Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:22

“Ёшларга иш беринг, бошқа ҳеч нима керакмас!” Қозоғистонда ишчилар норозилиги қайтадан бошланди (ВИДЕО)


Қозоғистон ғарбида ишчиларнинг митинглари янгидан бошланди. Одамлар иш ҳақини оширишни ва нефть корхоналарига расман ишга қабул қилишни, яъни штатга олишни талаб қилишмоқда.

Норозилик январь намойишлари ҳукумат тарафидан аёвсиз бостирилганидан қатъи назар давом этаётир: маҳаллий маъмурият ҳозирча норозилар билан конфронтацияга бораётгани йўқ.

2021 йилда Қозоғистонда ишчилар норозилиги оммавий тус олди. Норозилик маркази Қозоғистон ғарбидаги Манғистау вилояти, хусусан, нефть қазиб олиш корхоналари жойлашган Жанаўзен шаҳридир.

Манғистау вилояти маркази Ақтау шаҳрида февраль ойи бошида “Қозатомсаноат” давлат ширкатига қарашли корхоналардан бирининг юзлаб ходимлари иш ташлади. Одамлар иш ҳақини икки бараварга оширишни талаб қилишмоқда. 2 февралда ишчилар норозилик акциясига чиққанидан сўнг “Қозатомсаноат” раҳбарияти ярашув комиссиясини тузди ва норозиларга ойлик маошларини 30 фоизга кўтаришни таклиф қилди.

“МАЭК раҳбарияти 2022 йил 1 мартдан иш ҳақини оширади, саломатликни тиклаш учун бир ойлик иш ҳақи миқдорида нафақа, шунингдек байрамларга (8 март, Наврўз, Мустақиллик куни, Энергетиклар куни) мукофот пули тўланишини жорий этади”, дея эълон қилди “МАЭК-Қозатомсаноат” МЧШ бош директори Талгат Есентугелов.

Бироқ бу таклифлар ишчиларни қониқтирмади: улар талаблари тўла-тўкис қабул қилинмагунча норозилик билдиришда давом этишларини айтишди ва узоқ муддатли иш ташлашга ҳозирлана бошлашди.

Манғистау вилоятининг яна бир шаҳри – Жанаўзенда ҳам норозилик тўхтагани йўқ. Асосан ёшлардан иборат митингчилар президент Тоқаевга мурожаат билан чиқишди. Улар минтақанинг нефт-сервис корхоналарига ишчиларни аутсорсинг асосида ёллашни тўхтатишни талаб қилишмоқда: ушбу амалиёт ишчиларнинг кам ҳақ тўлаш ва қисқа фурсатда уларни бўшатиш имконини беради.

Норозиларнинг бир қисми мулозимларнинг ишга қабул қилиш схемасидан шикоят қилишади: улар иш ўрни бўшашини кутиб йиллаб навбатда қолишаётганини айтишмоқда.

“Ёшларга иш беришсин! Бу бизнинг ягона илтимосимиз, ягона истагимиз. Иш беринг, сиздан бизга бошқа ҳеч нарса керак эмас”, дейди Жанаўзендаги норозилик акцияси иштирокчиларидан бири.

Митингчилардан бир неча киши шаҳар маъмурияти биносига кириб, маҳаллий мулозимларга талабларни етказишди. Жанаўзен шаҳри маъмурияти раҳбари Мақсат Ибагаров бунга жавобан қарор қабул қилиш учун уч ҳафта вақт зарурлигини айтди.

“Биз давлат идораси ўлароқ муаммоларни муҳокама қилишга тайёрмиз. Бироқ бунинг учун музокара столига ўтиришимиз, муҳокамага вилоят даражасидаги мулозимларни, “Қазмунайгаз” миллий ширкати вакилларини жалб қилиб, барчани қаноатлантира оладиган умумий ечим топишимиз керак”, деди у.

Норозилик акцияларига Жанаўзендаги бошқа нефт-сервис корхоналарининг ишчи-хизматчилари ҳам келиб қўшилмоқда. Бироқ иқтисодчи Айдар Алибоев Қозоғистондаги хорижий ва давлат ширкатларининг аксарияти январь воқеаларидан сабоқ чиқармай, иш ҳақларини ошириш ва меҳат шароитларини яхшилаш талабларига нописандлик билан қарамоқда. Эксперт бу совуққонликнинг оқибати яхши бўлмаслигидан огоҳлантиради.

“Ўтган бир ой ичида халқ ўзгарди: одамлар ўз кучларига ишонч ҳосил қилишди, бир кунда ҳокимиятни қулатиш мумкинлигини ҳис қилишди, ялпи норозилик манзарасида мулозимлар халққа ён беришга мажбур бўлишини ўз кўзлари билан кўришди. Бинобарин, йирик ширкатларга ишчиларнинг қонуний ва асосли талабларига қулоқ тутишни маслаҳат берган бўлардим”, дейди Алибоев.

XS
SM
MD
LG