Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:27

Қирғиз президенти Тошкентга келди¸ Мирзиëев ҳамкасбини аэропортда ўзи кутиб олди


Мирзиëев ва рафиқасини Бишкек аэропортида президент Атамбаев ва рафиқаси кутиб олиб¸ яна кузатиб қолган эди.
Мирзиëев ва рафиқасини Бишкек аэропортида президент Атамбаев ва рафиқаси кутиб олиб¸ яна кузатиб қолган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев 5 октябрь куни давлат ташрифи билан Тошкентга келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Қирғизистон президенти ва унинг рафиқасини Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан кутиб олди¸ деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон сафарини Тошкент марказидаги Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйишдан бошлаган Атамбаев¸ Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган Ўзбекистон ва Қирғизистон саноат маҳсулотлари кўргазмасига борган.

“Кўргазмада мамлакатларимиз сўнгги йилларда иқтисодиёт соҳасида эришган ютуқлар, саноатнинг турли тармоқларида фаолият юритаётган компаниялар маҳсулотлари, илмий-ишлаб чиқариш марказларининг инновацион лойиҳа ва ишланмалари намойиш этилмоқда»¸ дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати эълон қилган баëнотда.

Шундан сўнг Қирғизистон президенти Ўзбекистон раҳбарининг Кўксарой қароргоҳида давлат ташрифида кўзда тутилган мақомда кутиб олинган ва иккала президент тор доирадаги сўзлашувларни бошлаган.

Расмий ахборотга кўра¸ музокаралар якунлари бўйича президентларнинг Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида Қўшма декларацияни қабул қилиши¸ шунингдек турли соҳаларда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор икки томонлама ҳужжатларнинг имзоланиши кутилмоқда.

Қирғизистон президентига ҳамроҳлик қилаëтган журналистлар сафида бўлган Озодликнинг қирғиз бўлими мухбири Кубанч Жолдошевга кўра¸ ҳукуматлараро сўзлашувлар натижасида 15 та ҳужжатнинг имзоланиши режалаштирилган.

Қирғиз президентига Тошкент сафарида ҳамроҳлик қилаëтган Азаттиқ мухбири
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:34 0:00
Бевосита линк

Унинг қирғиз делегация расмийларига таяниб айтишича¸ қатор ҳамкорликка оид келишувлар баробарида Ўзбекистонни энг қисқа йўл билан Хитойга боғловчи магистраль йўлни очиш ҳақида Мирзиëев Бишкекда ваъда қилган шартнома ҳам бор.

Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни Бишкекда “Биз Андижон-Ўш-Эргаштом-Қашқар автомобиль йўлини қуриш тўғрисида келишиб олдик. Бу Хитойга олиб борадиган энг қисқа йўлдир. Яқин вақт ичида барча ҳужжатларни имзолаш тўғрисида келишиб олдик, юридик жиҳатдан келишиб оламиз ва амалга оширамиз”, деб баёнот берган эди.

Айни пайтда¸ Озодлик мухбирининг Тошкентдан хабар қилишича имзоланилган ҳужжатлар орасида Қирғизистоннинг Олабуқа туманидаги Ўртатўқай сув омборидан Ўзбекистоннинг фойдаланиш шартларига оид келишув ҳам бор.

Ўзбекистон президенти 5-6 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан Бишкекка борган ва мазкур сафар давомида ўзбек ва қирғиз президентлари кенгайтирилган форматдаги учрашув баробарида хос суҳбатлар ҳам ўтказган¸ икки давлат ўртасида қатор келишувлар имзоланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 4 октябрь кунги 12-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни маъқулланди.

Сенат расмий баëнотига кўра¸ мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасига амалга оширган Давлат ташрифи давомида эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш юзасидан қабул қилинган амалий ҳаракатлар Режаси (“Йўл харитаси”) ижросини таъминлашга қаратилгандир.

Шартнома билан 1170,53 км узунликдаги ўзбек-қирғиз Давлат чегара чизиғининг Тавсифи ва ўзбек-қирғиз Давлат чегараси делимитациясига оид картографик ҳужжатларни, шунингдек электрон (растрли) картографик ҳужжатларнинг тасдиқлангани айтилмоқда.

Бундан аввал икки давлат ўртасидаги чегара келишувлари қирғиз парламенти томонидан ратификация қилинган¸ президент Атамбаев томонидан имзоланган эди.

Шавкат Мирзиëевнинг Бишкек сафаридан сўнг икки давлат сарҳадидаги 9 та чегара-ўтказиш пункининг қайта иш бошлагани айтилмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG