Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:19

Пенсиясини тўлиқ пластик картага ўтказмаганлар бир неча ойлаб пенсия ололмаяпти


Чирчиқ шаҳридаги алоқа бўлими
Чирчиқ шаҳридаги алоқа бўлими

Чирчиқ шаҳрилик бир гуруҳ пенсионерлар Озодликка мактуб йўллаб, март ойидан буён пенсияларининг нақд пулда бериладиган қисмини ололмаётганидан шикоят қилди. Қарияларнинг айтишларича, расмийлар шу йўл билан улардан пенсияларини тўлалигича пластик банк картларига ўтказишга мажбурлашга ҳаракат қилишмоқда.

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги почта алоқаси бўлимлари пенсия сўраб уларнинг эшигини қоққан пенсионерларга “пул йўқ”, деб жавоб бермоқда.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган қарияларнинг ёзишларича, уларга март, апрель ва май ойининг пенсиялари ҳануз берилгани йўқ:

“Почта ходимлари пенсионерларга пулингизни пластик карточкага ўтказсангиз, пенсиянгизни ўз вақтида оласиз. Акс ҳолда, бундан кейин нақд пул йўқлиги боис пенсияларнинг уч-тўрт ойга чўзилиши табиий ҳол бўлиб қолади, деб айтмоқда. Лекин, почта ходимлари апрель ойининг пенсиясини таниш-билишларига навбатсиз бераётгани ҳақида фактлар бор”, деб ёзади пенсионерлар.

Чирчиқ шаҳридаги Автомобилчилар кўчасида истиқомат қиладиган пенсионер Гулчеҳра опанинг айтишича, агар улар пенсияларини тўлиқ пластик банк картасига ўтказишга розилик берса, пенсиясининг 10-15 фоизини карточкадаги пулни нақдлаш учун сарфлашига тўғри келади:

“Турмуш ўртоғимнинг пенсияси пластикка ўтказилган. Коммунал тўловлар ва аптекадан дори-дармонни эримнинг карточкасига оламиз. Менинг нақд пулдаги пенсиямни эса бозор-ўчарга, йўлкирага ишлатардик. Энди мен ҳам пенсиямни пластикка ўтказишларига розилик берсам, уни нақд қилиш учун 10-15 фоизидан воз кечишимга тўғри келади, Карточкани нақдлаштиришнинг бошқа иложи йўқ, чунки, банкомат деган нарсанинг ўзи йўқ, банкка борганингиз билан нақд қилиб бермайди. Пенсиям эса бор-йўғи 250 минг сўм. Оғир кунларга қолдик”, дейди Гулчеҳра опа.

Чирчиқ шаҳридаги почталардан бирининг ўзини таништирмаган оператори Озодлик билан суҳбатда, пенсионерларнинг арзи тўғри эканлигини тасдиқлади, бироқ бунда почта ходимларининг айби йўқлигини таъкидлади:

“Тўғри, нақд пулдаги пенсияларни бериш уч ойга чўзилди. Ахир бизга нақд пул беришса берамизда, бўлмаса биз қаердан оламиз. Қариялар эса бу нарсани яхши тушунишмайди, яъни фақат пул берадиган жой айбдор деб ҳисоблашади. Банклардан нақд пул тушуми ўтган йилдагидан анча пасайиб кетди. Бизга эрталаб келган пулдан кечга бориб кассада бир сўм ҳам қолмайди. Рўйхат қилиб, навбатма-навбат, кўчама-кўча тарқатяпмиз”, деди почта оператори.

Почта бўлими ходими, қарияларга пенсияларини пластик карточкага ўтказишлари ҳақида тавсия беришаётганини инкор қилмади:

“Баъзан уларнинг аҳволини кўриб, бизнинг ҳам раҳмимиз келиб кетади. Шунда “ҳой, отахон, пенсиянгизни пластикка ўтказсангиз бунақа бўлмайди, ўз вақтида пул ҳисобингизга тушади”, деб айтяпмиз. Тўғри, пластикнинг ёмон томони ҳам бор, уни нақдлаштириш қийин. Лекин аста-секин яхши бўлиб кетади, деган умидамиз”, дейди оператор.

Нақд пул тақчиллиги боис пенсия ва маошларнинг бир неча ойлаб кечикиши вилоятлардаги давлат корхоналари ва бюджет ташкилотлари ходимлари ҳамда пенсионерлар учун кейинги икки йилнинг ҳодисасига айланган.

Ўтган йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Марказий банки Бош вазир Шавкат Мирзиёевга тақдим этган ички билдиришномада мамлакат иқтисодида вужудга келган нақд пул тақчиллиги ҳал этилмаса “аввалдан айтиб бўлмайдиган оқибатлар”га олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Бу огоҳлантирувдан ўтган бир йил давомида ҳатто ички ишлар ва божхона тизимлари хизматчиларининг маошлари вақтида берилмаётгани билан боғлиқ ҳолатларни Озодлик тез-тез ёритмоқда.

XS
SM
MD
LG