Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:25

Ўзбекистон Испаниядан Қодировнинг "жиноий шериги"ни экстрадиция қилишни сўрамоқда


Алишер Ходиев 10 мартда Барселонада Ўзбекистон талаби билан ҳибсга олинган эди
Алишер Ходиев 10 мартда Барселонада Ўзбекистон талаби билан ҳибсга олинган эди

Ўзбекистон Бош прокуратураси Испания Бош прокуратурасидан ўзбекистонлик Алишер Ходиевни экстрадиция этишни талаб қилмоқда.

Шу йилнинг 10 мартида Испания полицияси Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан халқаро қидирувга берилган Алишер Ходиевни Барселона шаҳрида ҳибсга олган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкентнинг Яшнобод туманидан бўлган Алишер Ходиевни товламачалик, фирибгарлик ва жиноий йўллар билан топилган пуллари легаллаштиришда айбламоқда.

39 яшар Алишер Ходиевга қарши илгари сурилган айбловлар Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

Алишер Ходиевнинг Испаниядаги адвокатларига кўра, улар Ўзбекистон Бош прокуратурасидан илгари сурилган айбловлар юзасидан "қўшимча ҳужжатлар" ва "фактлар" тақдим этишни талаб қилганлар.

Алишер Ходиев Рашитжон Қодировнинг ёлғиз ўғли Алишербек Қодировнинг талабалик даври дўстидир.

У Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган Corris Invest масъулияти чекланган жамиятнинг (МЧЖ) директоридир.

Рашитжон Қодировнинг 39 яшар ўғли Алишербек Қодиров Ички ишлар вазирлиги тарафидан 2018 йилнинг 5 март куни халқаро қидирувга берилган.

2 600 000 доллардан кўпроқ товламачилик

Ходиев Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан қидирувга берилган
Ходиев Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан қидирувга берилган

Озодлик Испания прокуратурасига Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан 9 март куни тақдим этилган айблов хулосасини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Алишер Ходиевга қарши илгари сурилган айблов хулосаси бир шахс - Ўзбекистондаги қатор йирик корхоналар раҳбари, етакчи тижорий банклардан бири "Инфинбанк"нинг энг йирик ҳиссадори - Фарҳод Маматжонов берган шикоят аризаларига асосланган.

Бош прокуратура тақдим этган ҳужжатларда иддао қилинишича, Алишербек Қодировнинг талабалик даври дўсти бўлган Алишер Ходиев, "жиноий жавобгарликка тортиш" билан таҳдид қилиб, Фарҳод Маматжоновдан 2009-2013 йиллар давомида жами етти ҳолатда 2 миллион 600 минг доллардан кўпроқ маблағни олиб қўйган.

Мазкур жиноятларни, бош прокуратуранинг даъво қилишича, Алишер Ходиев Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров, унинг ўғли Алишербек Қодиров, тижорий шериги Хайрулло Мусабоев ва бошқалар билан бирга "олдиндан жиноий тил бириктириб" амалга оширган.

Бош прокуратура ҳужжатида еттита ҳолатнинг ҳар бирида бир хил хулоса билдирилган:

“Ўз навбатида А. Қодиров Р. Қодировнинг ёлғиз ўғли экани ва унга таъсир кўрсата олишидан хабардор бўлган Ф. Маматжонов... талаб қилинган ... маблағни А. Ходиев ва А. Қодировга беришга мажбур бўлган.”

"Умумий характер"

Ўзбекистон Бош прокуратураси талаби билан Испанияда кўрилаётган экстрадиция ишида Алишер Ходиевни ҳимоя қилаётган Bray&Avalo Abogados адвокатлик ширкати илгари сурилаётган айбловлар "умумий характер"га эга эканини таъкидлайди.

Озодлик саволига ёзма жавоб берган ширкат адвокати Хуан Карлос Брей айбловлардаги қуйидаги жиҳатга эътибор қаратди:

"Тақдим этилган айбловлар марказида турли ширкатлар ва банкларга таъмагирлик йўли билан пул ўтказиш туради. Жиноят дея тушунилган фактлар умумий характерга эга," деб ёзди Хуан Карлос Брей.

Унинг таъкидлашича, Bray&Avalo Abogados адвокатлик ширкати Ўзбекистон томонидан илгари сурилган айбловлар бўйича "қўшимча ҳужжатлар" тақдим этишни сўраган.

Собиқ бош прокурор иши

Рашитжон Қодиров 15 йил давомида Ўзбекистон Бош прокуратурасига раҳбарлик қилди
Рашитжон Қодиров 15 йил давомида Ўзбекистон Бош прокуратурасига раҳбарлик қилди

Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодировга нисбатан жиноий иш очилиб¸ унинг 2018 йил 22 февраль куни ҳибсга олингани ҳақида биринчи бўлиб Озодлик радиоси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура мулозимларига таяниб туриб хабар қилган эди.

23 февраль куни бу хабарни инкор этишга уринган Бош прокуратура 24 февраль куни Қодировнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.

67 яшар генерал Рашитжон Қодиров 2000 йилдан 2015 йилга қадар Ўзбекистон Бош прокурори вазифасини бажарди.

Собиқ бош прокурорга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси ("товламачилик"), 167-моддаси ("ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш", 184-моддаси ("солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш"), 210-моддаси ("пора олиш") ва 236 моддаси (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) билан айбловлар илгари сурилган.

Бош прокуратура расмий баëнотига кўра¸ Қодиров иши доирасида жами 24 шахсга нисбатан айблов эълон қилинган ва улардан 21 нафари ҳибсга олинган.

Қодиров ишини, Озодлик билан исми сир қолиш шарти билан суҳбатлашган Бош прокуратура мулозимига кўра, шахсан Президент Шавкат Мирзиёев яқиндан кузатиб бормоқда.

19 май куни Андижон вилоят, Улуғнор туманида вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда маъруза қилган Президент Шавкат Мирзиёев собиқ прокурорни "икки-уч ой ичида телевидение орқали" гапиртиришга ваъда берган эди.

XS
SM
MD
LG