Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:32

Янгийўлда коммунал тўловдан қарзи бор ишчиларнинг ойлиги берилмаяпти


Янгийўл туманидаги давлат корхоналари ва ташкилотларида газ ва электрдан қарзи бор ишчиларга ойлик маошлари берилмаяпти. Янгийўлликларнинг Озодликка айтишича, коммунал тўловдан қарзи бўлмаган ишчиларнинг ҳам ойлигидан 200 минг сўмдан ушлаб қолинмоқда.

Янгийўлдан Озодликка йўлланган мактубда айтилишича, октябрь ойининг маоши табиий газ учун ушлаб қолинган:

“Янгийўл туман ҳокимининг топшириғи билан тумандаги ҳамма бюджет ташкилотидаги ходимларнинг иш ҳақини беришни ўрнига газ таъминотидан қарзи йўқми, борми демасдан ойликнинг ҳаммасини ушлаб қолди. Қорни оч билан қорни тўқнинг нима иш бор деган қабилида иш қилишди. Иш ҳақимиздан ўзи ҳар ойда 50 минг сўмдан ушлаб қоларди, майли унисига розимиз, энди бу қилган ишлари ўтиб кетди”, дейилади Озодликка Telegram орқали етиб келган мактубда.

Янгийўлдаги маҳалла фуқаролар йиғинида ишловчи бир манбасининг Озодликка айтишича, унинг ойлигининг 33 фоиз қисмини табиий газ учун ушлаб қолишган:

“Ойлик ўзи 600 минг сўм. Ҳар ой 50-60 минг сўмдан газ-свет учун деб олиб қолишарди. Қарзи бўлмаса ҳам ҳаммадан ушлаб қолинарди. Энди эса ҳамманинг ойлигидан 200 минг сўмдан олиб қолишди. Маҳалла фуқаролар йиғинида ишловчилар ойликни ҳокимиятдан олишади. Ҳокимнинг буйруғи дейишди бизга”, дейди манба.

Янгийўл туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчисига кўра,октябрь ойи маоши сезиларли даражада кам берилган:

“Ойлик ўзи 100 фоиз пластикка ўтади. Мани газ-светдан умуман қарзим йўқ. Ҳаммаси предоплата. Лекин ойлигимдан 150 минг сўмни олиб қолишибди. Ўзи пластикни обналичка қилиб, анча фоиз йўқотамиз. Яна бунақа қилишгани ҳақиқатдан эмас”, дейди янгийўллик ўқитувчи.

Янгийўл туман ҳокимлигида ишловчи манбанинг айтишича, коммунал тўловлар учун ойликдан ушлаб қолиш юқорининг буйруғи билан амалга оширилаяпти:

“Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг махсус буйруғи бор. Ҳоким ўтказган йиғилишда бу электр билан газдан қарздорликнинг катталиги билан изоҳланди. Тиббиёт, таълим соҳаси умуман барча давлатга қарашли идораларга бу борада топширилган. Кейин ҳали ҳам туманда ойлик ва пенсиялар тўла пластикка ўтмаган. Уларни нақд пул билан таъминлашда ҳам муаммо бор. Шу муаммони ҳам ҳал қилишнинг бир йўли эканини айтди ҳокимнинг ўзи йиғилишда”, деди Янгийўл туман ҳокимлигида ишловчи манба.

Янгийўл туман электр тармоқлари ва газ таъминоти идоралари расмийлари аҳолининг қарздорлигига оид Озодлик сўровларини жавобсиз қолдиришди. Электр тармоқлари идораси ходимининг айтишича, қарздорликка оид рақамларни сир сақлаш топширилган.

Кейинги йилларда ойлик ва пенсиялардан коммунал тўловлар учун мажбурий ушлаб қолиш нафақат Янгийўлда балки мамлакатнинг барча ҳудудларида мунтазам кузатилмоқда. Аксар ҳолларда бу нақд пул тақчиллиги билан изоҳланаяпти.

Ўзбекистон Марказий банки ўтган йилнинг апрель ойида Бош вазир Шавкат Мирзиёевни мамлакат иқтисодида нақд пул тақчиллиги юзага келгани ва бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Айни пайтда мамлакатда электр ва табиий газ таъминоти муаммоси долзарб бўлиб қолмоқда. Аксар қишлоқ жойларида электр ва табиий газ йиллардан бери жуда чекланган миқдорда узатилмоқда.

XS
SM
MD
LG