Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:34

"Ўзбекипаксаноат" бир йилда икки марта пилла етиштирмоқчи


"Ўзбекипаксаноат" раҳбари бир йилда икки марта пилла етиштириш режаланаётганини маълум қилди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари мамлакатнинг тоғ олди, салқин ҳудудларида бу режани бажариш мумкинлигини айтмоқда. Айрим фермерлар Ўзбекистон иқлимида бу имконсиз, демоқда.

«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқаруви раиси Баҳром Шарипов ЎзА ахборот агентлигига берган интервьюсида бу йил кузда иккинчи марта пилла боқилишини маълум қилди.

Раис тут баргининг баҳорда 20 кунда, кузда бир ҳафтада қотиб қолишини айтар экан, куздаги ҳосил бир мунча кам бўлишини айтган.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг пиллачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Қаҳҳор Ёвқочдиевнинг Озодликка айтишича, пилладан икки марта ҳосил олиш синаб кўрилган:

- Бундан икки-уч йил олдин ҳам иккинчи марта ипак қурти боқиб кўрганмиз. Бу асосан тоғли, салқин зоналарда бўлади. Иккинчи жараён август ойида бошланади. Унгача тутга сувини бериб, яхши қаралса, новдалари бир ярим метргача ўсади. Қуртнинг кичик ёшида тутнинг остидаги энди ўсаётган юмшоқ баргини бериб боқади. Кейин секин-секин, катта баргларидан бериб боради. Бунда новда кесилмайди, барг териб берилади, дейди мутахассис.

Қаҳҳор Ёвқочдиевнинг айтишича, 2014-15 йилларда Хитойдан олиб келинган уруғ билан пилладан иккинчи ҳосил етиштириш синаб кўрилган:

- Ўшанда ҳар қутидан 30 килограммгача ҳосил олинган эди. Тўғри, баҳордаги ҳосилдай бўлмайди, лекин қилса бўлади. Унинг учун махсус плантациялар қилиш керак, барги қотмайдиган махсус тут навларидан экиш керак, деди мутахассис.

Фарғоналик фермер Очил Бегматов бу усул собиқ иттифоқ пайтида ҳам синаб кўрилгани, бироқ фойда бермагани учун бекор қилинганини айтади:

- Эсимда бор, 1956 йилда пилладан иккинчи ҳосил олишга ҳаракат қилинган эди. Лекин, ўзини оқламагани учун бошқа қилмай қўйишган эди. Ҳозир ҳам бу усул ўзини оқламайди, чунки бизда тутнинг барги тез қотади. Қурт жуда нозик бўлади, барг қотса емай қўяди ва ўлади. Бунинг ўрнига пилланинг харид нархини ошириб, уни ўз вақтида тўласа, аҳоли ўзи боқиб беради. Бу йил пилла харидида бизда инқилоб бўлди. Президентимиз зўр қарор қабул қилди, килосини 15 минг сўмдан олиб, ўша жойнинг ўзида пулини нақд санаб беряпти. Одамлар янаги йил пилла боқиш учун ариза беряпти, деди Очил Бегматов.

Ўзбекистонда фермерлар пилла харид нархининг пастлиги ва машаққатли меҳнатидан тегишли даромад ололмаётганидан шикоят қилиб келади.

Айни пайтда, Ўзбекистонда ипак қурти боқиш фермерларга мажбурий равишда юклатилган. Фермерлар эса, ишчилар ҳақини буғдой ёки сомон билан беради.

Бу йил ҳам баъзи ҳудудларда аҳоли пилла пулини ололмаётганидан Озодликка бир неча бор шикоят қилган эди.

"Мен сизга Самарқанд вилояти Пайариқ туманидан ёзмоқдаман. Пилла қуртини бу йил ҳам боқдик. Давлат ҳаққини берармикин? 2016 йилда айтилган пилла режасини бажардик, яъни 112 кило пилла етиштирдик. Бироқ, бир сўм ҳам бермади. 2017 йилда эса режадан ортиб, 183 кило етиштирдик. Бироқ, "пулнинг ўрнига буғдой берамиз", деб айтмоқда. Янги президентимиз меҳнатимизга яраша ҳаққимизни берармикин?" деб ёзган эди самарқандлик пиллачилар.

Ўзбекистонда пилла хом ашёсини қайта ишлаб, уни толага айлантирадиган 26та корхона фаолият юритади.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат ҳиссадорлик компаниясидан Озодлик олган маълумотга кўра, бу корхоналар пилла тайёрлаш ширкатлари билан ҳар йили шартнома тузган.

Ўз исмини очиқламаган компания мулозимига кўра, Ўзбекистонда тайёрланган пилла толасининг 70 фоизи экспорт қилинади, 30 фоизи мамлакат ичкарисидаги ипакчилик корхоналари эҳтиёжи учун ишлатилади.

Янги ташкил этилган «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқаруви раисининг ЎзА агентлигига айтишича, уюшма бундан сўнг фермерлар билан эмас, балки пилла етиштирадиган хонадонлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузади.

XS
SM
MD
LG