Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:35

UzBack to USSR? Хотира ва қадрлаш куни яна "День победи"га айланмоқда (VIDEO)


2018 йилги 9 майга бағишланган тадбирлар манзарасидан бир шингил.
2018 йилги 9 майга бағишланган тадбирлар манзарасидан бир шингил.

Айни кунларда Ўзбекистон пойтахти¸ шунингдек республиканинг бошқа шаҳарларида 9 майга бағишланган маданий-маърифий тадбирлар қизғин паллага кирди.

1999 йилдан расман Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлаб келинган 9 майнинг айрим вазирликлар ташаббуси билан яна эски Совет ва бугунги Россия услубидаги Ғалаба байрамига айланаëтгани ўзбекистонлик айрим зиëлиларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бундай эътирозларга жавоб беришга уринган Тошкент расмийлари¸ ўз ташаббус ва дастурлари президент Шавкат Мирзиëевнинг 9 майни нишонлашга оид фармони доирасида ўтказилаëтганини иддао қилдилар.

"9 май - Ўзбекистон эркинлиги ва тинчлиги учун курашганлар эсланадиган кун!"

1999 йилнинг 2 март куни мустақил Ўзбекистоннинг 1-президенти Ислом Каримов имзолаган 2243-сонли фармонга мувофиқ¸ 9 май мамлакатда Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланади.

Қарийб 20 йил олдинги фармонда 9 майнинг нафақат “Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашиб ҳалок бўлганлар”¸ балки “мамлакатимиз озодлиги ва мустақиллиги учун жон берган Ўзбекистоннинг барча ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш” ва улар “ҳурматини жойига қўйиш" мақсадида Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилингани таъкидланган.

Бу фармондан сўнг Тошкент хокимлиги эълон қилган (ва ҳозиргача ҳокимлик сайтида сақланаëтган -таҳр.) расмий баëнотда мазкур санага шундай таъриф берилган (имло ва стилистика сақлаб қолинди):

Хотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир. Ушбу кунда фашизмга қарши курашишларда қатнашган, ўз Ватанини ҳимоя қилишда жонига фидо қилган, шунингдек Тўмарис, Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Наджмиддин Кубро, Намаз-батир каби қахрамонлар ва асрлар давомида халқ орзу қилган эркинлик учун курашган Кадири, Бехбуди, Мунаввар-кари, Чўлпон, Авлони, Фитрат, Усмон Насоир каби миллий қахрамонларимизни рухини шод этиб эслаш ҳам фарз ҳам қарздур. Инсоният иккинчи жахон урушида катнашган, бу аёвсиз жангу жадалда кахрамонларча халок булганлар хотирасини асло унутмайди”, деб ёзган эди Тошкент шаҳар ҳокимлиги бундан 20 йилча муқаддам.

Шу тарзда¸ СССР пайтида "Улуғ ватан уруши" тугаган¸ СССР фашистлар устидан ғалаба қозонган кун сифатида ҳарбий парад ва улкан тантана билан нишонланиб келинган 9 май¸ Каримов Ўзбекистонида совет анъаналаридан фарқли тарзда нишонланадиган байрамга айланди.

Ҳарбий парад ва оркестрлар шовқини ўрнини 9 май куни Ўзбекистонда жимгина қилинган тиловатлар - яқин ва узоқда ўтганлар қабрини зиëрат қилиш¸ улар хотирасини ëдга олиш¸ нафақат уруш ветеранлари¸ балки барча кексаларга алоҳида ҳурмат кўрсатиш анъанаси эгаллади.

Бу ўзгариш Ўзбекистоннинг совет рамзлари ва анъаналаридан узоқлашиш¸ ўз миллий ва диний анъаналарига қайтиши сифатида талқин этилди ва олқишланди.

Аммо 2018 йилги Хотира ва қадрлаш куни арафасида Ўзбекистон¸ хусусан¸ пойтахт Тошкент кўчаларига яна СССР байроқлари¸ СССР гимни ва оркестр жўрлигидаги "Катюша" ва бошқа қўшиқлар¸ Георгий ленталари очиқчасига қайта бошлагани кўрилмоқда.

Мудофаа вазирлиги Хотира кунини яна парад ва Катюшага қайтармоқдами?

Гарчи Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ислом Каримов даврида ҳам Георгий ленталари тарқатишга¸ “Ўлмас полк” тадбирларини ўтказишга уриниб келган бўлса-да¸ Тошкент ҳукумати бундай тадбирлардан ўзини очиқчасига узоқ тутиб келган эди.

Аммо 2018 йилга келиб¸ Ўзбекистондаги қатор вазирликлар бундай тадбирларнинг ташаббусчи ва ижросига айланди.

Хусусан¸ 25 апрель куни Тошкент метросида Мудофаа вазирлигининг Ашула ва рақс ансамбли СССР¸ хусусан¸ СССРнинг Улуғ ватан уруши рамзларидан бирига айланган "Катюша" ва "День победи" қўшиқларини тўрт соат давомида бекатма-бекат¸ вагонма-вагон юриб куйлади ва рақсга тушди. Метродаги энг тиғиз пайт – соат 16 дан 20 гача бўлган соатларда ўтказилган бу тадбир¸ аксар маҳаллий нашрлар томонидан “илиқ кутиб олинди”.

Шу кундан бошлаб Мудофаа вазирлиги қўшиқчи ва раққосалари Тошкент шаҳридаги уруш ветеранлари яшовчи хонадонларга бориб¸уларга ҳам уруш даври қўшиқлари¸ хусусан¸ "День победи"ни айтиб¸ ўйнаб беришди.

Расмийлар¸ советча руҳдаги бу тадбирларнинг “ўз Ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган Тўмарис, ва Широқлардан советлар томонидан қирғин қилинган Қодирий, Беҳбудий, Мунаввар қори, Чўлпон, Авлоний, Фитрат, Усмон Носир каби миллий қаҳрамонлар” руҳини шод этишга қандай алоқаси борлиги ҳақида ҳеч кимга изоҳ бермади.

Тошкентдан то Самарқандга қадар СССР байроқлари ҳилпиради

29 апрель куни “Ғалаба – ҳамма учун битта” деб номланган Россия автокарвони шовқин-сурон билан Тошкент марказига кириб келди.

7 апрель куни Россиянинг Нижневартовск шаҳридан Самарқандга йўл олган “Победа” русумли Россия машиналари карвони “Биродарлар қабри” мемориал мажмуасида Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси ва ўзбек расмийлари томонидан қарши олинди.

Эшик-деразаларига СССР байроқлари ëпиштирилган “Победа”ларда келганлар қаршисига Тошкентда СССР байроғини кўтарганлар чиқди.

Россия элчихонаси томонидан Тошкент марказида 29 апрель куни ўтказилган тадбир иштирокчиларининг СССР байроғини кўтаргани¸ Россиянинг Ўзбекистондаги илмий-маданий маркази сайтидан олинди.
Россия элчихонаси томонидан Тошкент марказида 29 апрель куни ўтказилган тадбир иштирокчиларининг СССР байроғини кўтаргани¸ Россиянинг Ўзбекистондаги илмий-маданий маркази сайтидан олинди.

СССР рамзларига тўлиб-тошган бу карвон 1 май куни Самарқандга кириб борди.

Бу тадбирлар баробарида¸ Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида жойлашган Россотрудничество ваколатхонаси 9 май арафасида Георгий ленталарини тарқатишга киришди.

1769 йили Россия қироличаси Екатерина II томонидан империянинг энг олий ҳарбий унвони сифатида таъсис этилган Георгий лентаси Россия империясининг қудрати рамзи саналади. 2005 йилдан бошлаб Россияда бу рамз Улуғ ватан урушида қозонилган буюк ғалаба рамзи сифатида қайтадан муомалага киритилди. Бу рамзни қолган дунë¸ айниқса¸ собиқ СССР ҳудудларида тарқатиш учун давлат бюджетидан Россотрудничество¸ бу тизим орқали эса хориждаги Россия элчихоналари ҳузуридаги маданий марказларга махсус маблағ ажратиб келинади.

Ўзбек артистларининг СССРча паради

2 май куни Тошкент марказида II жаҳон уруши даври ҳарбий колоннаси юриш қилди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Ёшлар иттифоқи томонидан уюштирилган бу тадбирда қатнашган ҳарбий колонна ҳам 20 километр юриши давомида “томошабинлар томонидан илиқ қарши олинди.”

Бу тадбирда¸ Озодликка ҳар иккала вазирлик расмийларининг билдиришича¸ Ўзбекистон Мудофаа ва Маданият вазирлиги иштирок этган; хусусан¸ Тошкент театрларининг актëрлари қатнашган.

Советча қўшиқ ва мусиқалар билан ўтган бу параднинг Ўзбекистонда расман нишонланадиган Хотира ва қадрлаш кунига қандай алоқаси борлиги ҳақида бу гал ҳам расмийлар изоҳ бермади.

Эътироз ва норозилар флешмоби

Мудофаа ва Маданият вазирликлари томонидан мувофиқлаштирилиб¸ Ëшлар иттифоқи ҳамкорлигида ўтказилган бу тадбирларга оид видеолавҳалар маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонлик фойдаланувчилар орасида тарқаб кетди.

Бу тадбирларга ижобий муносабат билдирганлар қатори¸ улар Ўзбекистон мустақиллиги¸ мустақил давлат тарих ва анъаналарига нисбатан ҳурматсизлик ва СССР рамзларини қайта тиклаш уриниши сифатида жиддий эътирозлар ҳам бўлмоқда.

Хусусан¸ Facebookда #BUBIZNIKIBIZGABUBEGONA деган акция бошланди ва унга қатор таниқли зиëлилар қўшилди.

9 Май бу Хотира ва Қадрлаш куни! Биз фақат шу кунни тан оламиз. Хотира тушунчасини ва Қадрлаш тушунчасини сақлаб қолишни тарафдоримиз! Хотира бу рақс ва ашула билан боғлиқ тушунча эмас, қадрлаш бу 12 - 19 асрларда ў​тган динлараро урушлар ва мустамлакалар билан боғлиқ тасма-ленталар билан қарияларнинг кўк​ракларини безатиш дегани эмас!

Хотира бу шаҳид кетганларни эсга олиш, Қадрлаш бу урушга зид тушунчалар - Инсонинг Ҳаётини ва Тинчликни қадрлаш! Хотира ва Қадрлаш куни бу бизники, қолган ашула-лента-мангу полклар тадбирлари эса бизга ёт бегона!” дейилади бу флешмоб ташкилотчилари эълон қилган матнда.

Ижтимоий тармоқларда ҳозиргача бу акцияга 4000 мингдан ортиқ ўзбекистонликнинг қўшилгани айтилмоқда.

Мазкур акция ташаббусчиларидан бири¸ сиëсатшунос Анвар Назир Озодлик билан суҳбатда бу йилги 9 майнинг нишонланишидаги ўзгаришлар асосий сабаби "суяги совет даврида қотган сиëсий элитанинг ўз тарихини билмаслигига" бориб тақалишини айатди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:48 0:00
Бевосита линк

Мудофаа вазирлиги изоҳи

2018 йилдан бошлаб 9 майни ашула ва рақс¸ парад ва юришлар билан нишонловчи тадбирлар ташаббусчилари Ўзбекистон Мудофаа ва Маданият вазирлиги¸ шунингдек¸ Ëшлар иттифоқидир.

Мудофаа вазирлигининг мазкур тадбирлар учун масъулларидан бири Озодлик билан суҳбатда Хотира ва қадрлаш кунининг советча услубдаги байрамга айланганига оид жамоатчилик эътирозини рад этишга уринди:

- Президентнинг Хотира ва қадрлаш кунини қандай ўтказиш ҳақидаги фармонини ўқинглар. Ўшанинг ичида чора-тадбирлар дастури бор. Дастурда ëзиб қўйипти¸ аҳоли дам-олиш масканларида¸ истироҳат боғларида¸ “Хотира- азиз¸ қадр – муқаддас” номли концерт дастурлари ўтказилсин¸ деган жойлари борда. Биз шу дастурга мувофиқ маданий-маърифий тадбирлар ўтказаяпмиз. Ансамблимиз¸ нафақат Катюша айтган¸ Зебо Ғаниеваларнинг ўзбекча қўшиқлариниям айтган. 2-жаҳон урушига ўзимизнинг фронтовой аëлларимиз борганку¸ўшалар эътиборни асосан миллий қўшиқларга берган. Тарихку бу! Георгий ленталарига келсак¸ унга Мудофаа вазирлигининг алоқаси йўқ¸ деди вазирликнинг мазкур дастурига масъул расмийлардан бири.

Бу расмий 9 майга қадар пойтахт Тошкент¸ қолаверса¸ мамлакатнинг шаҳар ва туманларида¸ хусусан¸ истироҳат боғларида шундай байрам тантаналари давом этажагини қўшимча қилди.

Тадбирлар дастури Маданият вазирлиги билан мувофиқлаштирилган!

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Маданият вазирлиги расмийлари жамоатчилик орасида мунозара ва эътирозларга сабаб бўлаëтган бу йилги 9 майга бағишланган тадбирларнинг мазкур вазирлик томонидан мувофиқлаштирилганини эътироф этди.

Айни пайтда¸ Маданият вазирлиги матбуот хизмати расмийси Озодлик билан суҳбатда бундай тадбирларнинг асосан ëшлар учун ўтказилаëтгани¸ уларга “бугунги осмонимиз мусаффолиги¸ юртимиз тинчлигининг” бир бўлаги сифатида кўрсатилаëпти. Георгий ленталари ва бошқа СССР рамзлари тарқатилишига оид эътирозларга келсак¸ уларни тарқатиш Ўзбекистон ҳудудида тақиқланмаган ва 1-президентимиз пайтида ҳам бу нарса бор эди”¸ деди Озодлик гаплашган Маданият вазирлиги расмийси.

Мустақил Ўзбекистонда Россия империясининг олий ҳарбий унвони бўлган Георгий лентаси¸ СССР байроғи ва бошқа рамзларни тарқатиш¸ флешмоб фаоллари таъкидича¸ Ўзбекистон Маъмурий Кодексининг 203-моддаси билан тақиқланган ва жазоланадиган ҳатти-ҳаракатлар сирасига киради.

Флешмобчилар¸ бундай қонунга қарши акцияларни уюштириб¸ уларни қўллаëтган давлат идораларини жавобгарликка тортишни ҳам талаб қилдилар.

"Тарихий хотирасиз миллат йўқ!"

Маданият вазирлигининг 9 май муносабати билан ўтказилаëтган тадбирлар программасига бевосита алоқадор масъулларидан яна бири Озодлик билан суҳбатда¸ ўтказилаëтган акцияларни ëшларга тарихдан сабоқ сифатида талқин қилди:

- Биласиз¸ демократик давлатда тарихий хотирасиз яшаб бўлмайди. Ана шу ғоя турибди бу тадбирларнинг ортида. Фуқароларнинг тарихга бўлган муносабатини¸ назарини демократик давлатда тақиқлаб бўлмайди. Биз II Жаҳон урушидаги ота-боболаримизнинг меҳнатини эсдан чиқаришга ҳаққимиз йўқ¸ деди 2018 йилги тадбирлар дастури мутасаддиларидан бири.

Маданият вазирлигининг бу расмийси¸ президент Шавкат Мирзиëевнинг тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудовлар ҳайкалини эски жойига қайтариш ташаббуси ва уруш йилларида ўзбеклар кўрсатган бағрикенглик ҳақидаги гапларини ҳам¸ бу йилги 9 май билан боғлиқ тадбирлар руҳини изоҳлаш мақсадида тилга олди.

“Президент фармон ва баëнотлари нотўғри талқин қилинмоқда!”

9 май арафасида Ўзбекистон¸ хусусан¸ пойтахт Тошкентда ўтказилаëтган тадбирлар моҳиятига оид бундай расмий изоҳга эътироз билдираëтган зиëлилардан бири Маҳмуджон Йўлдошев ҳукуматнинг маданият ва маърифат бўйича мутасаддиларини¸ президент фармони ижросини нотўғри йўналишга солиб юборганликда айблайди.

”Хотира кунини кўкракка гул тақиб байрамга айлантирманг. Давлатимиз миқёсида , бу санага бағишланиб чиққан Фармонни қайта ўқиб кўринг!” дейди ижтимоий фаол психолог олим:

- Мен шу халқнинг бир вакили сифатида бундан норозиман. Мустақилликнинг илк йилларида бизнинг давлатимиз 9 майни бу иккинчи жаҳон уруши¸ улуғ ватан уруши эмас¸ деган тўхтамга келди. Биз бу жангларга ўз ихтиëримиз билан эмас¸ балки мажбуран жалб қилинган халқмиз. Ярим миллиондан ошиқ халқимизни қурбон бердик. Шунинг учун уларнинг хотирасини абадийлаштириш¸ хотирасини қадрлаш¸ тирик қолганларини эъзозлашимиз керак¸ деган қаррога келинди. Бу тўғри қарор эди. Ҳозирги президент ҳам қурбонлар хотирасини Георгий лентаси тақиб¸ СССР байроқларини кўтариб¸ Катюша айтиб абадийлаштир¸ деб қарор чиқаргани йўқ!- дейди Озодлик билан суҳбатда Маҳмуджон Йўлдошев.

“Ўзбекистонда Россиянинг маданий истилосига ўзбек мулозимларининг ўзи йўл очмоқда!”

Таниқли ëзувчи Нурулло Отахонов ҳам ижтимоий тармоқларда бошланган #BUBIZNIKIBIZGABUBEGONA деб номланган флэшмобга қўшилган зиëлилардан бири.

Озодлик билан суҳбатда ëзувчи, бу йилги тадбирлар мутасаддилари алоҳида таъкидлаëтгани каби¸ II Жаҳон уруши¸ унда бир миллиондан ошиқ ўзбекнинг қатнашиб¸ ярмининг қирилиб кетгани инкор қилиб бўлмас тарих эканини тан олмасликнинг иложи йўқлигини айтади.

Аммо¸ дейди ëзувчи¸ тарихнинг бир парчасини узиб олиб¸ уни сиëсатга айлантириш нотўғри ва таҳликалидир¸ деб таъкидлайди бу суҳбатдош:

- Умуман тарих¸ хусусан¸ юртимизнинг руслар босқини остидаги 130 йиллик тарихи холис ўрганилиши шарт. Бу билан ҳалол тарихчилар шуғулланиши керак. Лекин сиëсат ва сиëсатчилар халқни кечаги тузум яхши¸ деган йўлларга бошлаш керак эмас. Яхши бўлганда¸ 15 та республика мустақиликка шу қадар интилармиди? Ҳар бир давлатнинг ўз манфаатига хизмат қиладиган мафкураси бор. Мустақил давлат бу мафкурасини ўзи белгилаши учун ҳам мустақилдир! Мен бугун Ўзбекистонда СССР байроқларининг кўча-кўйларда бемалол ҳилпирашию¸ Катюша айтиб¸ парадлар ўтказилишини маданий истило деб баҳолайман. Маданий истило бу давлатни истило қилишга йўл очади ва бугун бу томошаларга жим қараб турган тепадагилар¸ бунинг мустақил давлатчиликка реал хавф эканини англаб¸ шунга қараб иш тутиши лозим¸ дейди Нурулло Отахонов.

"Ислом Каримовнинг 25 йиллик ҳокимияти даврида мустақиллик¸ фаровонлик ва демократия қадриятлари шу қадар қадрсизландики¸ бугунга келиб ўзбек жамоатчилиги империячилик ғояларининг ўз ҳудудида яна бемалол кеза бошлаганини сезмаслик эмас¸ ҳатто уни олқишлаш даражасига тушгани одамни қўрқитади”¸ дейди “Бу кунлар” романи муаллифи Нурулло Отахон.

Сиз Ўзбекистонда 9 майнинг советча услубда нишонлашга ўтилаëтганига қандай муносабатдасиз¸ бу ҳақдаги фикр мулоҳазаларингизни ижтимоий тармоқлардаги Озодлик саҳифаси¸ қолаверса¸ қуйидаги шарҳ катакчасида билдиришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG