АҚШ президентлиги учун номзодлар ўртасида учинчи ва сўнгги баҳс бўлиб ўтди. Унда республикачилар номзоди Дональд Трамп ва демократлар вакили Ҳиллари Клинтон америкаликларга мурожаат қилиб, ички ва ташқи сиёсат, иқтисодиёт ва иммиграция каби бир қатор масалаларда мунозара қилди.
Дональд Трамп сайловнинг фирибгарлик билан ўтаётганини яна бир бор тилга олиб, агар ютқазса, натижани қабул қилишдан бош тортиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Натижа қандай бўлишидан қатъи назар, уни қабул қиласизми, деб сўралган саволга "бунга ўша пайтда жавоб бераман", деди Трамп.
"Матбуот жуда нохолис ва йўлдан озган. "Нью-Йорк Таймс" ҳатто бу ҳақда мақола ёзди, - деди Трамп. - Агар сайловчилар рўйхатига қарасангиз, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган миллионлаб одамлар ҳам рўйхатдан ўтганини кўрасиз".
Республикачи миллиардер айни пайтда рақиби Ҳиллари Клинтонни жиноят содир этганликда айблаб, унинг сайловда қатнашаётганини ноҳақлик деб атади. Унга кўра, давлат хизматини шахсий электрон почта орқали юритгани юзасидан ҳисоб беришга чақирилганда, Клинтон минглаб ёзишмаларини ўчирган ва бу билан жиноят содир қилган. Унинг жазога тортилмагани катта хато, деди у.
Клинтон Трампниг бу айбловларини сайловни бой бераётган номзоднинг "валдираши"га қиёслади.
"Ҳар сафар Дональд ишлари ўзи хоҳлагандек кетмаётганини сезса, ҳамма нарсани ўзига қарши ишлаётганликда айблайди, - деди Клинтон. - Федерал Қидирув Бюроси менинг хатларим устида бир йил суриштирув олиб борди ва унда ҳеч қандай жиноят йўқ, деган хулосага келди".
Бунга жавобан, Трамп ФҚБни ҳам йўлдан озганликда айблади.
Клинтон Трампнинг фикрлаши аслида хато эканига эътибор қаратди.
"Бу кулгили, айни пайтда хавотирлидир, - деди у. - Демократия бундай бўлмаслиги керак. 240 йилдан бери бормиз. Доим эркин ва адолатли сайловлар ўтказиб келганмиз. Ёқтирмасак ҳам, доим натижани қабул қилганмиз. Президентлик сайлови учун саҳнага чиққан ҳар бир одам шундай қилиши керак".
Баҳс мавзуси ташқи сиёсатга ўтганда, Трамп Клинтонни аёвсиз танқид қилишга тушди. Унга кўра, Клинтон давлат котиби бўлиб ишлаган пайт Ироқ, Сурия ва Яқин Шарқнинг бошқа давлатларида АҚШ боши берк кўчага кириб қолди. Россия ва Эрон Вашингтондан ақллироқ чиқиб, Яқин Шарқни тўлиқ ўз назоратига олди, деди у. Трамп, шунингдек, Клинтоннинг Ироқ урушини ёқлаб овоз берганини қоралади ва "Исломий давлат" жангари гуруҳининг пайдо бўлишида шу овознинг ҳиссаси бўлганига ишора қилди.
Клинтон эса давлат котиби бўлиб ишлаган пайтлари ҳар доим Америка манфаатлари ва инсон ҳуқуқлари қадриятларини ҳимоя қилиб ишлаганини айтди.
Президентлик учун номзодларнинг қанчалик муносиб экани ҳақидаги савол муҳокама қилинганда Доналд Трампнинг кўплаб аёлларга рухсатсиз жинсий тажовуз қилгани масаласи кўтарилди. Трамп буларнинг барча бўҳтон эканини таъкидлади, аммо Клинтон республикачи номзоднинг аёлларга муносабати қандай эканини аввал рўй берган ва тасдиғини топган бошқа мисоллар билан кўрсатиб, бундай ахлоқсизлик Трамп учун одатий ҳол эканини айтди.
Томонлар 8 ноябрда бўладиган сайлов олдидан сўнгги бор теледебатда қатнашди. Овоз бериш кунигача номзодларнинг сайлов кампанияси давом этади.