Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:33

2018: Икки ўт орасидаги МИБ, қасамёдлар паради, сувга бўктирилганлар ва сиртмоқдаги ўсмирлар


Якунланаётган 2018 йилда Ўзбекистонда қарздор аҳоли билан МИБ ўртасидаги зиддиятлар, фермерлар ва шифокорларнинг қасамёдлари, ўқувчи болалар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилди.

Йил давомида Озодлик ёритган мавзулар архивини кўздан кечирар эканмиз, собиқ МХХ - янгиланган ДХХда бўлган қатор соҳалар тизгини ими-жимида прокуратурага ўтгани, Интерент тармоғидаги чеклов эса яна аввалги ҳолига қайтгани - қаттиқ чеклангани ҳам яққол кўринди.

2018: Икки ўт орасидаги МИБ, қасамёдлар паради, сувга бўктирилганлар ва сиртмоқдаги ўсмирлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:59 0:00
Бевосита линк

Муаллақ қарз ва қашқатаёқ МИБ

2018 йил давомида мамлакатнинг турли бурчидан Озодликка келган ва ҳануз келаётган шикоятларда аҳоли қарзини ундиришга масъул қилинган Мажбурий ижро бюроси (МИБ) билан аҳоли ўртасида зиддият кучайиб боргани кузатилмоқда.

Аксар хабарларда – электр-газ, коммунал хизматлар, солиқ ёки кредитдан қарздор бўлган одамларнинг МИБ ходимлари билан тортишув-ёқалашуви, айрим ҳолларда норозилик тарзида кишиларнинг ўзига ўт қўйиш, қон томирларини кесишгача боргани акс этди.

​Муҳими, МИБ ходимларининг қўлларида тўқмоқ билан аҳоли уйларига бостириб киргани ва куч қўллаганига оид шикоятлар ҳам оз эмас.

Қуйида ана шундай шикоятлар асосида ҳозирланган мақолалардан баъзиларини ёдга оламиз:

- Қибрайлик аёл: Мен норозилик сифатида ўзимга ўт қўйдим

- МИБ мулкини мусодара қилган 33 яшар фермер ўзини осди

- МИБ водопроводи йўқ аҳолидан ичимлик суви учун қарз ундиряпти

- МИБ 15 ойда қарийб 22 триллион сўм қарз ундирди

- Ўзбекистонлик ўқитувчилар энди МИБ югурдагига айлантирилди

Айни пайтда, Озодлик бу каби аянчли фожеаларни ёритаркан, МИБ ижрочиларининг ҳокимият билан халқ ўртасида қолгани, бошида таёқ синаётган бир қатламга айлангани ҳақидаги шикоятларини ҳам тинглади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилнинг 1 июлидан иш бошлаган Мажбурий ижро бюросининг Озодликка шикоят қилиб, боғланаётган ходимлари сони ҳам сезиларли тарзда ортгани кузатилди.

Мана улардан айримлари:

- Андижонда свети тармоқдан узилган одам МИБ ходимини пичоқлади

- Салкам 100 МИБ ходими ҳужумга учради. Инспекторни ким ҳимоя қилади?

- Қўл остидаги ходим пичоқлаган МИБ бошлиғи вафот этди

- “МИБ тизимида муаммо кўп, аммо ходимлар бу ҳақда гапиришга қўрқади”

МИБ фаолияти билан боғлиқ хабарлар занжиридан бу тузилма ходимлари, ўзига берилган улкан ваколат ва кучга қарамай, ўта оғир босим остида қолгани кўринади.

Айниқса, шу йилнинг август ойида Тўрақўрғон тумани МИБ бошлиғи Соҳибжон Ҳамидовнинг Telegram ижтимоий тармоғи орқали ходимларига йўллаган мурожаати бу вазиятни яққол ифодалайди.

Инновацион қасамёдлар

2018 йилда кузатилган "ноу-хаулардан" бири – Қасамёдлар маросими бўлди.

Сирдарёдаги маҳаллий нашрлардан бирининг Боёвут туманидаги фермерлар қасамёд маросимидан берган илк фоторепортажи жамоатчиликни ҳайратга солди.

Кейин республиканинг бошқа туманларида ҳам фермерларнинг ҳокимлар қаршисида ​туриб, “шартномада кўзда тутилган режадан ортиқ ғалла етиштириб, уни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички бозорга сотиш”, айни пайтда, "​нопок ишга қўл урмаслик, ватанга хиёнат қилмаслик" ка қасам ичгани кузатилди.

Қуйида бу жараён акс этган мақолаларимиздан баъзилари:

- Сирдарёда фермерлар "нопок ишга қўл урмасликка" оммавий равишда қасамёд қилди

- Мамлакат бўйлаб фермерлар “давлатга мўл ҳосил етказиб беришга" қасам ичтирилмоқда

Орадан кўп ўтмай, қасамёд маросимлари шифохоналарга кўчди:

- Ўзбекистон бўйлаб энди врачларга қасам ичтирилмоқда

- Каттақўрғонда тиббиёт ходимлари қасам ичди

- Андижонда тиббиёт ходимлари қасам ичмади

Яна қисқа муддат ичида бу оммавий маросимларга Ички ишлар ходимлари ҳам қўшилгани кузатилди, аммо улар "Қуръон"га қўлини қўйиб, қасам ичди:

- Юқоричирчиқда ички ишлар ходимлари Қуръонга қўл қўйиб пора олмасликка қасамёд қилди

Ички ишлар ходими Қуръонга қўл қўйиб қасамëд қилмоқда
Ички ишлар ходими Қуръонга қўл қўйиб қасамëд қилмоқда

Қасамёд маросимларига ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, зиёлилар ва ҳатто, ҳокимият вакиллари ҳам муносабат билдирди.

- Сенатор фермерга қасам ичириш билан ҳосил кўпайиб қолмаслигини айтди

- Самарқандда тиббиёт ходимларига қасам ичтириш тўхтатилди

- ХДП: Оммавий қасам ичириш раҳбариятга ёқишга уринишдир!

- “Қасамни фермерлар эмас, уларга зулм қилаётган ҳокимлар ичсин!”

Қизириқда ўлиб-тирилган ДХХ (МХХ)

Шу йилнинг 19 январида Шавкат Мирзиёев, ҳокимиятга келганидан бир йил ўтиб, Ўзбекистон собиқ миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) - шу кундаги Давлат хавфсизлик хизматини (ДХХ) илк бор танқид қилди.

Унга қадар бу структура, марҳум президент Ислом Каримов асос солганидан кейинги қарийб 30 йиллик фаолияти, дахлсиз ва ўзгаришсиз қолаётган эди.

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманига борган президент Мирзиёев тузилмани кескин танқид қилди.

- Булар ҳали халқнинг қадрига етмаган. Буларга ойлик бериш¸ погон бериш (га лойиқ -таҳр.) бирорта иш қилгани йўқ булар. Буларнинг ўзининг махфий иши бор¸ бу махфий иши менга боғлиқ. Ман билан гаплашсин энди оддий ҳокимнинг орқасидан қувлаб юриш (ўрнига -таҳр.) ¸ у замон тугади. Ҳоким менинг вакилим. Нима эмиш¸ битта ноинсоф¸ битта районнинг СНБсини бошлиғининг машинасини обгон қипти ҳокимни машинаси¸ бориб уни қамаб қўйипти. Э¸ кимсан ўзи сан? Ким санга бу ваколатни берди? Сани погонингни олиб ташлайман керак бўлса! Бу замон ўтиб бўлди Сурхондарëда! - деган эди Озодлик ихтиëрига юборилган аудиоëзувда президент жумладан.

Ана шу нутқида президент тез орада МХХни тугатишини билдирди ва тузилманинг 23 йиллик раиси Рустам Иноятов ҳам орадан 11 кун ўтиб, ишдан олинди.

Кейин эса МХХнинг бошқа мулозим генераллари ишдан олинди, ҳибсга ташланди:

- МХХга ишонмаслигини айтган Мирзиëев генерал Ғуломовни сотқинликда айблади

- Мирзиëев МХХнинг уч генерали ва ўнлаб зобитини ишдан олди

- Мирзиëев Сурхондарëни талаганликда айблаган МХХ подполковниги ҳибсга олинди

- МХХ полковниги Нодир Тўрақулов иши судга оширилди

- МХХнинг коррупция билан кураш бoшқармаси тугатилди

- Мирзиëев “Ит ўғри” деб атаган МХХ раиси ўринбосари, генерал Тошпўлатов ҳибсга олинди

Орадан қарийб 2 ой ўтиб, ташкилотнинг номи ҳам ўчирилди ва унга "Давлат хавфсизлик хизмати" номи берилди.

- МХХдан ДХХга айлантирилган идоранинг асосий вазифалари белгилаб қўйилди

- Ном ўзгартирилган МХХнинг моҳияти ҳам ўзгарадими?

- ДХХ сиëсий мухолифат ва диндорларга нисбатан МХХ сиëсатини давом эттирадими?

Мамлакат ичкарисидаги кузатувчиларнинг фикрича, 30 йилга яқин мамлакатни зир титратган МХХ ўрнига келган ДХХ нинг таъсири шу кунга келиб қарийб сезилмас даражага тушган ва собиқ МХХ ваколатлари номи ёки шакли ўзгартирилган ҳолда прокуратура тизимига ўтказиб берилган.

Сувга бўктирилганлар

2018 йилнинг унутилмас воқеаларидан яна бири эса Оққўрғонда 6 кишининг 25 октябрда - бош вазирнинг ўша пайтдаги ўринбосари Зойир Мирзаев ушбу туманга сафар қилган кунда - тиззасигача совуқ сувга тушириб, жазолангани бўлди.

Ижтимоий тармоққа тушган бу сурат ортидан кузатилган воқеалар - Ўзбекистонда муқаддам кузатилмаган эди.

Аввалига, Озодлик бу сурат ортидан суриштириб, унда акс этган кишилар ва улар билан содир бўлган воқеаларни аниқлади.

Озодлик мақоласидан бироз ўтиб, Ўзбекистон Бош прокуратураси 6 кишининг совуқ сувга тушириб, таҳқирланишига алоқадор раҳбарлар жазоланиши ҳақида баёнот тарқатди.

Қуйида Озодлик мақолаларидан баъзилари:

- 6 киши сувга туширилгани ортидан Оққўрғонда 3 мулозим жаримага тортилди

- Бош прокуратура: "Оққўрғон иши"га масъул раҳбарлар жазоланади

Бош прокуратуранинг бу баёнотидан бир неча кун ўтиб, Оққўрғон тумани ва Тошкент вилоятидаги воқеага алоқадор мулозимлар ишдан олинди.

29 октябрь куни эса ҳукуматнинг навбатдаги видеоселекторида Абдулла Арипов ўз ўринбосари Зойир Мирзаевни президент сиёсатига қарши иш қилганликда айблаб, ишдан олинганини билдирди.

"Шахсан мен учун бу жуда ноқулай ва уятли ҳолат. Чунки менинг ўринбосарим президентимиз олиб бораётган сиёсатга қарши иш қилди. Мана шу ҳолат 25 октябрь куни юз берган бўлса, юртбошимиз Зоир Мирзаевни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорни 27 октябрда қабул қилди. Бироқ, Конституцияга мувофиқ, шанба ва якшанба кунлари ҳеч қандай қарор ва фармонлар қабул қилинмайди. Шунинг учун биз бу қарорни бугун эълон қилдик," деган Абдулла Ариповдан иқтибос келтирганди daryo.uz сайти.

Муҳими, ушбу селектордан бир неча соат аввал президент Мирзиёевнинг мажбурий меҳнатга қарши махсус фармойиши эълон қилинди.

Президент матбуот хизмати эълон қилган айни шу фармойиш матнида Зойир Мирзаевнинг ишдан олингани қайд этилди.

"Ушбу фармойишга мувофиқ, ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис Мирзаев Зойир Тоирович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилди", дейилади матбуот хизмати хабарида.

Фармойиш эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб, бошланган ҳукумат видеоселекторида эса Халқаро меҳнат ташкилотининг ўша кезда Тошкентда юрган вакили Йонас Аструп ҳам иштирок этди ва ҳатто, маъруза қилган.

"Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон президентининг мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича фармонини олқишлайди. Ўйлаймизки, Ўзбекистон фуқаролари бундай вазиятларга тоқат қилишмайди ва ҳеч ким қонундан устун эмаслигини тушуниб етишади," деган эди Йонас Аструп.

Сиртмоққа илинган ўсмирлар

Йил давомида Озодликка мамлакат ичкарисидан келган хавотирли хабарлардан яна бир тўплами - ўз жонига қасд қилган ўсмирлар ҳақида бўлди.

Баъзан бир, аксар ҳолларда эса ота ёки онанинг фожеавий ўлимига олиб борган бу ҳодисаларни ёритиш, таҳлил қилиш асносида эса - жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар зарбасига ожиз бўлган болалар ҳамда ўсмирлар қатламининг чекка қишлоқлар ёки туманларда нисбатан ҳимоясиз қолгани кўринди.

Жонига қасд қилган ўсмирларнинг аксари - отаси ёки онаси хорижга кетган, ижтимоий ҳимояси ночор қолгани кўринди. Бундан ташқари, умумтаълим тизимидаги кўп йиллик муаммолар зарбаси ҳам ўқувчи ва ўқитувчи, ота-она ва бола ўртасидаги фожеаларга сабаб бўлгани кузатилди.

Яна йил давомида ёритганимиз аянчли воқеалардан баъзилари:

- Наманганнинг Чортоғида мактаб ўқувчиси - 16 яшар қизнинг жонсиз танаси топилди

- Ота ўғлининг ўзини осишида мактабни айблади

- Прокуратура 8-синф ўқувчиси ўзини осгани юзасидан жиноят иши қўзғади

- Ота-онаси Россияда ишлаëтган яккабоғлик 16 яшар ўқувчи ўзини ўлдирди

Булар йил давомида Озодлик ўрганган ўнлаб ҳолатдан баъзилари. Аммо, Озодликка маълум бўлмаган ҳолатлар қанча - бу ҳақда аниқ маълумот йўқ.

Йил давомида Ўзбекистон расмийлари ҳам бот-бот ўсмирлар орасида суицид ошиб бораётганидан қайғусини тилга олди, шунингдек, маҳалла, мактаб ва ҳокимият институтлари биргаликда муаммони камайтиришга уринаётгани ҳақида баёнотлар берди.

Фермерлар, ҳокимлар, судьялар, прокурорлар...

2018 йил давомида матбуотда тилга олинган қаҳрамонларнинг кўпчилиги сарлавҳада саналган қатламларга тегишли бўлди.

Буғдойи тортиб олингани фермер, пора билан қўлга тушган ҳоким ёки судья, 3 ойда ишдан олинган ҳоким ёки прокурор, МИБ га исён қилиб ўзини осган фермер - булар йил давомида матбуотда такрор-такрор берилган хабарлардир.

Фурсатингиз бўлса, Озодлик архивига киринг - ортда қолаётган яна бир йилнинг бу ва бошқа муҳим воқеаларини хотирланг ҳамда ўз сарҳисобингизни қилинг!

XS
SM
MD
LG