Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2025, Тошкент вақти: 22:17

Ўқи, лекин артма! Туркманистонда давлат газеталарини "булғамаслик" буюрилди


Туркманистонда Халқаро хотин-қизлар куни. Гуллар Гурбангули Бердимуҳамедов сурати туширилган газетага ўралган.
Туркманистонда Халқаро хотин-қизлар куни. Гуллар Гурбангули Бердимуҳамедов сурати туширилган газетага ўралган.

Туркманистоннинг қаттиқ цензураланадиган газеталарида янгиликлар деярли йўқ, одамлар улардан бошқа мақсадларда фойдаланади.

Асосан президент Сердар Бердимуҳамедов ва унинг отаси, собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедовни мақтовчи мақолалар билан тўлдирилган бу давлат нашрларини илгари ҳожатхона қоғози сифатида, нарсаларни ўраш ва тутатқи учун ишлатишарди.

Энди эса, ҳужжатни имзолаган бир нечта давлат хизматчилари айтишича, ҳокимият давлат хизматчиларини ҳукмрон оиланинг "сурати туширилган газета ва журнал саҳифаларини асраш"га ваъда берувчи ёзма тилхатни имзолашга мажбур қилмоқда.

Эркин матбуот амалда тақиқланган қашшоқ ва мустабид Марказий Осиё мамлакатида давлат ходимлари ва талабалар кўпинча давлат газеталарига мажбуран обуна қилдирилади.

Болқон вилоятидаги давлат хизматчиси "Озодлик" радиосининг Туркман хизматига исмини ошкор қилмаслик шарти билан айтишича, унинг шаҳридаги давлат хизматчиларига Янги йилдан бошлаб давлат газеталарини "булғамаслик" буюрилган.

Риоя қилинишини назорат қилиш учун ҳокимият газеталарнинг ҳар бир саҳифасига QR кодларни чоп этиши мумкинлигини айтган. Болқондаги яна бир давлат хизматчиси айтишича, бу уларга газетани ким ифлос қилганигача кузатиш имконини беради.

"Энди уйда болалар газеталарга қўл теккизишига ҳам қўрқамиз. Агар ёш бола президент суратини йиртиб ёки бузиб, кўчада бирор жойга ташлаб қўйса, ишимиздан ажралишимиз мумкин," дейди исмини ошкор қилмасликни сўраган давлат хизматчиси.

Жуда кам давлат ходимлари бу газеталарни ўқийди ва аксинча, уларни уйда ёки ишда бошқа мақсадларда ишлатади.

Ёмғирли ойларда эски пойабзалларни тўлдириш учун газеталардан фойдаланиш кенг тарқалган. Аҳолининг харид қобилияти пастлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳожатхонада ҳам мунтазам равишда газеталардан фойдаланилади.

"Ёмон хабар" чиқмайди

Туркманистон "Чегарасиз мухбирлар" сингари ОАВ кузатувчилари томонидан доимий равишда матбуот эркинлиги бўйича дунёдаги энг абгор давлатлар қаторига киритилади.

67 ёшли Гурбангули Бердимуҳамедов 2022 йилда президентликни 43 ёшли ўғли Сердарга топширганидан бери вазият яхшиланмади. Катта Бердимуҳамедов ҳамон мамлакатнинг асосий қарор қабул қилувчиси ҳисобланади.

"Чегарасиз мухбирлар"нинг маълум қилишича, мамлакатда мустақил оммавий ахборот воситалари мавжуд эмас, бу ерда журналистика "фақат режимни мақташдан иборат".

Ҳукумат норозиларни шафқатсиз бостиришда давом этмоқда – танқидчилар таъқиб қилинмоқда, калтакланмоқда, қийноққа солинмоқда, қамоққа олинмоқда ва ҳатто ўлдирилмоқда. Кўпчилик чет элга қочишга мажбур.

Ўтган йили "Озодлик" радиосининг собиқ мухбири 35 ёшли Ҳудойберди Аллашов узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этди. Унинг тарафдорлари бу касаллик унинг иши туфайли ҳукумат босими оқибатида юзага келганини таъкидлашмоқда

Форум

XS
SM
MD
LG