Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:40

Украина шарқидаги жангларда яна бир ўзбек "наёмниги" отиб ўлдирилди (ВИДЕО)


Ҳожиакбар Шарипов 32 ёшда эди.
Ҳожиакбар Шарипов 32 ёшда эди.

Донбассда халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган ДНР тузилмаси сафида Украина ҳукумат кучларига қарши урушган яна бир ўзбекистонлик отиб ўлдирилди.

Бу ҳақда хабар берган украин қўшинлари офицери Анатолий Штефанга кўра, 3 июль куни отиб ўлдирилган 32 яшар навоийлик Ҳожиакбар Шарипов жасади 6 июль куни Ўзбекистонга жўнатилган.

Донбассда ДНР тарафида жанг қилган ўзбекистонлик отиб ўлдирилди

3 июль куни Украина шарқида давом этаётган қонли тўқнашувлар пайтида халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган “Донецк халқ республикаси” (ДНР) тузилмаси тарафида жанг қилган ёлланма ўзбекистонлик шахс отиб ўлдирилди.

Бу ҳақда Украина қуролли кучлари офицери Анатолий Штефан "Штирлиц" ўз Telegram каналида хабар тарқатди.

“Шарипов Ҳожиакбар Истамович “ўзбек” (26/01/1987 йилда туғилган, Томск/Навоийдан), 03.07.2019 йилда Ясиноватая туманида ҳалок бўлди. Цинк тобут, музлатгич ва Ўзбекистонга узоқ йўл”, деб ёзди украиналик офицер.

Анатолий Штефан бу хабарига Ҳожиакбар Шариповнинг цинк тобутда ётган фотосуратини ҳам илова қилди.

Украинанинг "Миротворец" сайтида ҳам Шариповнинг "ликвидация" қилингани борасида маълумот эълон қилинди.

Айтилишича¸ 32 яшар Шарипов олдин ҳам ярадор бўлган ва 2015 йилнинг августида “ДНР/ЛНР” тиббий муассасаларига мурожаат қилган. У Украина шарқида уруш амалиëтлари бошланган 2014 йилдан буён Донецк жангариларининг “Восток” бригадасида жанг қилган; юк ташувчи машина ва БМП ҳайдовчиси бўлган.

Уни шахсан таниган днрчилар “ВКонтакте" тармоғида “ўзбек” лақабли бу жангарининг Донецк аэропорти, Блесна, Авдеевка ва Промкадаги жангларда иштирок этгани, яқин орада Ўзбекистонга бориб келишни ният қилганини ​ëзди.

Ҳожиакбар Шарипов Донбассда.
Ҳожиакбар Шарипов Донбассда.

ДНРчилар эълон қилган ҳужжатлардан Ҳожиакбар Шариповнинг Томск университетини бошланғич синф ўқитувчиси йўналишида битиргани кўрилади.

“У бу ҳаётда ўз ўрнини топа олмаган эди”

Ҳожиакбар Шарипов жангариларга қўшилишдан олдин Россиянинг Томск шаҳрида яшаб келган. Уни шахсан билишини айтган Томск вилоят ўзбеклар диаспораси раҳбари Ҳамза Ҳамроев Шариповнинг "криминал ишларга аралашганидан кейин" Донбассга кетганини айтади.

- Томскда тайинли бир иш билан шуғулланмасди. Доимо проблема эди – дам ўғирлик қиларди, дам биров билан урушарди, болницадан чиқарардик... Порядочний одамлар у билан гаплашмасди. Постоянно криминалда эди – биров “груз” қилса келарди ёрдам сўраб. Чиқариб олардик уни доимо. Проблемалари бошланганидан кейин Донбассдаги уруш бошланишидан 4-5 ой ўтиб йўқолди, ҳеч кимга айтмасдан кетворди, дейди ўзбек жамияти раҳбари Озодлик билан суҳбатда.

Ҳ.Шарипов Томскдаги Мустақиллик байрамида Н.Афанди образида
Ҳ.Шарипов Томскдаги Мустақиллик байрамида Н.Афанди образида

"Ҳожиакбар Шариповни ҳаётда ўз ўрнини топа олмаганлар тоифасидан экани"ни таъкидлаган Ҳамроев, Донбасс, Сурия ва уруш бораëтган бошқа “қайноқ” нуқталарга¸ асосан¸ шу каби "криминал- авантюристлар” кетганини таъкидлайди.

- Томскда ҳеч кими йўқ эди унинг. Ўзбекистонда, Навоийда опаси бор эди. Отасиз ўсган эди, менимча. Донбассга кетганида Россия гражданлиги йўқ эди. Томскда доимий яшарди. Донбассдаги урушга бу ҳаётда ўрнини топмаганлар кетди. Ҳожиакбар ҳам бу ҳаётга мослаша олмаган Моторола ва Гивилар(Донбасс сепаратчиларининг криминал етакчилари - таҳр.) тоифасидан эди, дейди Ҳамза Ҳамроев.

Озодлик Украина шарқидаги можарода урушаётган ҳар икки тарафда ҳам ўзбеклар ва ўзбекистонликлар борлиги тўғрисида кўп маротаба хабар берган.​

Айни пайтда¸ улар сонига оид ишончли маълумот йўқ.

​Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ўзбек гражданларига ҳарбий ҳаракатларидан узоқроқ юришни тавсия қилиб, мамлакат Жиноят Кодексининг 154- моддасида “ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш” 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини эслатган.

Ўтган йил март ойида фарғоналик 34 яшар Маъруфжон Нишонов снайпер қуролидан ўқ отаётганида украин жангчилари томонидан йўқ қилингани тўғрисида Украина Қуролли Кучлари зобити хабар қилди.

Россия ҳукумати ва шахсан президенти Владимир Путин эса Украина можаросига рус ҳарбийлари ва ФСБсининг мутлақо алоқаси йўқлигини такрор ва такрор таъкидлаб келмоқда.

Германияда чиқадиган The Frankfurter Allgemeine Sanntagszeitung газетаси, немис разведкасидаги ўз манбаларига таянган ҳолда, Украина шарқида қуролли тўқнашувлар бошланган 2014 йил апрелидан буён камида 50 минг киши ҳалок бўлгани, бу эса расмий маълумотларда келтирилаётган рақамлардан ўн баробар кўплигини ёзди.

XS
SM
MD
LG