Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:56

Йил сарҳисоби: Рақамли иқтисодиёт ва расмий рақамларда коррупция


2020 йил қандай номланганини ўзбекистонлик беш зиёлидан фақат бири эслай олди. Ўзбекистон конституцияси кунида Озодлик суҳбатлашган сиёсатшунос, ҳуқуқшунос, сиёсий шарҳловчи, олим ва журналистлар келаси йил учун ном танлашда деярли якдил бўлдилар.

Ўзбекистонда қарор топган анъанага кўра, 8 декабрь - Конституция куни муносабати билан ўтказиладиган тантанали йиғилиш ортда қолаётган йилнинг дастлабки сарҳисоби қилинадиган маросимдир.

Бу йил бундай маросим ўтказилмади, бироқ Ўзбекистон президентининг мамлакат халқига йўллаган табригида йил сарҳисоби акс этди.

Озодлик 2020 йилнинг номидан келиб чиқадиган саволларни ўз суҳбатдошларига берди ва натижада улар назаридаги “йил номи ҳисоботи” пайдо бўлди.

Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида янги йилга ном Конституция куни муносабати билан ўтказиладиган тантанали йиғилишда берилган. Бироқ ўтган йили бу анъана бузилди. 2020 йилга ном шу йилнинг 24 январида, президентнинг Олий Мажлисга мурожаати давомида берилди.

Президент Мирзиёев 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номлашни таклиф қилар экан, Ўзбекистон халқаро ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш индекси бўйича 2019 йилда 8 поғонага кўтарилган бўлса-да, ҳали жудаям орқада эканлигини, “рақамли иқтисодиёт”га фаол ўтиш – келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифалардан бири бўлишини уқтирган эди.

Президентнинг 7 декабрдаги табригида ортда қолаётган йилга доир баъзи натижалар ҳақида айтилди. Масалан, давлат раҳбарига кўра, “йил давомида 500 мингдан ортиқ тадбиркор ва 8 миллиондан зиёд фуқаро учун 34 триллион сўмга яқин имтиёзлар берилди, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва бандликни оширишга 2,6 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди”. Табрикда бундай маълумотлар талайгина. Бироқ бирорта ҳам рақам ёки маълумот йил номи билан боғланмади.

Шу боис, афтидан, янги йилга расмий ном келаси ой берилиши ҳақида тахминлар пайдо бўлди.

Зиёлилар йил номини эслолмади

Озодлик “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”нинг норасмий сарҳисоби борасида бир қатор зиёлиларни суҳбатга чорлади ва улардан аввалига, 2020 йил қандай номланганини эслай оласизми, деб сўради.

Сиёсатшунос Адҳам Ҳусенов: Ҳозир, ҳозир... рақамли иқтисодиётмиди? Йўқ, йўқ, бу - номнинг охири эди, шекилли. Боши эсимда йўқ.

Ҳуқуқшунос Журъат Тожиев: Инвестициялар... бир нарса, бир нарса эди-да... Тўғриси, эсимда йўқ.

Сиёсий шарҳловчи Турсун Қоратоев: Тўғриси, ҳозир ёдимда йўқ йилнинг қандай номлангани.

Доришунос олим Рустам Нуриддинов: Тадбиркорликка алоқадор эди шекилли. Ё инновацион ғоялармиди...

Йил номини Маърифат газетасининг Фарғонадаги мухбири Шарифа Муродова эслай олди, холос.

2020 йил чиндан ҳам илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили бўлдими?

Сиёсатшунос Адҳам Ҳусенов: Нисбатан ўсиш кузатилди. Масалан, мурожаатларни электрон шаклда жўнатиш имконияти пайдо бўлди. Бироқ бу гап ёнига қўшадиган бошқа фикрим йўқ. Илм-фанда ҳам, таълимда ҳам “портлаш” рўй бергани йўқ.

Ҳуқуқшунос Журъат Тожиев: Хўш, йил давомида нима кўрдик? Ҳеч нарса! Таълим соҳасида ислоҳот бўлмади. Мамлакатимиз олий таълим бепул давлатлар ўнталигига кирмади. Бундай мақсад бормиди ўзи – билмайман. Бироқ йўқ бўлса, шундай мақсад қўйилиши керак. Қишлоқ хўжалигида ҳам яна ўша эски усуллар: сўконғич ҳокимлар буйруқбозлиги.

Сиёсий шарҳловчи Турсун Қоратоев: Саволга дабдурустдан бир нарса деб жавоб беришим қийин. Бироқ бир нарсани кўпчиликнинг ёдига солиб қўймоқчиман. 2001 ёки 2002 йили эди. Рақамли иқтисодиётга ўтиш бўйича 5 та қонун қабул қилинган. У пайтда мен журналист ва шарҳловчи сифатида Олий Мажлис фаолиятини ёритар эдим. Лекин ҳануз ўша қонунлар ижро этилган эмас.

Доришунос олим Рустам Нуриддинов: Бу йил тиббиёт фанида иккита янгилик яратилгани айтилди. Бироқ натижасини кўрмадим. Биринчиси: Инновация ривожланиш вазирлиги ўзбек олимлари коронавирусга қарши дезинфекциялаш ускунаси яратганини, у ўрнатиладиган хона ҳажмига қараб каттароқ ё кичикроқ бўлиши мумкинлигини эълон қилган. Масалан, ўша ускуна синф хонасида 5 дақиқа ишлатилса бас, хона мутлақо зарарсизланади, дейилганди. Лекин мен ўша ускунани ҳануз кўрганим йўқ. Кенг миқёсда ишлаб чиқарилаётганини билганим йўқ. Иккинчиси: ўзбек олимлари томонидан вирусга қарши “Рутан” деган препарат яратилди. Ўз вақтида бу дори ҳатто Эронга инсонпарварлик ёрдами сифатида жўнатилиши айтилди. Кейинроқ билсам, бу дори коронавирусга қарши синаб ҳам кўрилмаган экан. Мутахассис сифатида шахсан мен тиббиёт илмида бу йил қониқарли бир иш қилинганини кўрганим йўқ.

Рустам Нуриддиновнинг айтишича, у чет эллик ҳамкасблари билан бу йил коронавирусга қарши 4 та препарат устида иш олиб борди. Бу воситалардан бири давлат қайдидан ўтиш арафасида турибди. “Сўнгги – токсикологик экспертизадан ўтказиш арафасида турибмиз”, деди кимё фанлари доктори, профессор Рустам Нуриддинов.

“Маърифат” газетасининг Фарғонадаги мухбири Шарифа Муродова: Аслида ҳеч қайси йил номига яраша бўлмайди. Жумладан, бу йил ҳам. Ўзим яшайдиган ҳудуд мисолида гапирсам, рақамли иқтисодиётнинг ҳам, илм-маърифатнинг ҳам ривожланганини кўрганим йўқ. Балки Тошкентда бу иккаласи ҳам ривожланиб кетгандир. Лекин Фарғонада бундай бўлгани йўқ.

Келаси йилни қандай номлаган бўлардингиз?

Сиёсатшунос Адҳам Ҳусенов: Коррупцияни йўқ қилиш йили” деб атаган бўлардим.

Ҳуқуқшунос Журъат Тожиев: “Парламент, ижроия ва суд ҳокимиятларини бир-биридан мустақил қилиш йили” деб номлаган бўлардим.

Сиёсий шарҳловчи Турсун Қоратоев: “Халқ дардини эшитиш ва жавоб бериш йили” бўлиши керак.

Доришунос олим Рустам Нуриддинов: “Коррупцияга қарши кураш йили” бўлиши керак.

“Маърифат” газетасининг Фарғонадаги мухбири Шарифа Муродова: Халққа фойдаси тегадиган ишларни йилларга ном бермасдан ҳам қилса бўлаверади. Йил номланганидан кейин унинг ижросини таъминлаш учун йўл харитаси, давлат дастури ишлаб чиқилади, дастур ижросини таъминлаш учун масъуллар бириктирилади, корхона, ташкилот, муассаса, ўқув юртларида тадбирлар режаси тузилади. Буларнинг барчаси қоғоз, қоғоз, қоғоз дегани. Ундан кўра, йилни номлаш билан боғлиқ қилинадиган бесамар ишлар ўрнига самара берадиган ишлар қилинса, тезроқ ривожланиб кетар эдик.

Ҳар йилнинг ўз номи бор...

Ўзбекистонда йилга ном бериш анъанаси 1990-йилларнинг иккинчи ярмидан бошланган.

1997 йил “Инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган бўлса, 1998 йил “Оила йили”, 1999 йил “Аёллар йили” ва 2000 йил эса “Соғлом авлод йили”деб эълон қилинган.

2001 йил Ўзбекистонда “Оналар ва болалар йили”, 2002 йил “Қарияларни қадрлаш йили”, 2003 йил “Обод маҳалла йили”, 2004 йил “Меҳр-мурувват йили”, 2005 йил “Сиҳат-саломатлик йили”, 2006 йил “Ҳомийлар ва шифокорлар йили”, 2007 йил “Ижтимоий ҳимоя йили”, 2008 йил “Ёшлар йили”, 2009 йил “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили”, 2010 йил “Баркамол авлод йили”, 2011 йил “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”, 2012 йил “Мустаҳкам оила йили”, 2013 йил “Обод турмуш йили”, 2014 йил “Соғлом бола” йили, 2015 йил "Кексаларни эъзозлаш" йили, 2016 йил “Соғлом она ва соғлом бола йили" деб эълон қилинган эди.

Рақамларда коррупция

Расман "Янги Ўзбекистон" деб аталаётган охирги тўрт йилда биринчи президент давридаги кўпгина шиор ва анъаналардан воз кечилди, аммо йилларга ном бериш сақланиб қолди.

2017 йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб, 2018 - «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб, 2019 йил «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб эълон қилинганди.

Йилларни бу каби номлаш ортидан қабул қилинадиган ҳукумат дастурларида ижтимоий лойиҳаларга сезиларли миқдорда маблағлар ажратилса-да, коррупция урчиган ва шаффофлик таъминланмаган муҳитда давлат дастурларининг самараси савол остига олинади.

Охирги йилларда бу каби лойиҳаларга ажратиладиган бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳоллари расман кўпайган.

Президент Мирзиёев Конституция куни муносабати билан табригида сўнгги икки йилда 1986 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилганини маълум қилди.

Президентга кўра, ушбу жиноят ишлари доирасида давлатга етказилган зарар 2 триллион сўмни ташкил этган. Аммо таҳлилчилар ва ижтимоий тармоқларда фаол ўзбекистонликлар мамлакатда коррупцияга қарши ҳаққоний кураш бошланганини савол остига оладилар.

Президентнинг сўзларига кўра, ҳукумат 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси устида ишламоқда.

Дунёда коррупция даражасини кузатувчи Transparency International ташкилотининг жорий йил бошида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон 2019 йил якунлари бўйича бирданига беш поғона кўтарилиб, 180 давлат орасида 153-ўринни эгаллаган. Аммо мамлакат ҳануз коррупция даражаси бўйича Марказий Африка республикаси ва Камерун сингари давлатлар қаторида.

Ташкилот назорат идораларига сиёсий босим, суд тизимининг мустақил эмаслиги ва матбуот эркинлигининг чекланиши минтақа давлатларининг кўпчилигида амалда ваколат ҳаддан ташкари бир ҳокимият қўлида тўпланишига йўл очганини қайд этган.

XS
SM
MD
LG