Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:26

OzodTarmoq: Юлдуз Усмоновани жавобгарликка тортиш керакми?


OzodTarmoq рукнида берилаётган материалларда айни кунларда жамоатчилик орасида кенг муҳокамага сабаб бўлаëтган воқеа-ҳодисалар ҳақида билдирилаётган айрим мулоҳазалар эътиборингизга тақдим этилади. Воқеаларга берилаëтган баҳолар мутлақо муаллиф позицияси. Муаллифлар позицияси Озодлик позициясига мос келмаслиги мумкин.

OzodTarmoqнинг бугунги сонида "Эзгулик" жамияти раиси, журналист Абдураҳмон Ташановнинг Фейсбукдаги ўз саҳифасида эълон қилган постни эътиборингизга ҳавола қиляпмиз. Матн таҳрирсиз берилмоқда.

**********
Фуқаролик мутахассислигимга кўра, журналистман. Аммо қарийб 15 йилдан бери ҳуқуқ ҳимоячилиги фаолияти билан шуғулланаман. Таъкидлашим керак, мен раҳбарлик қиладиган инсон ҳуқуқлари ташкилоти яқин ўтмишда милициядаги кўплаб коррупция ва қонунбузарликлар фактларини фош қилиб, катта-катта зобитларнинг жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган.

Масалан, 2009 йилда опа-сингил Соатоваларнинг тергов изоляторида зўрланиши, бу воқеадан сўнг қизларнинг отаси инсультдан ўлиши фожеаси ҳатто БМТга қадар чиққан, ташкилотнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новак ишни тафтиш қилишни сўраб, Каримовга мурожаат қилган. Интернетнинг GOOGLE тармоғи орқали “опа-сингил Соатовалар” калит сўзи ёзилса, бу ишнинг қанчалик шов-шув бўлгани кўринади.

Ўшанда тергов изоляторидаги жинсий зўровонлик бўйича прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилган, ҳатто терговчи Азизхон Умархонов ҳамда ЖҚБнинг бир қанча мулозимларидан ДНК анализлари олинган. Ўша Азизхон Умархонов бугунги кунда шаҳар милициясининг раҳбарларидан бири — йўл ҳаракати инспекторларига коронавирус карантини даврида “результат” қилиш бўйича топшириқ бергани билан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига яхши таниш одам.

Ўша пайтда Қашқадарё милициясининг жиноят қидирув бўлими собиқ бошлиғи, полковник Анвар Зиёдов ҳам қийноқлар факти бўйича тизимдан четлатилгани айтилганди. Аммо орадан кўп ўтмай бу одамнинг Чироқчига участкавой қилиб жўнатилгани ва бу ерда Алимардон Бердиқуловни уриб, ўлдириб қўйгани фош бўлди. Яъни, тизим, унинг мулозимлари мудом жазоланмаслиги ҳақида гапирганда биз каби оддий одамнинг оёғи қалтираб кетади.

Кўплаб танишларим хонанда Юлдуз Усмонованинг мелисалар билан боғлиқ ижтимоий тармоқлардаги чиқиши ва унинг жавобгарлиги масаласига муносабатимни сўрашди. Ҳам қўрқиб, ҳам “иймонсизнинг жазосини динсиз берсин” қабилида индамай юргандим, бўлмади, гапиришга тўғри келяпти.

Хонандамиз рўза ҳолига куни бўйи сардобаликларга хайрия йиққан. Уни эгаларига етказиш борасида ортиқча жонбозлик қилиб, мелисалардан ранжиган ва нималардир деворган. Депутатимиз Обиджон Латипов айтганидек, хонанданинг чиқишидан муайян бир жисмоний шахс (!) на маънавий, на моддий зарар кўрмаган. Яъни, хонандага нисбатан конкрет даъвогар йўқ: у ҳеч кимнинг исми-шарифи, номини тилгани олгани йўқ. Хонанда бу борада дили оғриган тизим мутасаддиларидан кечирим сўрашга ҳам улгурди. Менимча, юзага келган ҳуқуқий можаронинг ҳал қилувчи нуқтаси ҳам мана шу ерда.

Эслайлик, президентимиз 2-3 йил аввал ўз чиқишларида ҳали суд ҳукми билан айби исботланмаган молиячилар, прокуратура ва солиқ идораларининг айримларини “каламуш”лар деганди. Танқиддан сўнг судлар бўлди, “каламуш”лар узоқ йиллик қамоқ жазоларига тортилди, президентнинг “ҳақорат”и қонунлаштирилди.

Ҳозирги ҳолат ҳам худди шундай. Қонунда икки хил стандарт бўлиши мумкин эмас: тизим, унинг мурватлари ҳақида гапириш сўз эркинлиги, жамият ривожининг муҳим омилларидан бири. Қолаверса, хонанда қайси вазиятда гапиргани ҳам муҳим. Аммо тизим вакилларининг коронавирус карантинидаги хизматларидан тўлқинланиб, жамоат вакилига оммавий босимлар уюштириши, судгача судраши хавфли тенденциядир. У мамлакатимизда энди-энди тетапоя қилаётган сўз эркинлигига қақшаткич зарба ҳисобланади.

Мазкур ёзувга илова қилаётган суратга эътибор беринг. Ички ишлар вазирлиги мулозими хонанданинг “руҳий соғломлигига шубҳаси” катта тиражда мамлакат бўйлаб тарқалмоқда. Энди ўйлаб кўрайлик, нега хонанданинг оғзига кучи етмаслиги судгача боради-ю, тизим вакилларининг талаффузи сўз эркинлиги, деб баҳоланади?

Гап мана шу ерда. Агар тизимга нисбатан танқидлар ўз вақтида тўғри қабул қилинганида, мелисага нисбатан ижтимоий фикрдан хулоса чиқарилганида ёзувларимнинг 2, 3, 4-абзацларини ҳозир ўқимаган бўлардингиз...

Абдурахмон Ташанов

XS
SM
MD
LG