Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:33

Президентнинг мева экспортига оид фармонидан экспортёрларнинг ҳаммаси ҳам хурсанд эмас


Хорижга экспорт қилувчи маҳсулотларни “Ўзагроэкспорт” белгилаб берган нархларда сотиш амалиёти бекор қилинди. Президентнинг бу борадаги “Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони 1 август куни эълон қилинди.

Ўзбекистондан мева-сабзавотни экспорт қилиш учун “Ўзагроэкспорт” белгилаб берган харид нархларининг бекор қилингани экспортёрлар тарафидан турлича қаршиланмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган айрим экспортёрлар чекловларнинг олиб ташланиши ортидан четга янада кўпроқ мева-сабзавот чиқаришига умид билдирса, бошқалари махсулотнинг экспорт нархи тушиб кетишидан хавотирда эканликларини айтишади.

Фарғонадаги мева етиштиришга ихтисослашган “Боғу-бўстон” ширкат хўжалиги раҳбари Бахтиёр Мамажонов Озодлик билан суҳбатда “Ўзагроэкспорт” қўйган чекловларнинг олиб ташлангани экспорт имконларини оширишига ишонишини айтади.

- Шу пайтгача қўлимиз боғланган, ўзимиз белгилаган нархда экспорт қилолмас эдик “Ўзагроэкспорт” қўйган нархлар реал нархлардан икки-уч баравар баланд эди, шунинг учун маҳсулотимизни ҳеч ким олмай, омборхонада чириб кетаётганди. Энди нарх қўйиш бизнинг ўзимизга бериляпти. Кимга қандай нархда сотишни ўзимиз белгилаймиз, бу эса янада кўпроқ маҳсулони четга сотиб, мамлакатга валюта олиб келиш имконларини беради, - дейди фарғоналик деҳқон.

Ўрик қоқи ва бошқа турдаги қуруқ мевалар экспорти билан шуғулланувчи сирдарёлик тадбиркор Дониёр Шарипов эса, “Ўзагроэкспорт” белгилаб берган харид нархларининг бекор қилиниши ортидан маҳсулотларнинг экспорт нархлари тушиб кетишидан хавотир билдирди.

- Мақсадимиз кўпроқ маҳсулотни четга чиқаришми ё кўпроқ даромад кўришми? Агар кўпроқ даромад кўриш бўлса “Ўзагроэкспорт” қўйган меъёр тургани яхши эди. Чунки экспорт нархлари ҳозирнинг ўзида тушиб кетяпти. Олдин чет эллардаги ҳамкорларга нарх айтсак индолмасди, чунки “Ўзагроэкспорт” қўйган талаб бор эди. Энди улар нархни ерга уришяпти, айрим деҳқонлар, қўпол қилиб айтганда, маҳсулотини сув текинга четга узатяпти. Олдин четга камроқ экспорт бўлган бўлиши мумкин, лекин яхши нархларда чиқарилган-да, энди кўпроқ экспорт бўлиши, лекин фойда, даромад камайиши мумкин, - дейди сирдарёлик тадбиркор.

Тошкент вилоятининг Паркент туманида узум етиштирувчи деҳқон эса ўз маҳсулотларига четдан харидор топишга қийналаётгани ҳақида гапирди.

- Нарх-навони ўзимиз белгилашимиз мумкин, бу яхши, лекин харидорнинг ўзи йўқку?! Топиш қийин бўляпти. Бу йил мева бозорга жуда кўп чиққан, ўзимизнинг бозорда ҳам сотиш қийин бўляпти. Винзаводга борсак жуда паст нарх айтишади. Шунча меҳнатимиз кетганку, - дейди исми сир қолишини истаган паркентлик деҳқон.

Ўзбекистон президентининг 2018 йил 1 августдаги "Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланган фармонига мувофиқ, энди ўзбек деҳқони ўзи мева-сабзавотини ўзи белгилаган нархда четга экспорт қилиши мумкин.

Президент фармони чиққунга қадар ўзбек деҳқони ўзи етиштирган маҳсулотни “Ўзагроэкспорт” белгилаган нархдан паст нархда четга экспорт қилиши мумкин эмас эди.

“Ўзагроэкспорт” белгилаган нархлар юқорилиги боис фермерлар маҳсулотларини экспорт қила олмай, картошка-пиёзию гилос, қовун-тарвузи омборхоналарда чириб кетаётгани борасида ижтимоий тармоқларда шикоятлар кўпайганди.

Гилос ва бошқа ҳўл мевалар экспорт нархлари реал нархлардан икки баравар юқорилиги экспортёрларни "Ўзагроэкспорт" чекловларини четлаб ўтувчи схемалар ёрдамида иш қўришга мажбур қилиб қўйгани ҳақда Озодлик ҳам хабар берган эди.​

Ўзбекистон бу йил четга 2 миллиард долларлик мева-сабзавот сотишни мўлжаллаган эди.

“Ўзагроэкспорт” маълумотига кўра, йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 463 минг долларлик маҳсулот олиб чиқилган.

Ўзбекистон мева-сабзавотининг асосий харидори Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Туркия, Покистон ва Эрондир.

XS
SM
MD
LG