Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:41

Манба: Рус аскарлари украин хонадонларидан таланган буюмларни уйларига жўнатмоқда


Украинанинг Николаев шаҳридаги ёпилган бозор ёнида ўтиб бораётган аёл. Харьков, 1 март, 2022.
Украинанинг Николаев шаҳридаги ёпилган бозор ёнида ўтиб бораётган аёл. Харьков, 1 март, 2022.

“Беларускі Гаюн” мониторинг лойиҳаси бир неча кун аввал Беларуснинг Мозир шаҳридаги СДЭК курьерлик хизмати офисидан Россиянинг турли шаҳарларига катта габаритли почта жўнатмаларини жўнатган Россия армияси ҳарбий хизматчиларининг шахсий маълумотларини эълон қилди.

Суриштирувда айтилишича, аскарлар бир кунда жами икки тоннадан ортиқ нарса-буюмларни жўнатишган. Муаллифлар почта қутиларида Россия бир муддат ишғол қилиб турган шаҳарлардаги украин хонадонларидан ўғирланган буюмлар жойланганини тахмин қилишмоқда. Аммо уруш шароитида ушбу маълумотни мустақил манбалардан тасдиқлатиш имконияти ҳозирча мавжуд эмас.

“ИШИДдан ҳам баттар”. Россия Буча қирғинида айбланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:36 0:00

Жўнатмалар иккинчи апрель куни йўлланган, аввалроқ “Беларускі Гаюн” почта идорасида ҳарбий кийимдаги одамлар қандайдир буюмларни қадоқлаётгани аксэтган видеони ёйинлаган эди.

Суриштирувчилар қўлга киритган маълумотга кўра, жўнатмалар Беларуснинг Мозир шаҳридан Россиянинг қуйидаги ҳудудларига жўнатилган: Рубцовск ва Горняк (Олтой ўлкаси), Ангарск (Иркутск вилояти), Железногорск (Красноярск ўлкаси), Уссурийск (Приморск ўлкаси), Ульяновск (Ульяновск вилояти), Омск, Новосибирск, Чита (Байкалорти ўлкаси), Биробиджан (Еврей автоном вилояти), Москва.

Жўнатмаларда жами 1725 килограмм асбоб-ускуна, 395 килограмм эҳтиёт қисмлар, шунингдек турли туюмлар – акустика карнайлари, стол, электр самокатлар, юкхона қопқоқлари, чодирлар, телевизорлар, кондиционерлар, алкоголли ичимликлар ва кийим-кечак бўлгани айтилмоқда.

Энг катта жўнатма Рубцовск шаҳрига кетган: 450 килограммлик юк асбоб-ускуна, мусиқа карнайлари, стол ва чодирдан иборат бўлган. Иккита жўнатма ҳар бири 200 килограммдан ортиқ тош босган, умуман, жўнатмалар орасида 50 килодан енгили бўлмаган.

Видеодаги кадрлардан бирида Украинадаги “Эпицентр” савдо маркази ёрлиғи туширилган елимхалталар кўринади. Муаллифлар аскарларнинг енгида 56-гвардия десант-штурм полкининг таниқ белгилари борлигини таъкидлашмоқда – ушбу ҳарбий тузилманинг доимий макони аннексия қилинган Қримнинг Феодосия шаҳрида жойлашган.

Россияга почта жўнатган ҳарбийлар Украинанинг айнан қайси ҳудудларида бўлганини аниқ айтиш қийин, аммо Мозир шаҳри Украинанинг Киев вилояти билан чегара яқинида жойлашган. 29 март куни, Россия ва Украина ўртасидаги навбатдаги тинчлик музокараларидан сўнг Москва Киев ҳамда Чернигов йўналишларида ҳарбий фаоллигини “кескин” камайтиришини, Киев вилояти ва яна бир неча ҳудуддан қўшинларини орқага қайтаришини эълон қилган эди.

Экспертлар фикрича, қўшинлар Киев вилоятидан вақтинча олиб кетилмоқда, чунки ишғол этилган Херсонни қўлда сақлаб туриш, қамалдаги Мариупол ва Азов денгизи бўйидаги бошқа шаҳарларни босиб олиш мақсадида Украинанинг жанубий ва шарқий ҳудудларига қўшимча куч ташлаш Кремль учун муҳимроқдир.

XS
SM
MD
LG