АҚШ президентлиги учун сайлов кампанияси доирасида 4-октябр куни вице-президентлик учун демократ ва республикачи номзодлар телевидение орқали баҳслашди.
Виржиниянинг Лонгвуд университетида ўтган дебатда президентлик учун демократлар номзоди Ҳиллари Клинтоннинг вице-президентлик учун курашаётган ҳамкори сенатор Тим Кейн республикачи Доналд Трампнинг вице-президентлик учун танлаган шериги Майк Пенсга қарши мунозара қилди.
Номзодлар дебатни нима учун бу лавозимга лойиқликлари ҳақидаги саволга жавоб бериш билан бошлади. Кейн мер, губернатор ва сенатор сифатида халққа қилган узоқ йиллик хизмати уни бу ишга муносиб тайёрлаганини айтган бўлса, Пенс ҳам ўзининг узоқ йиллик сиёсий тажрибаси асосида Доналд Трампнинг ёрдамчиси бўлишга лойиқлигини таъкидлади.
Клинтонда жўшқинлик бор ва у халқни биринчи ўринга қўяди, деди сенатор Кейн. Унга кўра, Трампда бу нарса аксинча; миллиардер номзод доим ўз манфаатларини биринчи ўринга қўйиб келган. Кейн, шунингдек, Клинтон давлат котиби бўлиб ишлаган пайтида "Ал-Қоида" етакчиси Усама Бин Ладен ўлдирилганини, Эроннинг ядро дастури тўхтатилганини катта ютуқлар сифатида тилга олди.
Майк Пенс ўз навбатида Доналд Трампни ҳимоя қилиб, Клинтон ва Кейнни "ҳақоратга асосланган" кампания олиб бораётганликда айблади.
Америка халқи ва полиция ўртасида сўнгги пайтларда кучайган зиддиятларни қандай ечиш керак, деган саволга Кейн ўзаро ишончни ошириш орқали, деб жавоб берди. Пенс эса Клинтон айбни кўпроқ полициячиларга юклаётганини айтиб, бу ишни дискриминация деб атади.
Кейн Трампдан солиқ қоғозларини оммага ошкор қилишни яна бир бор талаб қилди. Трампни давлатга тўлаган солиқларига оид ҳужжатларни жамоатчиликка кўрсатишдан бош тортиб келмоқда.
Пенс Трампни ҳимоя қилиб, уни ақлли бизнесмен деб атади ва солиқ ҳужжатларининг ҳануз ошкор қилинмаганини солиқ идораси томонидан текширувлар давом этаётгани билан изоҳлади.
Кейн Трампнинг бойларга солиқларни камайтиришга оид таклифини ҳам танқид қилди. Бу билан у ўзининг солиқларини камайтирмоқчи, деди у.
Майк Пенс фикрича, Клинтоннинг солиқ ва харажатларни ошириш сиёсати иқтисодиётга зарба бўлади. У, шунингдек, демократ номзоднинг давлат котиби бўлиб ишлаган пайти ўз уйида шахсий сервер ўрнатиб, давлат ишларини шу серверга уланган электрон почта орқали юритганини жиддий қонунбузарлик деб атади.
Вице-президентликка номзодлар ўртасидаги баҳслар у қадар муҳим бўлмаса ҳам, сайловчилар улар орқали президентлик учун номзодлар ҳақида ва улар олға сураётган сиёсат бўйича кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қилади.
Ҳиллари Клинтон ва Доналд Трамп ўртасидаги иккинчи теледебат 9-октябр куни бўлиб ўтади.