Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:40

Солиқ қўмитаси ходимлари сони 50 фоизгача қисқариши мумкин


Тошкент шаҳар Давлат солиқ инспекцияси ходимлари бу тизимни такомиллаштириш жараëнида ундаги иш ўринларининг 30-50 фоизгача қисқартирилиши мумкинлигидан оғзаки огоҳлантирилган. Озодликка маълум бўлишича¸ айни кунларда қўмитада янги солиқ тизимини яратиш устида қарийб 50 нафар мутахассис иш олиб бормоқда. Айни пайтда, солиқчилар дам олиш кунисиз ва тунги соат 12 гача ишлашга мажбурланаётганидан шикоят қилмоқда.

Янги фармондан сўнг солиқчиларнинг қарийб 50 фоизи ишсиз қолиши мумкин

Ўзбекистон президенти 18 июль куни имзолаган “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда солиқ тизимини ислоҳ этишнинг устивор йўналишлари белгилаб берилди.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси бошқарувининг ўрта бўғинида ишловчи мулозимнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ана шу фармон муносабати билан қўмитанинг 50 дан ортиқ мутахассиси солиқ тизимининг янги Низомини яратиш устида иш бошлаган.

Бу мулозимнинг айтишича, 2018 йил 1 январидан кучга кириши кутилаëтган мазкур Низомга¸ солиқ инспекцияси ходимлари сонини 30 фоиздан 50 фоизгача қисқартириш режаси ҳам киритилиши мумкин.

"Кўриб чиқилаëтган янги тизимда, солиқ инспекциясидаги ҳар бир ходимнинг автоматик тарзда ишдан бўшатилиши ва янги танловдан ўтиб¸ қайта ишга олинадиган ходимлар билан бошқадан шартнома тузилиши кўзда тутилмоқда. Ҳозир солиқ ходимларининг деярли ҳаммаси ўз ишини йўқотишдан қўрқиб яшамоқда"¸ деди Озодлик суҳбатлашган қўмита расмийси.

Айни пайтда солиқ идоралари фаолиятининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ҳисоб палатаси мутахассислари томонидан қаттиқ текширилаётгани билдирилди.

Президент фармонига биноан Ҳисоб палатаси тузилмасида Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилиб, бу инспекция бюджет даромадларини кўпайтириш заҳираларини аниқлаш ва уларнинг сафарбар этилишини таъминлаш устидан назоратни амалга оширади.

"Солиқчилар дам олиш кунисиз ишламоқда"

Шу кунларда солиқ тизими ходимларининг кучли босим остида қолгани ҳақида Озодликка гапирган Тошкент шаҳар Олмазор тумани Давлат солиқ инспекциясининг исми сир қолишини сўраган инспекторига кўра, бу тизимида уч ойдан бери чегараланмаган иш соати жорий қилинган.

“Олмазор тумани ДСИ раҳбарияти бизни ишга соат 7.30да келишга, шанба ва якшанба кунлари ҳам ишга чиқишга мажбур қилиб келмоқда. Майли, шанба куни ҳам ишга чиқишга эътирозим йўқ. Лекин якшанба куни ҳам ишлаш Меҳнат қонунчилигига тўғри келмайдику? Ахир мен ҳам дам олиш кунлари, оилам, фарзандларим даврасида бўлишни хоҳлайман”, деди солиқ инспектори.

Тошкент шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда, ходимларнинг дам олиш кунисиз ва ўн беш соатлаб ишлаётганини тасдиқлади.

“Президентимиз айтганку, керак бўлса¸ кечаси билан ишлаймиз. Бу биргина Олмазор туманига эмас, балки бутун Тошкент шаҳрига тегишли. Агар кимдир бу вақтинчалик қийинчиликка чидолмаса, марҳамат¸ ишдан кетаверсин”, деди мулозим.

Мулозим Озодликнинг “бундай талаб Ўзбекистон Меҳнат кодексига зид эмасми?” деган саволини очиқ қолдирди.

Чилонзор тумани Давлат солиқ инспекциясининг исми сир қолишини сўраган мулозими ходимларнинг бундай ноқонуний талабга очиқ эътироз билдиришга журъати етмаслигини айтади.

“Чунки. Раҳбарлардан фақат битта жавоб бўлади: “Ёқмаётган бўлса¸ аризангни ёз!” Шунинг учун дамимиз ичимизда, ишлаяпмиз. Мажлисларда ҳам “шахсий ҳаётингни унут ёки аризангни ёз”¸ деб очиқ айтилаяпти. Уйқуга тўймай, дам олмасдан ишлаб, куни билан мудраб юрамиз. Натижада иш самарадорлиги кундан-кунга пасайиб боряпти. Байрам кунлари ҳам ҳеч қандай дам йўқ”, дейди солиқ инспектори.

Президент Шавкат Мирзиёв жорий йилнинг 11 апрель куни ўтказган видеослектор йиғилишида, раҳбарларни кечаю кундуз ишлашга чақирган эди:

- Мен ўзим назорат қиламан. Шу районни прокурори қаерда, милицияси қаерда, солиқчиси қаерда, ҳокими қаерда. Уйга боришни йўқ қиламиз. Икки йил фавқулодда, масъул иш тизимига ўтамиз, - деган эди Шавкат Мирзиёев.

Даромадни солиқчидан бекитишни қийинлаштириш режаланмоқда

Ўзбекистон президенти 18 июль куни имзолаган 5116-сонли фармонга кўра¸ 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб даромадларни солиқдан яширишга қарши курашиш мақсадида назорат-касса машиналари жорий этилади.

Бу машиналар орқали қилинган тўлов ҳақидаги маълумот тўғридан-тўғри солиқ идоралари маълумотлар базасига бориб тушади.

Бундай машиналар дастлаб Тошкент¸ Нукусда, сўнгра туманларда жорий этилиши назарда тутилган.

Бундай ислоҳот ҳам солиқ тизимини электрон шаклга кўчириш¸ давлат бюджетига тушадиган солиқларни кўпайтиришга қаратилган.

XS
SM
MD
LG