Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:15

“Ўзбекистонда маданият вазирлиги чорак аср “чўлоқ товуқ” мақомида бўлди”


Мирзиёев Маданият ва Спорт вазирлик мулозимларини тергаган йиғилишдан олинган сурат.
Мирзиёев Маданият ва Спорт вазирлик мулозимларини тергаган йиғилишдан олинган сурат.

Президентнинг 15 февралдаги фармонига кўра¸ Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги иккига ажратилиб, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил этиладиган бўлди.

Ўзбекистонлик академик рассом, профессор ва собиқ мулозим Озодлик мухбири билан Рауф Набиев тахаллуси остида суҳбатга рози бўлди ва вазирликнинг иккига ажарлганига муносбат билдирди.

- Ажралгани яхши бўлди. Бюджет деган нарса ҳамма вақтларда ҳам пул етишмаслиги билан машҳур бўлган. Шу маънода вазият ўзгармади. Спорт - бу ўзига хос яъни ҳамма биладиган аммо гапирмайдиган хусусиятларга эгалиги сир эмас. Катта спорт бутун дунëда бўлгани каби криминал оламга дахли бўлган соҳа. Маданият эса бутун мазмун - моҳияти билан, вазифаси, бурчи билан мутлақо бошқа соҳа. Уларни сунъий равишда қўшиш, бу албатта эксперимент эди. Бу экспериментни мутлақо ўзини оқламаганлиги тез кўзга ташландию , аммо ҳеч ким буни тан олиб , доклад қилиб сиёсий қарорга келишга ҳеч кимнинг журъати етмай юрганди.

Иккинчи Президент бу муаммони ўзи аввалдан билиб турганлиги туфайли унга биров доклад қилиши шарт эмасди. Бундай кардинал қарорга келганлиги - бу табиий ҳол ва реформаларнинг давоми.

Озодлик: Шундай тураверса нима бўларди¸ масалан, Туркияда ҳам самарали ишлаëтган Туризм ва Маданият вазирлиги борку?

- Баъзи мамлакатларда (Вьетнам ва ҳоказо) маданият, спорт, туризм бир вазирликда, маданият ва туризм бир вазирликда бошқарилиши нафақат Туркияда, бундай мисоллар бисёр. Аммо айнан Туркия мисолида бунинг энг оптимал механизми яратилиб, унинг шакли-шамойили, амалиёти самарали чиқди. Менинг фикримча, гап вазирликда туризм билан маданиятни уйғунлаштириш фақат яхши ният ёинки бировнинг тажрибасига тақлидда эмас, балки бундай механизмни амалиётга тадбиқ этмоқчи бўлган давлат авваламбор жамиятда бунга тайёргарлик, мойиллик ва уни жорий этиш механизмини жуда чуқур ишлаб чиққандагина самара беради.

Озодлик: Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги икки концерт саройининг янги тузилажак маданият вазирлигига беришнинг ортида қандай сабаб бор?

- Икки саройни янги вазирликка берилгани мантиқан тўғри қарор бўлди. Ҳозиргача бу санъат масканларининг эгаси ким, кимнинг бошқарувида , кимдан рухсат олинади, ким қарайди - ҳаммаси мавҳум ва номаълум эди (тегишли шахслар билгандир). Аммо аввал вазирлик бу саройларда тадбирларни бир қанча келишувлар, кўрсатмалар билан ўтказа олган бўлса, эндиликда, бу қабул қилинган қарор туфайли, санъат ва маданият соҳасидаги лойиҳа ва тадбирларини бемалол ўзи режалаштириб ўтказиш имконига эга бўлди.

Озодлик: Ўзбекнаво тугатилишичи? Ўзбекмузей¸ Ўзбекрақс¸ Артмадад каби вазифасиз аниқ ва зарур идораларнинг тугатилганичи?

- Ўзбектеатр, Ўзбекмузей, Ўзбекрақс, Артмадад каби жамоатчилик бирлашма, жамғарма,ташкилотларини дунёга келиши авваламбор яхши ниятлар ва тўғри фикрлаш меваси эди. Бу йўл билан бу соҳаларни қадамба-қадам давлат бошқарувидан чиқара бориш, уларга кўпроқ ижодий эркинлик бериш, ижодий эркинлиги учун эса бюджетдан бўлган муҳтожлигини маълум даражада камайтириб ҳам бориш назарда тутилганди.

Аммо, афсуски, бу берилган имкониятлар, реформаларни векторларини пайқаб англаб оладиганлар кам бўлди, ижодкор ва ташкилотчилик лаёқати бўлганлари Дон Кихот мисол кўзга кўринмас "тегирмонпарраклар" билан курашаман деб ўтиб ҳам кетди. Натижада бу йўналишдаги яхши ниятлар ва унинг тўғри илк қадамлари муаллақ қолиб кетди, инерт, аморф шаклларда қотиб тураверди. Янги раҳбариятни ислоҳотлари бундай аморф қотиб колган, "номи улуғ- супраси қуруқ" тузилмаларни тозалашни амалга ошираётганлиги табиий ва тўғри ҳол.

Озодлик: Совет давридан қолган анъананга кўра¸ Маданият вазирлиги бошқалардан пул ортсагина кунини кўрадиган “қашшоқ” вазирлик мақомида. Билишимча, вазирликда бор йўғи иккита автомобил бор.

- Ҳар қандай вазирлик ёки идора номи билан эмас, ундаги раҳбарни салоҳияти (ақлий, билим, принциплари, ҳалоллик, мутахассислик, унга берилган ишонч кредити ва хк) билан чамбарчас узвий боғлиқ бўлиб келган нарса. Шахс - бу раҳбарликдаги ва у раҳбарлик қилган даврда соҳанинг ютуғи, равнағи, тараққиёти учун ҳам маъсул, ҳам жавобгар шахсдир.

Икки ҳолда инсонга берилган вазифа барбод бўлиши мумкин: 1) Соҳани билмаган нодон иш берувчи ёки ҳомийсига ишониб курсига ўтирса; 2) Унга лавозим кўр- кўрона номига бўлиб, аслида соҳани бошқариш ташқаридаги кимсанинг қўлида қолса.

Озодлик: Табиатан тоталитар бўлган ўзбек режимида вазирнинг қўлида салоҳиятлар кўплиги ислоҳот ўтказиш учун қўл келмайдими? Бошқа тарафдан яқин ўтмишда Гулнора Каримова “маданият тадбирлари мана бунақа бўлади “деб жорий вазирликни чангда қолдирганига нима дейсиз? Гулнора "Параллел маданият вазирлиги" тузибди деган гап оралаган эди. Мен эшиттириш ҳам қилган эдим "Гулноранинг маданият вазирлиги" деган. Гулнора Каримова қилган ишлар бир қадар эффектли эмасмиди?

- Вазирликка эга кўп , вазир эса ҳамма вакт ёлғиз қолиб келган. Бундай ноаниқ ҳолатдан моҳирона фойдаланиб, салтанатни ўмарганлар мазза қилиб яшаб келди, номига келиб, ҳақиқий аҳволни кўргач, "манганима" деб, маишатда кайф қилиб, беш- олти йил ишлаб кетган вазирлар ҳам бўлди, Опа табиийки, бу соҳадаги беэгаликни кўриб, ўзидаги билим, тушунча, табиийки катта куч салоҳиятини ҳам сафарбар қилди ва замонавий маданият лойиҳалари қандай шаклларда бўлиши мумкинлигини "мастеркласс" шаклида ўтказиб ташларди. Опанинг ҳар қандай маданият вазиридан кучлилиги - у ҳеч кимнинг рухсатига муҳтож эмасди, вазирлик Опанинг лойиҳаларини "икки қўллаб" амалга оширишга киришарди.

Озодлик: Россия маданият вазирлиги Путин тузумини шафқатсиз танқид қилган киноларга ҳам пул беради. (“Дурак”, “ Ученик” ва “Левиафан” кинолари) Бизда имкони борми шуни? Ижодкор ғояларини пул билан таъминлашнинг илғор тажрибаси Францияда экани айтилади. Шулардан ўрнак олсак бўладими?

- Менимча, на Россия, на Франция тажрибалари Ўзбекистонга андаза , аргумент, тақлид қилиш учун предмет бўлиши қийин. Барибир ҳозирги даврда "Кадры решают все" деган миси чиқиб кетган тушунча "тошбосар" бўлади. Кадрни тўғри танлаб, унга ислоҳот учун қўл-оёғини ечиб берилмаса, барибир соҳа "чўлоқ товуқ" мисол, на тухум беради, на гўшт. Акс ҳолда яна бир кун келиб, навбатдаги вазирнинг патини юлиб, унга айбни тўнкаб, ўғри-муттаҳам деб туҳмат билан кетига тепиб юрилаверади. Чорак аср давомида ким жавоб берди бу аҳволга? Ким жавоб беради кейинги чорак аср учун? Ўзбекистон маданияти каби унинг жамияти, халқ менталитети, бир неча хусусият ва жиҳатлари - маданиятни ҳақиқий тарбия ва маърифат тушунчасига, Вазирлигига айланиши учун : 1) барча ваколатлари қўлига берилган мутахассис салоҳиятли вазир; 2) унинг атрофида маданият ва санъатнинг йўналишларининг таниқли намояндаларидан иборат Маслаҳат Кенгаши фаоллиги таъминлансагина самара ва яхши истиқбол кутса бўлади¸ дейди Рауф Набиев тахаллуси билан гапирган Ўзбекистонлик академик рассом, профессор ва собиқ давлат амалдори.

XS
SM
MD
LG