Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:46

Киевга борган Эрдўғон Россия ва Украина ўртасида воситачилик таклиф қилди


Владимир Зеленский ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон. Киев, 3 февраль, 2022.
Владимир Зеленский ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон. Киев, 3 февраль, 2022.

Президент Владимир Зеленский пайшанба куни Украинага ташриф буюрган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Киев ва Москва ўртасидаги кескинликни юмшатиш учун воситачилик таклифини олқишлади.

Reuters агентлигининг хабар беришича, Эрдўғон бу борада қўлидан келган барча ишни қилишга тайёрлигини айтган.

Анқара Киевдаги учрашувдан сўнг кескинлик пасайишини кутмоқда. Киевдаги музокаралар чоғида ҳозирнинг ўзида украин қуролли кучлари эга бўлган турк ҳарбий дронларини Украинада ишлаб чиқариш ҳамда эркин савдо тўғрисидаги битим ва яна қатор келишувлар имзоланган.

Ғарб давлатлари Украина чегараси яқинида 100 000 дан ортиқ рус аскарлари тўпланганидан хавотирда, аммо Россия Украинага бостириб кириш режаларини рад этиб келади. Шу билан бирга, Ғарбдан кенг қамровли хавфсизлик кафолатларини ҳам талаб қилмоқда.

Эрдўғоннинг сафари НАТОга аъзо Британия, Полша ва Нидерландия раҳбарларининг зиддиятли вазиятда Киевга ташрифидан сўнг амалга оширилди. Туркия Киев ва Москва билан илиқ муносабатларга эга, бироқ Россия Украинага бостириб кирса, НАТО аъзоси сифатида керакли ишни қилишини айтди.

Анқара ноябрь ойида кескинликни юмшатишга ёрдам беришни таклиф қилган. Ўтган ой турк дипломатик манбалари Россия ва Украина бу таклифга хайрихоҳ эканини маълум қиган.

Анонимлик шарти билан гапирган Турк расмийсига кўра, Эрдўғон ҳар икки томонни вазминликка чақиради ва Анқара «жуда муҳим» бўлган ҳар иккала давлат билан ҳамкорликни давом эттиришни истайди.

«Туркиянинг ёндашуви можарода бир томонни танлаш ёки бирор давлатга қарши туриш эмас. Эрдоғоннинг ташаббуси тарангликнинг юмшатишига умид қиламиз» ,- дейди расмий вакил.

Туркия Қора денгизда Украина ва Россия билан чегарадош. Эрдўғон минтақадаги можарони қабул қилиб бўлмайдиган деб атади ва Россияни эҳтимолий босқин мулоҳазасизлик бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Россия билан мудофаа ва энергетика соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйганига қарамай, Туркия Москванинг Сурия ва Ливиядаги сиёсатига, шу билан бир қаторда 2014 йилда Қримни қўшиб олишига қарши чиққан эди. Туркия Украинага мураккаб учувчисиз дронларни етказиб бериб, Киев яқинида бундай қурилмаларни кўпроқ ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузди. Бу табиийки Россияга ёқмайди.

Қора денгиз бўйида жойлашган Туркия ва Украина ўртасидаги савдо айланмаси 2021 йилда 7 миллиард долларни, Украина экспорти эса 4,1 миллиард долларни ташкил қилди. Украинанинг Туркияга экспортининг 70% дон ва металлургия маҳсулотларига тўғри келган.

Икки томон ўртасидаги эркин савдо битими бўйича музокаралар дон ва металлургия савдосидаги келишмовчиликлар туфайли қарийб ўн йилга чўзилди.

XS
SM
MD
LG