Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:04

“Нефтчи” спорт мажмуасининг 79 тренер ва техник ходимлари ишсиз, 2000 бола кўчада қоладиган бўлди


"Нефтчи" спорт мажумаси
"Нефтчи" спорт мажумаси

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи маъмурияти “Нефтчи” спорт мажмуасидаги секциялар тренер ва ходимларини 21 октябрдан бошлаб чақиртириб, улар билан меҳнат шартномаси тугаганлигини эълон қилмоқда.

Завод маъмурияти бунга стадион қошидаги спорт мажмуаси шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказилганини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Спорт мажмуаси ходимларининг айтишича, ҳокимлик шу пайтгача тренерларга иш топиб беролмаган, техник ходимларни эса завод маъмурияти ишга олмаяпти.

Турли секцияларда машғулот ўтказаётган 2000дан ортиқ боланинг кейинги тақдири ҳам номаълум қолмоқда

Фарғона шаҳар ҳокимлиги бу масаладаги саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи тасарруфидаги “Нефтчи” спорт мажмуасидаги секциялар тренер ва ходимлар ишдан бўшатила бошлагани тўғрисида Озодликка хабар берган спорт мажмуаси тренерларидан бирининг айтишича, 18 нафар ходим заводга чақиртирилиб, улар билан меҳнат шартномаси тугаганлигини маълум қилинган:

80 га яқин ходимлар энди қаердан иш топади, ҳайронмиз.


“Кадрлар бўлимидан шу ойнинг охиригача ишлайсизлар, буйруқ тайёрланяпти, бошқа ишламайсизлар, деди. Биз сизларни икки ой олдин огоҳлантирганмиз, дейишди. Тўғри огоҳлантиришган, лекин 80 га яқин ходимлар энди қаердан иш топади, ҳайронмиз. Бўлмаса, техник ходимларимизни заводнинг ўзига ишга олинглар десак, унашмаяпти”.

Тренернинг айтишича, 19 нафар мураббий-тренер ва 60 нафар техник ходимлар икки мингдан ортиқ болага машғулот ўтиб келяпти:

Бундай кенг қамровли комплекс вилоятда ягона ҳисобланади.


“Бизда асосан 7-16 яшар болаларга бокс, самбо, волейбол, баскетбол, футбол, теннис, каратэ, футбол, сузиш ва бошқа спорт турларидан бепул машғулот ўтказилади. Завод ишчилари ҳам келиб, машқ қилишади. Бундай кенг қамровли комплекс вилоятда ягона ҳисобланади. Завод яхши ҳомийлик қилиб келаётган эди. Энди, тап этиб, ноль қийматда ҳокимлик балансига ўтқазиб қўйишди. Лекин ҳеч кимга керак эмасмиз шекилли, ҳокимиятдан ҳам ҳеч ким сўрамайди”

Исми сир қолишини сўраган бошқа тренернинг айтишича, жорий йилнинг бошида, ҳокимлик мажлис ўтказиб, барча штатлар сақланиб қолиши, ҳомий ўзгариши машғулотларга салбий таъсир ўтказмаслиги тўғрисида ваъда берган:

“Февраль ойида ҳокимиятдан, спорт бошқармасидан вакиллар келиб бу спортшкола бўлади, ҳеч ким кўчада қолмайди, ҳамма иш билан таъминланади, деган эди. Ўша пайтдаги завод директори Абдукарим ака эди. У ҳаммангларни спорт бошқармаси ишга жойлайди, ким жойланмаса биз заводга ишга оламиз, деб ваъда берган эди. У директор ҳам ишдан кетди, ваъдалар ҳам унутилди. Ҳозир ҳеч қандай гап йўқ”.

Исми сир қолишини сўраган мажмуа фаррошларидан бири ҳам ишдан бўшатилганини айтди:

“Заводга ташқаридан ишга қабул қилишяптику, бизни ҳам олинг десак, унашмаяпти. Бизнинг ҳам тирикчилигимиз бор, энди бола-чақамизни қандай боқамиз?”

“Нефтчи” спорт мажмуаси директори Роҳатали Ҳамралиевнинг айтишича, ҳозирча ҳокимиятдан бу муаммони ҳал қилишга ҳеч қандай таклиф айтилмаган:

Ҳозир мураббийлар ҳам қисқаряпти. Улар бўлмаса, болалар ҳам келмайди.


- Ўтган йили Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқиб, стадионимиз ва спорт мажмуаси заводнинг балансидан чиқарилиб, бизнинг штатлар қисқартирилган. Ҳокимият энди спорткомитетга бериши керак. Спорткомитет штат очиб, бу ерда мактаб бўлиши керак. Биз, майли янги йилгача ишлаб туришсин, янги йилдан штатлар жорий қилсанглар ўшанга ўтиб ишлашади, деб ҳокимиятга таклиф берган эдик. Ҳозир мураббийлар ҳам қисқаряпти. Улар бўлмаса, болалар ҳам келмайди. Шаҳар ҳокимлиги спорт бўлимига мураббийлар рўйхатини бердик, мактабларга бириктириб беринг, болалар шуғулланиб туришсин, кўчада қолиб кетмасин, деб. Лекин ҳозирча ҳеч қандай иш кўринмаяпти.

Фарғона шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фарҳоджон Абдиллазов қабулхонасига Озодлик кун давомида бир неча бор қўнғироқ қилди. Биринчи бор, Озодликдан қўнғироқ бўлаётганини эшитган мулозим, гўшакни қўйиб қўйди. Бир соатдан кейин эса гўшакни кўтарган мулозим Озодликнинг бу саволига жавоб берадиган шахс идорада йўқлигини айтди.

Жорий йилнинг феврал ойида “Нефтчи” спорт мажмуаси ходимлари ишсиз қолиши мумкинлиги ҳақида Озодликка ёзган эди.

Ўшанда шаҳар ҳокимлиги ва вилоят спорт бошқармаси ҳеч ким ишсиз қолмаслигига ваъда берган бўлса, ўтган 9 ой давомида бу масала ечимини топмади.

Президентнинг махсус қарори билан Фарғона водийсидаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводининг 100 фоизлик улушига эгалик ҳақини Индонезиянинг «РТ Trans Asia Resources» ширкати олган.

Унинг эгалари асли ўзбекистонлик Аслановлардир.

Асли ўзбекистонлик деб айтиладиган Аслановлар ва уларнинг бизнесига оид очиқ манбаларда деярли маълумот йўқ - Фарғона заводига 875 миллион доллардан кўпроқ инвестиция киритиши айтилаëтган «РТ Trans Asia Resources» ширкатининг расмий сайти ҳам мавжуд эмас.

2018 йилнинг 12 июнь куни вилоят фаоллари билан йиғилишда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг “каламушлар”¸ “фарғоналик келинлар” ва “Фарғонани ўғирлаган тўда” қўлида бўлганини айтган Мирзиëев¸ бу сифат берилганлар шахсини очиқламаган эди.

Фарғона водийсидаги сердаромад ишлаб чиқариш ва хизматларнинг Ислом Каримовнинг қайинсингли Тамара Собирова ва унинг ўғли Акбарали Абдуллаев томонидан назорат қилингани айтилади.

Фарғона нефтни қайта ишлаб заводи билан боғлиқ жиноятларда айбланган Акбарали Абдуллаев ҳозирда қочқинликда яшамоқда.

XS
SM
MD
LG