Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:11

Президент танқидидан сўнг Молия вазирлиги 50 мулозимни ишдан ҳайдади


23 декабрь куни Шавкат Мирзиёевнинг Молия вазирлигини кескин танқид қилганидан бир кун ўтиб, ушбу вазирликнинг 50 мулозими ишдан бўшатилди. Мирзиёев Молия вазири Жамшид Қўчқоровга вазирликда ўзгариш қилиши учун 1 ой муҳлат берганди.

22 декабрь куни президент Шавкат Мирзиëев Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этган куни, 4 соатлик нутқи давомида Молия вазирлигини ҳам кескин танқид қилган эди.

Ушбу танқиднинг эртасига – 23 декабрь куни вазирликнинг камида 50 нафар мулозими ишдан бўшатилган. Бу ҳақдаги хабарни Молия вазирлигининг ўзини таништирмаган ходими Озодликка тасдиқлади:

“Бир куннинг ўзида элликтача одам бўшатилди. Аниқ сонини билмайман. Балки яна бошқалар ҳам бўшатилиши мумкин дейишди. Ҳамма юрак ҳовучлаб ўтирибди. Деярли барча бошқарма бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ишдан кетди. Президент вазиримиз Қўчқоровга ўша куни танбеҳ бергач, бунақа даражада бўлиб кетади, деб ҳеч ким ўйламаганди”, деди вазирлик ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Айни пайтда вазирлик ходими бўшатилган шахслар кимлигини очиқлашни истамади.

Kun.uz нашри ўз манбаларига таяниб, молия вазирлигидан ҳайдалган айрим мулозимлар исми-шарифини эълон қилди. Нашрга кўра, Солиқ ва божхона тариф-сиёсати бошқармаси бошлиғи Ирина Голышева, Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси бошлиғи Ш.Ҳайдаров, Саноатнинг базавий тармоқлари, ёқилғи-энергетика мажмуи ва геологияни ривожлантириш молияси ва тарифни тартибга солиш бош бошқармаси бошлиғи А.Абдуллаев ҳам ишдан ҳайдалганлар рўйхатига киритилган.

Мирзиёев 22 декабрь кунги нутқида молия вазирлиги фаолиятидан қониқмаслигини айтиб, вазир Жамшид Қўчқоровга ўзгариш қилиши учун бир ой муҳлат берган, ўзгариш бўлмаган тақдирда Қўчқоровнинг ўзини ишдан ҳайдашини айтиб, огоҳлантирган эди:

“Нима учун Молия вазирлигини ўзгартирдим, Молиянинг “М” ҳарфини тушунмайдиганларни ҳайдаб юбордим, раҳбарлари кетди, лекин пастдаги “каламушлар” ўтирибди. Қўчқоров ўзгариш қилмаса, бир ойда ишдан ҳайдайман. Аввалги “Молиянинг ҳиди” келиб турибди, ташқаридан ишлар олиб, бориб турибди бир-иккитаси. Эртанги кунни ўйлайдиган Молия керак менга”, деган эди Мирзиёев 22 декабрь куни.

Мирзиёев давлат бюджети билан боғлиқ муаммолар ҳам борлигини айтиб, Молия вазирлиги тақдим қилган янги бюджет лойиҳасини имзоламаслигини таъкидлаб, “Молия вазирлигидаги ноинсофларга қулай бўлган бюджетни эмас, халқимизга осон бўлган бюджетни имзолайман”, дея қўшимча қилганди Мирзиёев.

Мирзиёев 22 декабрь кунги нутқида Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ)ни илк бор танқид қилиб, ушбу тизимни ҳам ислоҳ қилиш вақти келганини таъқидлади:

"Миллий хавфсизлик хизмати 26 йил аввал ҳукумат тасдиқлаган низом асосида ишлаб келмоқда. Ҳар қандай оддий ҳаракат ҳам МХХга қарши деб баҳолаб келинган. Ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган"¸ дея Мирзиёев Миллий хавфсизлик хизмати идоралари фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келганини эътироф этди.

Мирзиёевнинг ушбу танқидидан сўнг МХХ тизимида бирор ўзгариш бўлган-бўлмагани ҳозирча Озодликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG