Туркиянинг мухолифатдаги Республика халқ партияси (Cumhuriyet Halk Partisi, СНР) партияси мамлакат президенти лавозимига номзод сифатида ҳибсга олинган ва лавозимидан четлатилган Истанбул шаҳар мэри Акрам Имомўғлини кўрсатди.
Праймеризда уни 15 миллионга яқин киши қўллаб-қувватлади. Бу маълумотни Истанбулдаги митинг вақтида партия раҳбари Ўзгур Ўзел эълон қилди, шунингдек, бу ҳақда Имомўғлининг ўзи ҳам Х ижтимоий тармоғи орқали маълум қилди.
"Сизлар билан Силиври қамоқхонасидан мени жуда хурсанд қилган хабарни ўртоқлашмоқчиман. 15 миллион фуқаромиз овоз бериб, Эрдўғонга: 'Бас!' дедилар", — дейилади унинг хабарномасида.
Мухолифат партияси раиси Ўзгур Ўзел Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни муддатидан аввал президентлик сайловларини ўтказиш ҳақида қарор қабул қилишга ва ушбу сайловларда Акрам Имомўғли билан беллашишга чақирди.
19 март куни эрталаб Туркия ҳукумати Истанбул шаҳар мэри Акрам Имомўғли ва унинг жамоаси аъзолари — Имомўғлининг маслаҳатчиси ва Medya AŞ раҳбари Мурат Онгун ҳамда Имомўғлининг сайловолди кампанияси раҳбари Нежати Ўзканни "фойда олиш мақсадида жиноий ташкилот тузиш" айби билан ҳибсга олди. Шунингдек, 100 дан ортиқ кишини ҳибсга олиш учун ордерлар берилган.
Туркия адлия вазирлиги жиноят ишининг сиёсий тусга эга эканини қатъиян рад этмоқда. Аммо Истанбул мэри бу таъқибни "халқ иродасига зарба" деб атади ва норозилик намойишларига чақирди.
Имомўғлининг праймериздан бир неча кун олдин ҳибсга олиниши Эрдўғоннинг рақибини четлатишга уриниш сифатида қабул қилинди. Туркиянинг йирик шаҳарларида бир неча кундан бери оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.
Имомўғли 2019 йил март ойидан буён Истанбул шаҳар мэри лавозимини эгаллаб келмоқда. Агар Эрдўғон яна бир муддат президентликка номзодини қўйса, унинг асосий рақиби бўлиши мумкин. Туркия президентлик сайловлари 2028 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Шарқшунос Руслан Сулаймоновнинг Настояшчее время телеканалига берган интервьюсида айтишича, Имомўғлининг ҳибсга олиниши Туркия сиёсатини бутунлай ўзгартириб юборадиган ҳодиса.
"Имомўғли иқтидордаги партия номзодларини тўрт марта мағлуб қилган ва шахсан Эрдўғонга мағлубият етказган ягона сиёсатчидир. Мен 2019 йилдаги Истанбул сайловларини назарда тутяпман. Ўшанда Имомўғлига ҳокимият партияси номзодини икки марта мағлуб этишга тўғри келган, чунки ҳукумат биринчи марта шаҳар сайловлари натижаларини тан олмаган эди. Аммо Имомўғли иккинчи марта ҳам ғалаба қозонди ва бундан ҳам катта фарқ билан ютиб чиқди".
Таҳлилчининг фикрича, ҳозирда воқеалар ривожининг камида эҳтимолий икки сценарийси мавжуд.
"Ё мухолифат ва жамоатчилик ҳукуматга янада кўпроқ босим ўтказади ва ҳукумат орқага чекиниб, Имомўғлини озод қилади, уни лавозимида қолдиради ва сайловларга тайёргарлик кўришига ҳамда қатнашишига рухсат беради. Ёки ҳукумат охиригача боради: Имомўғлини қамоққа ташлаб, унга "вақтинчалик ўринбосар" тайинлайди, яъни ҳукмрон партия вакили шаҳар мэри вазифасини бажарувчи қилиб қўйилади.
Ҳозир ҳукуматда бу имконият бор, чунки Имомўғлини террорчилар билан алоқаларда айблашмоқда. Фақат шу модда бўйича ҳукмрон партиядан "вақтинчалик раҳбар" тайинлаш мумкин".
Аммо Сулаймоновнинг фикрича, қайси сценарий амалга ошмасин, Эрдўғон аллақачон ютқазган.
"У катта хатога йўл қўйди, чунки у Имомўғлини янада машҳур қилди. Қандай бўлмасин, Имомўғли қамоқдан чиққач, янада машҳур бўлади. Чунки Туркия сиёсий маданиятида ўз ғоялари учун шаҳид бўлиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Қизиғи шундаки, Эрдўғон ҳам бу жараёндан ўтган: 1998 йилда уни диний нафрат қўзғатиш айби билан қамоққа олишганди. Қамоқдан чиққач у янада машҳур бўлди ва орадан икки йил ўтиб Туркия раҳбарига айланди".
Экспертнинг фикрича, Ислом кучли бўлган кўплаб постсовет давлатларида Эрдўғон жуда машҳур ва кўпчилик унинг тўғри ҳаракат қилаётганига ишонади, яъни Имомўғлига қарши курашиш керак, деб ҳисоблайди.
"Бундай кайфиятлар мавжуд. Лекин кўпчилик постсовет давлатлари, Болтиқбўйи давлатлари ва Грузияни ҳисобга олмаганда, Туркиядаги каби сиёсий рақобатга ўрганмаган.
Шу сабабли, улар учун мухолифат умуман автократга, ҳокимиятни ўз қўлида мутлақ сақлашни истаган кишига қарши кураша олиши қизиқ. Ҳар ҳолда Туркия постсовет давлатларидагидан фарқли сиёсий маданиятга эга. Туркияда мухолифат бор, сиёсий кураш бор. Мухолифатда вазиятни ўзгартириш, ўзининг машҳур мэрларидан бирини ҳимоя қилиш имконияти бор".
Форум