Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:27

Ўзбекистон: Сайфулло Соипов радикал гуруҳлар таъсирига АҚШда тушиб қолган


Cайфулло Соипов 1996-2006 йиллар оралиғида Тошкентдаги мана шу кўп қаватли уйдаги квартиралардан бирида истиқомат қилган
Cайфулло Соипов 1996-2006 йиллар оралиғида Тошкентдаги мана шу кўп қаватли уйдаги квартиралардан бирида истиқомат қилган

Ташқи ишлар вазирлигининг Жаҳон Ахборот агентлиги 1 ноябрда тарқатган хабарга кўра, Нью-Йоркдаги терактни содир этган Сайфулло Соипов “радикал гуруҳлар таъсирига АҚШда тушиб қолган”.

31 октябрда Нью-Йоркнинн Манҳэттен минтақасида 29 яшар Сайфулло Соипов юк автомобилини пиёдалар ва велосипедчилар устига қасддан ҳайдаб, саккиз одамни ўлдирган ва 11 одамни жароҳатлаганди.

Жаҳон Ахборот агентлиги мамлакатдаги “масъул идоралар”га таяниб, Сайфулло Соиповнинг ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон фуқароси эканини тасдиқлаган.

Агентлик, шунингдек, Сайфулло Соипов ҳаётига оид ҳозирга қадар жамоатчиликка маълум бўлмаган қирраларни ошкор этган.

Хабардан маълум бўлишича, Соипов Сайфулло Ҳабибуллаевич 2005 йилда касб-ҳунар коллежини тамомлагач, 2005-2009 йиллар оралиғида Тошкент Молия институтида таълим олган.

Олий даргоҳни битиргач, Тошкентдаги “Саёҳат” меҳмонхонасига ҳисобчи бўлиб ишга кирган.

Жаҳон Ахборот агентлиг хабарида таъкидланишича, Сайфулло Соипов 2010 йилда “Грин карт” виза лотереясини ютиб Қўшма Штатларга кетгунга қадар, Ўзбекистонда “жиноий жавобгарликка тортилмаган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари диққат эътиборига тушмаган.”

Хабарга кўра, Сайфулло Соипов АҚШда Ўзбекистон фуқароси бўлган қизга уйланган ва “Ўзбекистонга бир марта ҳам келмаган ва ҳозир ҳам Тошкентда истиқомат қилаётган ота-онаси билан учрашмаган.”

Жаҳон Ахборот агентлиги хабарида Соиповнинг Қўшма Штатларда экан Ўзбекистон консуллигида рўйхатдан ўтмагани алоҳида таъкидланади.

Нью-Йоркдаги терактдан кейин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Америка раҳбари Дональд Трампга ҳамдардлик билдирди.

Президент ҳамдардлиги битилган матнни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги расмий сайти эълон қилди.

"Биз Америка Қўшма штатлари халқи билан ҳамдардмиз. Қурбонларнинг яқинларига таъзия сўзларимизни етказишингизни сўраймиз, барча жабрланувчилар тез орада соғайиб кетишини тилаймиз", дейилган Ўзбекистон президентининг АҚШ раҳбарига йўллаган ҳамдардлик хатида.

Ўзбекистон раҳбари терроризм ва экстремизмнинг ҳар қандай шаклини қоралаган ва Ўзбекистон ушбу теракт бўйича текширувларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Озодлик қўлга киритган маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари Сайфулло Соиповнинг Тошкентда яшайдиган яқинларини сўроқ қилмоқда.

XS
SM
MD
LG