Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:37

Ўзбек блогосфераси Путиннинг босқини ҳақида ёзмоқда. Расмий Тошкент муносабат билдиришга шошилмаяпти


Россия президенти Владимир Путиннинг Украина шарқида ўзини Донецк халқ республикаси (ДХР) ва Луганск халқ республикаси (ЛХР) деб атаб келаётган россияпараст ҳудудлар мустақиллигини тан олишга оид фармонни имзолагани ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар энг кўп муҳокама қилаётган мавзуга айланди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозиргача бу воқеага ўз муносабатини билдирмади.

Бироқ Facebook, Telegram, Instagram ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик журналист, блогерлар Путиннинг бу қарорини танқид қилиб, Россиянинг суверен давлат яхлитлигига дахл қилиши Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам хавфли сигнал эканлиги ҳақида ёзмоқда.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Телеграм каналида ​ "суверен Ўзбекистоннинг келажаги Путин ва ўғрилардан ҳоли бўлиши керак"лиги ҳақида ёзар экан, "бандит Путин минимум мақсадига эришганини" таъкидлайди:

"Асосийси, унутмаслигимиз керак, бугун Украинанинг бошига тушган кулфат эртага, балки, индинга бизнинг ҳам бошимизга тушиши мумкин.

Агарда биз тизимли елимга айланиб кетган, бўғзимизгача ботган коррупцияни шахсий садоқат воситаси сифатида кўришни узил-кесил тўхтатмасак.

Агарда биз Кремлнинг агентлари бўлган ва умуман шахсий манфаатлари учун Ватанни сотишга ҳар доим тайёр ички ва ташқи олигархияни қарор қабул қилишдан буткул четлаштирмасак.

Агар бу ишлар амалга оширилмаса, авлодлар лаънатлайди. Худди лаънати Худоёрхон, Музаффархон ва Раҳимхонни қандай лаънатлашса, худди шундай лаънатлайди".

Россиянинг Украинага бўлган агрессив хатти-ҳаракати Марказий Осиё давлатларининг мустақиллигини ҳам савол остига қўйиши мукинлиги ҳақида бошқа ўзбек блогерлари ҳам ёзмоқда.

Жумладан, Фейсбук фойдаланувчиси Олимжон Акрам агар Россия Марказий Осиёга юриш қилишидан хавотирга тушганини ёзади:

"Путиннинг империалистик талвасаси жар ёқасида турган Россия иқтисодиётини куни кеча жар тубига улоқтириб юборди.

Собиқ КГБчи кейинги шилта юришини Марказий Осиёда амалга ошириш учун ҳаракат бошлайди. Ихтилофли тожик-қирғиз чегараси, Қорақалпоғистон автономияси улар учун яхши баҳона бўлиши мумкин.

Бизникилар борини Swiss банкларга ташиш билан овора бўлган пайт, дунё сиёсати унчалик қизиқмас".

Журналист ва блогер Зафар Солижонов ҳам Россия агрессияси Ўзбекистонга ҳам жиддий «сигнал» эканлиги ҳақида ёзди:

"БМТ, ЕИ ва АҚШ карахт аҳволда. Бундай "дадиллик"ни аксар зиёлилар кутмаганди. Классика - бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил йўлидаги ҳаракат давом этади. Бу бизга ҳам катта "сигнал" бўлиши керак. Тозалаш ва воз кечишни бошлаш керак. Айни вақтда элитар коррупцияга қарши кураш ва шаффофлик бўйича олдинга катта сакраш ҳам бизни қутқаришга ёрдам беради.

Рус акциялари биржада қулаяпти. Ваҳший Путин ҳукуматини эса рус халқигина тўхтатиши мумкин, менимча".

Olimjon Haydarov
Olimjon Haydarov

Путиннинг иштаҳаси "карнай" бўлганини таъкидлаган блогер Олимжон Ҳайдаров агрессия фақат ДХР, ЛНРни олиш билан тугамаслиги ҳақида ёзади:

“ДХР/ЛХР ўзларини мустақиллиги тан олингач, энди ҳудудий даъволар билан Украинага уруш очади, Россия кўмаги билан. Кучлар тенг эмас...

Путин бу кетишда Донбасс билан чегараланадиган эмас, кейинги навбат Одесса ёки Харьков ҳам бўлиши мумкин”.

Собиқ ҳарбий Шокир Долимов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Россия босқинчилик сиёсати туфайли йирик компанияларининг акциялари қулаб бораётгани ҳақида ёзади:

The course is stock
The course is stock

“Ўрис акцияларининг бугунги аҳволи. Бу ҳали бошланиши.

Сезиб турибман, биродарлар, Оллоҳ бизни ҳали кўп қувонтиради, замонамиз Гитлери ва унинг бугунги рейхини босқинчилик сиёсати учун яхшигина жазолайди”.

Журналист Умид Сориев ўзининг Фейсбукдаги саҳфиасида ёзишича, халқаро жамоатчилик, давлат арбоблари, сиёсатчилару политтехнологлар яккаҳокимликка, агрессив бошқарувга асосланган тузумларга эмас, демократия, эзгулик, инсон ҳақларини улуғлаш сари жадал кетаётган Украинани тиш-тирноғи билан ҳимоя қилмоқда:

"Ҳа, вазият анча таранглашаётгандек, гўё?! Мана, куни кеча Хитойдек иқтисоди мустаҳкам давлат ҳам Россияга думини тикка қилиб кетворди.

Шунақа. "Араванинг устига ўтириб олиб бемалол қуён овлайдиган давлат"лар даври тугай деб қолди. Буни жаноб Путиннинг мана бу ҳомуш ва ташвишли қарашларидан ҳам сезиш мумкин.

Албатта, вақт олий ҳакам”.

Umid Soriyev
Umid Soriyev

21 декабрь куни бўлиб ўтган бу воқеаларга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.

Айни пайтда, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди Қозоғистоннинг “ДХР” ва “ЛХР” билан боғлиқ вазият бўйича расмий позицияси ишлаб чиқилаётгани, бироқ мазкур бўлгинчи тузилмаларни тан олиш масаласи мамлакат олдида турмаганини айтди.

Расмий идоралар вакилларидан фарқли ўлароқ, ўзбекистонлик мустақил журналист ва блогерлар, иқтисодчилар ижтимоий тармоқларда Россиянинг бу хатти-ҳаракати юзасидан ўз фикрларини ижтимоий тармоқларда билдирмоқда.

“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ва Украина мавзусида чиқиш қилармикин?

Ёки шамолни қайси томонга қараб эсишини кутамизми?”, деб ёзади Мухбир Далиев ўзининг Телеграм каналида.

Muxbir Daliyev
Muxbir Daliyev

Россия президенти Путиннинг Донецк халқ республикаси (ДХР) ва Луганск халқ республикаси (ЛХР) деб атаб келаётган россияпараст ҳудудлар мустақиллигини тан олишга оид фармонни имзолаган вақтдан бир сутка ўтган бўлса-да, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақда сукут сақламоқда.

Вазирликнинг 2022 йил, 22 февраль, Тошкент вақти билан соат 20.00да ҳам Украина воқеалари ҳам ҳеч қандай хабар берилмаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайти.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайти.

XS
SM
MD
LG