Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:45

Депутат Кушербаев: Блогер Сатторий иши суд тизими мустақиллиги учун синов


Отабек Сатторий маҳкамада ўзига қўйилган айбларни рад этган ва жиноят иши "тўқиб чиқарилгани"ни айтган
Отабек Сатторий маҳкамада ўзига қўйилган айбларни рад этган ва жиноят иши "тўқиб чиқарилгани"ни айтган

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси аъзоси Расул Кушербаевга кўра, парламентнинг 25 март кунги ялпи мажлисида Олий суд раиси Козим Камилов туман ва шаҳарлардаги судларнинг маҳаллий депутатларга ахборот беришини суднинг мустақиллигига таҳдид ўлароқ баҳолаган.

Олий суд раҳбарияти Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан судларнинг маҳаллий Кенгаш депутатлари олдидаги ҳисобот бериш амалиётига барҳам беришмоқчи. Бу борада судлов тизими раҳбарлари амалдаги қонунчиликни ўзгартириш ташаббуси билан чиқишган.

Депутат Кушербаев фикрича, Сурхондарёда давом этаётган блогер Отабек Сатторий иши судларнинг мустақиллиги йўлидаги ҳақиқий синов вазифасини ўтайди.

“Кеча ялпи мажлисда деб қонунни ўзгартиришни истаётган Олий суд раиси Козимжон Камилов бошлиқ суд ҳокимияти учун блогер билан боғлиқ бу иш ҳақиқий синов бўлади менимча: суд мустақилми, йўқми?

Блогер Отабек Сатторийни иши бўйича деярли ҳамма нарса ойдинлашиб қолди. Менимча буни кўрмаслик, тушунмаслик учун кўр ва камига ақли ноқис бўлиши керак инсон» дейди депутат.

Депутатга кўра, суднинг мустақиллигига ҳалақит бераётган асосий омиллар бошқа, маҳаллий депутатларга ахборот бериш эмас.

25 мартда жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Музработ тумани судида блогер Отабек Сатторий устидан маҳкама жараёни давом этди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг 1 март кунги баёнотига кўра, Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш) билан айбланмоқда.

Блогернинг адвокати Умид Давлетовга кўра, суд мажлисида гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди, қўшимча гувоҳлардан тушунтиришлар олинди. Суд мажлиси давомида судланувчига ҳам сўз берилди.

Судланувчи Отабек Сатторий ўзининг эмоционал нутқи давомида ўзини айблаётганларга қарата мана бундай деган:

“Менинг телефонимни олиб қўйганларингдан сўнг кечирим сўрадинглар – ку, ўшанда нима учун кечирим сўрадинглар? Қилмишларинг учун кечирим сўрадингларми? Ички ишлар ходимлари ҳам ўша ерда эди!”

Сатторий, шунингдек, суд раисига юзланиб: “Тизим менга қарши турибди, тушуняпсизми? Мени сиёсий душмандек қабул қилишяпти!” – деган.

Навбатдаги суд 2 апрель куни бўлиб ўтади.

Блогер Отабек Сатторий устидан суд жараёни 11 март куни Сурхондарё вилоят Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида бошланган эди.

Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган.

У 30 январь куни соат 17 ларда Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.

Қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотларнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.

XS
SM
MD
LG