Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:10

Тошкентдаги кушхоналарни Олмалиқ ва Оҳангаронга кўчириш режаси атроф-муҳит фаолларида хавотир уйғотди


Тошкентнинг “Ўзгариш” ва “Нўғойқўрғон” маҳаллалари аҳолиси узоқ вақтдан буён кечки пайт ёқимсиз ҳид тарқалишидан арз қилиб келган.
Тошкентнинг “Ўзгариш” ва “Нўғойқўрғон” маҳаллалари аҳолиси узоқ вақтдан буён кечки пайт ёқимсиз ҳид тарқалишидан арз қилиб келган.

Тошкентнинг “Салар” канали бўйи ва сув тозалаш иншооти яқинида жойлашган терини қайта ишлаш ва паррандачилик корхоналари ҳамда қорамол кушхоналарининг Олмалиқ ва Оҳангаронга кўчирилиши атроф-муҳит ҳимоячиларининг хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Уларга кўра, улкан заводлар жойлашган бу шаҳарлардаги аҳоли йиллар давомида тўпланиб қолган улкан заҳарли чиқиндилар ва ҳавонинг ифлосланишидан азият чекиб келади.

Мунтазам ёқимсиз, бадбўй ҳид таратиб, пойтахтликлар норозилигига сабаб бўлиб келган паррандачилик корхоналари ва қорамол кушхоналарининг кўчирилиши Олмалиқ ва Оҳангарондаги экологик муҳитни янада ёмонлаштириши мумкин.

“Шусиз ҳам ҳавонинг ифлослигидан баъзан кўчага чиқа олмайсиз. Ҳамма ёқ заҳарли чиқиндига тўлиб-тошган. Энди бу кушхоналарни ҳам олиб келадиган бўлса, аҳволни тасаввур қилаверасиз”, - дейди Олмалиқ шаҳрида яшовчи Регина Нигматулина.

Сассиқ ҳид

Тошкентнинг “Салар” канали бўйидаги терини қайта ишлаш ва паррандачилик корхоналари яқинидаги “Ўзгариш” ва “Нўғойқўрғон” маҳаллалари аҳолиси узоқ вақт давомида кечки пайт ёқимсиз ҳид таралишидан арз қилиб келган.

Ушбу маҳаллалар аҳолиси вакиллари бадбўй ҳид уйларига ўрнашиб, уни ҳеч нарса билан йўқотиб бўлмаётгани, "освeжител"лар ҳам кор қилмаётганини айтишади.

Дастлаб ёқимсиз ҳид пайдо бўлишида “Салар” оқова сувларни тозалаш иншооти айбланган бўлса, кейинчалик бунда ушбу ҳудуддаги канал бўйида жойлашган терини қайта ишлаш корхоналарининг ҳиссаси ҳам бўлиши мумкинлиги айтилганди.

Кейинчалик мутахассислар ҳолатни ўрганиб, ёқимсиз ҳид таралишининг асосий сабаби "Салар" тўйинтириш иншооти ҳамда Бўзсув каналига кушхоналар ва парранда корхоналари томонидан оқава ҳамда чиқинди оқизилиши, деган хулосага келишган.

Тошкент шаҳар ҳокимияти расмийлари “Салар” оқова сувларни тозалаш иншооти атрофида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида 4 август куни бўлиб ўтган йиғилишда ахолининг шикоятлари ўрганилиб, паррандачиликка ихтисослашган корхоналар ва қорамол қушхоналарини Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри ва Оҳангарон туманларида ташкил этиладиган “Махсус саноат зона” ларига кўчириш ҳақида қарор олинганини маълум қилишган.

“Энди Олмалиқ ва Оҳангарон яна кўпроқ сасийди”

Бу қарор ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

“Раҳмат, кераги йўқ бизга бу кушхоналарни. Кимдир шу кушхона ва парранда корхоналарини кўчириш ҳақида бу шаҳарлар аҳолисидан сўрадими?!”, - деб ёзди Руслан Юмабаев исмли Фейсбук фойдаланувчиси.

Мухтор Ғозиев исмли бошқа бир фойдаланувчи эса: “Энди Олмалиқ ва Оҳангарон яна кўпроқ сасийди. Қойил, тошкентликлар ҳамма ахлатни бизга ағдариб, муаммоларини ҳал қилишди, қўйишди”, - дея фикр билдирди.

Ўзбекистонлик атроф-муҳит ҳимоячиси ва блогер Алексей Гаршин пойтахтликлар норозилигига сабаб бўлиб келган паррандачилик корхоналари ва қорамол кушхоналарини кўчириш муаммонинг ечими бўла олмаслигини таъкидлайди:

“Нафақат “Салар” канали, “Бўзсув” канали ҳам ахлат ва чиқиндиларга тўла. Мен бу муаммо ҳақида кўп ёзганман. У кушхоналарни бошқа жойга кўчириш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Қонуний меҳанизмлар, жарима тизими ишламас экан, бу корхоналар бугун “Бўзсув”ни ифлос қилган бўлса, эртага бошқа каналларни ахлатга тўлдиради”, - дейди Гаршин.

Металлни қайта ишловчи ҳамда кимё ва цемент заводлари жойлашган Олмалиқ Ўзбекистоннинг экологик энг ифлос шаҳарларидан ҳисобланади.

Маҳаллий аҳоли вакиллари ҳавонинг шунчалик ифлослигидан баъзан кўчага чиқа олмасликлари ва тери касалликларининг кўплигидан шикоят қилиб кедадилар.

Мутахассисларга кўра, аҳоли орасида астма ва сил каби ўткир нафас хасталиклари кенг тарқалган.

XS
SM
MD
LG