб барча узоқ ва яқин ҳудудларида яшовчи одамлар Толибон ҳокимиятидан чега қочишга йўл ахтармоқда.
“Америкаликлар Кобулдан юз мингдан ортиқ кишини айрим ўлкаларга чиқаришган. Беш кун олдин Кобул аэропортида юз берган қонли портлашдан кейин мазкур майдонга кириш имконияти чекланди, ҳатто АҚШ Грин-карди борлар ҳам Кобулда қолиб кетди. Кўпчилиги Толибондан қўрқиб аэропортга яқинлаша олмадилар.
Афғонистонда ҳали янги ҳукумат қурилмаган, баъзи идораларда толиблар бошқарувни ўрнатган. Ҳаммаси "Мулло" ва "Мавлавий" исми билан. Масалан, Соғлиқ бўлимида доктор бўлиши лозим, лекин ҳеч қандай илми йўқ кишини масъул этиб тайинлаганлар. Кўп инсонлар, жумладан, врач, ўқитувчи, шоир, наққош, киночи журналист ва бошқа касб эгалари чет давлатларга кетиш йўлини ахтармоқда. Ким билан гаплашманг, Афғонистондан кетиш қайғусида. Ҳамма телефон ёки WhatsApp каби тармоқлар орқали "Ким кетди?", "Ким қолди?", "Ҳужжат тайёрладингми?","Ҳеч кимни танимайсанми, бизни чиқаришга ёрдам берса?", "Эртага нима бўлади?" деб сўрайди”, - дейди Абдулла.
Толибон аввалги ҳукуматга ишлаганлардан қасос олмаслигини айтаётган эса-да, кўпчилик, жумладан Абдулла ҳам бунга ишонмайди, улар мамлакат келажагидан хавотирда эканликларини айтишади.
“Мен толибларнинг ваъдаларига ишонмайман, чунки бу гуруҳ ўз ичида ҳеч қандай бир ҳамоҳанлиги йўқлиги ёнида, ким билан қандай бир равишда муомала қилишни ҳам билмайди. Толиблар билан юзма-юз бўлганда, ҳар қандай одам вужудига бир изтироб топилади, шаҳар ва вилоятларда одамлар руҳи ва равнақи йўқ, ҳамма мавҳум бир келажак билан дуч келмоқда”, - дейди Абдулла.
“Қочадиган жой йўқ ”
Шибирғонлик журналист Аҳмад (исми унинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан ўзгартирилган) Ўзбекистон чегарани ёпиб қўйиши ортидан турмуш ўртоғи ва икки фарзанди билан мамлакат ичида қолиб кетган.
“Толиблар ҳукуматга ишлаган журналистларни қидиряпти, деган хабарлар келяпти. Ҳозир Ўзбекистон томони визаси борларни ҳам ўтказмаяпти. Кўприкни ёпиб қўйган. Аввал Толибондан қочиб ўтганларни қайтариб юборяпти. Юзлаб оилалар бу ерда чегара очилишига кўз тикиб ўтирибди. Кобулдан учиб кетармиз деб борсак, бугундан парвозлар тўхтади. Аэропорт ёпилган. Туркманистон ва Тожикистон ҳам киритмаяпти. Хитой билан озгина чегара бор, у ердан ҳам ўтиб бўлмайди. Ягона йўл - Эрон ва Покистон орқали. Таниши, имконияти борлар шу мамлакатлар орқали чиқиб кетяпти”, - дейди Аҳмад.
Толибон барчага ўқиш ва ишлаш учун Ислом қонунчилиги доирасида рухсат этилишини айтган, аммо Аҳмад бунга ишонмайди.
“Шибирғонда ҳозирдан аёллар кўчага чиқолмайди. Муҳит бузилган. Ишсизлик кўп. Мактабларни очган, лекин қизлар бормаяпти. Тизим издан чиққан. Нормал ҳаёт издан чиққан. Бугун Толибон келганига йигирма кун бўляпти, қўрқув ичида қолганмиз. Кўпчилик иқтисодий қийинчилик билан юзма-юз келяпти.
Олдимиздаги қиш очарчилик қиши бўлади, нарх-наво ҳозирдан баланд. Ишсизлик, қашшоқлик авж оляпти. Чунки Толибонни ҳеч ким тан олмайди, иқтисодий ёрдамлар тўхтаган.
Ҳамма қочишни ўйлаяпти, лекин қочадиган жой йўқ. Биз афғонистонлик ўзбеклармиз. Ўзбекистон томони? ҳеч бўлмаса чегара ҳудудида лагер қилиб берса, ҳамма ўша ерга боришга рози бўлиб туришибди”.
Ўтган ҳафта Тошкент ҳукумати Афғонистонда Толибоннинг ҳокимиятни эгаллаши ортидан жон сақлаш илинжида Ўзбекистонга қочиб ўтган 150 нафар афғон фуқароси ватанига қайтарилганини билдирган эди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги "Толибон" раҳбарияти билан келишув натижасида чегарани ноқнуний кесиб ўтган 150 нафар Афғонистон фуқароси ўз хоҳиши билан ватанига қайтарилганини тасдиқлаган.
Вазирликка кўра, “Толибон” раҳбарияти бу шахсларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ қилинмаслигини ваъда қилган.
Ўзбекистон Афғонистонга қайтариб юборган афғон фуқароларининг кейинги тақдири борасида ҳеч нарса маълум эмас.
БМТ Қочқинлар идораси шу йилнинг ўзида ярим миллиондан зиёд одам Афғонистонни тарк этиши мумкин, дея баёнот берган.
БМТ Афғонистонга қўшни барча давлатлардан бошпана излаётган одамлар учун чегараларини очишни сўрамоқда.