Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:00

Андижонда синфдоши пичоқлаб қўйган коллеж ўқувчиси касалхонада жон берди


Андижондаги Қишлоқ хўжалик коллежининг икки битирувчиси пичоқлашгани оқибатида, улардан бири 11 июл куни касалхонада жон берди. Бу фожеа Боровский номидаги Тошкент тиббиëт коллежи ўқувчиси калтаклаб ўлдирилиши билан боғлиқ жанжал ҳовури босилмай туриб юз берди.

Андижондаги қотиллик гувоҳларининг Озодликка айтишича, 2 июл куни Андижон шаҳрида Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи битирувчилари жанжаллашган ва бири иккинчисига пичоқ билан тан жароҳати етказган. 11 июл куни 19 ёшли Султонмурод Отабек ўғли Султонов пичоқ зарбидан олган жароҳати оқибатида касалхонада оламдан ўтган.

Андижоннинг Форобий маҳалласида яшовчи воқеа гувоҳларидан бири Озодликка коллеж талабалари ўртасида келиб чиққан жанжал пичоқлашиш билан якунланганини айтди.

- Муҳбилло Султонмуродга отамни ҳақоратладинг, кечирим сўра, деган, у сўрамаган. Кейин Муҳбилло Султонмуродни белининг чап қисмига пичоқ санчган. Зудлик билан шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб борилиб жарроҳлик амалиёти ўтказилишига қарамасдан Султонмуроднинг ҳаёти сақлаб қолинмади. Шифохонада жони узилди, - деди марҳумнинг маҳалладоши.

Айни пайтда марҳумнинг яқинлари Озодликка Султонмуродни пичоқлаган Муҳбиллонинг ота-оналари уни руҳий носоғлом бўлгани ҳақидаги маълумотни тўплашга тушганини айтишди.

-Отасини ҳақоратлагани ҳақидаги чўпчакни ўйлаб топишган. Энди руҳий касаллар шифохонасидан унга справка тайёрлашмоқчи экан. Қотилни ота-оналари жуда бақувват одамлар, - деди марҳумнинг исми сир қолишини истаган қариндоши.

Андижонлик талабалардан бирининг Озодликка айтишича¸ коллежларда ўқувчилар ўртасидаги жанжаллар одатий холдир

- Яқинда бизнинг Ахборот технологиялари коллежида бир йигитни курсдошлари урди, касалхонага тушди. Коллеж раҳбарияти бу гап ташқарига чиқмасин, деб ишни бости-бости қилди, - деди талаба.

Бундан аввал Озодлик Наманган шаҳарида май ойида 50дан ошиқ коллеж ўқувчиси безорилик¸ зўравонлик ва талончиликда айбланиб, уларнинг ота-оналари маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳақда хабар берган эди.

3 май куни Тошкентдаги Боровский номидаги тиббиёт коллежининг ўқувчиси Жасур Иброҳимов ўз курсдошлари томонидан калтакланган, 5 марта жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказиб, жорий йилнинг 1 июн куни оламдан ўтганди.

Мазкур қотиллик ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлиши ортидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори бу иш билан боғлиқ терговни шахсан назоратига олишини билдирганди.

XS
SM
MD
LG