Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:45

Ўзбекистон ҳукумати хориждаги диний таълим устидан назоратни кучайтирмоқда


Ал-Азҳар университети
Ал-Азҳар университети

Жорий йил июнидан Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети барча муассасаларига қабул фақатгина Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита йўлланмаси асосида амалга оширилиши белгиланди.

Бу ҳақдаги хабарни Озодликка 9 июнь куни Ўзбекистоннинг Миср Араб Республикасидаги элчихонаси вакили тасдиқлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги

Ўзбекистон ҳукуматига яқин таҳлилчининг Озодликка айтишича, вояга етмаган Ўзбекистон ватандошларининг диний таълим олишига йўл қўйилмайди ва чет элдаги диний таълим масканларига ўқиш учун бораëтганлар Диний қўмитадан суҳбатдан ўтиб¸ махсус йўлланма олишлари керак бўлади.

Мисрда диний таълим олаëтганларни қайтариш истиқболи кўпчилик талабаларни ташвишга солди.
Мисрда диний таълим олаëтганларни қайтариш истиқболи кўпчилик талабаларни ташвишга солди.

Суҳбатдошга кўра¸ бундан мақсад “Миср ва Туркияда ташкил қилинган диний сабоқ берувчи ноқонуний ҳужраларга кетаëтган ëшлар оқимини тўхтатиб қолиш”. Озодлик Мисрдаги ҳужраларга бола етказиб бериш логистикасини таъминлаб келган шу кунларда Туркияда истиқомат қиладиган 31 яшар Ўзбекистон ватандоши билан гаплашди. Унинг айтишича¸ кейинги бир ой ичида Миср Араб республикасидаги Ўзбекистон элчихонаси диний таълим олиш учун Ал-Азҳар таълим мажмуасига борган ўзбек ватандошларига қайднома (хитоб) беришни тўхтатган. Бу эса, унинг назарида Ал-Азҳар таълим мажмуасига оид лицей ва подкурсларга ўзбек ўқувчиларини ëздириш имконини йўққа чиқарган.

Шу билан бирга, жорий йилда Туркия хавфсизлик хизматлари - Миллий истиҳборот идораси (МИТ) томонидан ўзбек болалари ўқийдиган камида уч мадраса ëпиб қўйилган.

Миср ҳужраларига болалар олиб кетилаëтгани ҳақидаги хабар тармоқда 15 апрель куни тарқалган эди.
Миср ҳужраларига болалар олиб кетилаëтгани ҳақидаги хабар тармоқда 15 апрель куни тарқалган эди.

Ўзбекистон ДХХсига аналитик ҳисоботлар ëзадиган таҳлилчининг Озодликка айтишича¸жорий йил январидан май ойигача бўлган 5 ой ичида вояга етмаган 1800 нафар ўзбек бола Мисрдаги ҳужраларга ўқиш учун олиб кетилаëтган пайтда чегарада тўхтатиб қолинган.

Бу иддаони Мисрдаги ҳужраларга талабаларни йўллаб келган йигит ҳам тасдиқлади. Унинг ҳисобича, 1500дан зиëд бола чегарадан қайтарилган. Уларнинг аксари Ўзбекистоннинг Фарғона¸ Андижон ва Наманган вилоятларидан.

“Кўп ҳолларда Мисрга прямой рейс қилмай, Дубайга бир ҳафталик виза олиб, болаларни Дубайдан Мисрга олиб ўтишяпти” дея иддао қилди суҳбатдош. Суҳбатдош таъкидлаган ушбу ҳолат ҳақида жорий ҳафтада Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси интернет тармоғида тарқатган баëнотда ҳам сўз боради.
Баëнотда “Қоҳира шаҳридаги шубҳали “ҳужра”лар ва марказларда” “таълим” олаëтган “аксарият ватандошлар” борасида ташвиш изҳор қилинган.
Элчихона баëнотида Ал-Азҳар мажмуаси раҳбарияти ҳам талабаларнинг “ҳужралар”да таълим олишини кескин қоралаши ва тан олмаслиги таъкидланади. Баëнотда бир неча ойлар мобайнида сабабсиз дарсларни қолдириш ва ўтиш имтиҳонларига умуман келмаган юзлаб Ўзбекистон Республикаси ватандошларининг Ал-Азҳар таълим муассасаларидан ўқишдан четлатилганлиги” айтилади.

Қоҳирадаги Ўзбекистон элчихонаси ходими Озодлик билан суҳбатда баëнотдаги гаплар тагида “ташвишли ҳақиқат” ëтганлигини билдирди.
Ўзбекистондаги Азон.уз нашри муассиси¸ ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида бир муддат Ал-Азҳарда таҳсил олган Мубашшир Аҳмад ўзининг Фейсбук саҳифасида элчихона баëнотини ватандошларнинг “Конституцияда белгиланган таълим олиш эркинлигига тўсиқ қўйиш” дея баҳолади.

Мубашшир Аҳмад баëноти
Мубашшир Аҳмад баëноти


Мисрда таълим олаëтган ва ҳужрада ëш болаларга таълим бераëтган ўзбек талабаси эса, Озодлик билан суҳбатда “диний таълимни ëшликдан олиш кераклигини” таъкидлади:

“Муҳтарам президентимиз биздан ҳам Бухорийлар чиқсин, деб эзгу ният билдириб, диний экинликни таъминлаб берди. Аммо Мисрдаги элчихона хитоб (маълумотнома) бермай қўйиб, ëшларнинг диний таълим олишига ҳалақит бермоқда”.

Мисрдаги ҳужраларга бола еказиб бериш логистикасини таъминлаб келган йигит иддаосига кўра¸ муаммо бошқа жойда:

“Бир ой олдин юзлаб одам Ўзбекистон ИИВ тарафидан қидирувга берилди. Бу қидирилаëтганлар орасида Миср ва Истанбулдаги ҳужраларда таълим бераëтганлар бор. Мен таниганлардан бир аëл “Меҳр” тадбирида Яқин Шарқдан Ўзбекистонга қайтган эди. Уни сўроқ-савол қилиб, ҳужралар ҳақида маълумот олишган. Бошқалардан ҳам сўрашган."

Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги қидирув эълон қилган шахслар орасида Ал-Азҳарда ўқиган Содиқ Самарқандий (Содиқжон Муҳаммадиев) ҳам бор
Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги қидирув эълон қилган шахслар орасида Ал-Азҳарда ўқиган Содиқ Самарқандий (Содиқжон Муҳаммадиев) ҳам бор

Жорий йилнинг апрель ойида таниқли блогер Ақидахоним ота - онасидан бесўроқ Мисрга қочб кетгани таҳмин қилинган қўқонлик қиз ҳақида ëзган эди.
Ўзбекистон Конституциясида дин эркинлиги ва дин давлатдан ажратилганлик тамойили таъминланади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда прозелитизм, диний адабиѐтни олиб кириб тарқатиш ва хусусий тарзда диний таълим бериш каби хатти-ҳаракат билан қонун тақиқларини бузган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистонда охирги 4 йилда диний эркинликлар доираси кенгайгани эътироф этилади. Айни пайтда Ўзбекистон президентининг 2019 йил 4 сентябрь куни 4437- сони билан расмийлаштирилган махфий қарори асосида бутун мамлакат бўйлаб диний мутаассибликка мойил ватандошларнинг махсус рўйхатлари тузилмоқда.

Бундай рўйхатларни тузиш тўғрисида Озодлик ихтиëридаги маҳфий ҳужжатга илова қилинган “Йўл харитаси”да аниқ топшириқлар берилган.

XS
SM
MD
LG