Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:46

Самарқанд вилояти собиқ ҳокими Туробжон Жўраев 13 йилга қамалди


Самарқанд вилояти собиқ ҳокими Туробжон Жўраев
Самарқанд вилояти собиқ ҳокими Туробжон Жўраев

2 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг ёпиқ суд мажлисида Самарқанд вилояти собиқ ҳоким Туробжон Жўраев ва унинг жиноий шерикларига нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Тошкент вилояти прокуратурасининг номини очиқлашни истамаган мулозимига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205 ("Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан чиқиш) ва 210 ("Пора олиш") моддалари билан айбдор деб топилган собиқ ҳоким Туробжон Жўраев 13 йилга, ҳоким ўрибосари Ўткир Абдуллаев 11 йилга, ҳокимлик бош мутахассиси Баҳодир Хўжақулов 7 йилга, мутахассислар Ботир Абдуллаев 6 йилга ва Тўлқин Сулаймонов 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Сулаймоновга нисбатан чиқарилган қамоқ жазо шартли жазога алмаштирилди.

Шунингдек, судланувчиларнинг барчаси муайян муддатга раҳбарлик лавозимларида ишлаш, мансабдорлик ёки моддий жавобгарлик билан боғлиқ ишларда хизмат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Жиноят иши материалларига кўра, "жиноий гуруҳ раҳбари" дея кўрсатилган Туробжон Жўраев Самарқанд шаҳрида кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун пудратчилардан жами 2 140 000 АҚШ доллари миқдорида пора олган.

Бироқ пора олиш билан боғлиқ тезкор жараёнда тезкор гуруҳ томонидан операция ташкил этилмаган.

Пора олиш эпизодлари гувоҳлар ва жабрланувчилар кўрсатмаларигагина асосланади.

Судланувчиларнинг яқинлари иддаосига кўра, уларга нисбатан дастлабки тергов жараёнларида Бош прокуратура тергов гуруҳи раҳбари Ёрқин Ҳалимов ҳамда жиноят қидирув бўлими ходимлари, терговчилар томонидан қийноқлар қўлланилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан судланувчиларнинг яқинлари Президент ва бошқа идораларга кўп маротаба мурожаат қилганлар.

Жиноят ишида давлат сири билан боғлиқ фактлар бўлгани боис у тўла ёпиқ ҳолда кўрилди.

Маҳкама иштирокчиларидан жараён ҳақида маълумот сиздирмаслик бўйича тилхатлар олинган.

Туробжон Жўраев ва унинг шерикларига нисбатан жиноят иши халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг 2018 йил 13 июль куни ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида иштирок этган Бош вазир Абдулла Арипов ва Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевлар кўрсатмасига асосан қўзғатилганди.

13 июль куни Самарқанд вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғинида Туроб Жўраев жиноий ҳатти-ҳаракатларига оид видеоматериал намойиш қилингани ҳақида бевосита ушбу мажлис иштирокчилари Озодликка хабар қилган эди.

Айни шу куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Facebookдаги расмий саҳифасида ҳуқуқ тизимлари томонида икки йирик коррупцион схема (жумладан, Туроб Жўраев)га чек қўйилгани ҳақидаги видеоматериал эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG