Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:19

Латвияга "3000 евролик" ишга юборилган ўзбеклар 45 кунда 100 евродан олди


Ўзбекистондан Латвияга жўнатилган бир гуруҳ ишчилар уларни ишга ёллаган қурилиш ширкатини имзоланган келишув шартларини бажармаётганликда айблади.

Ўзбек муҳожирлари 45 кун ичида ваъда қилинган 2-3 минг евро ўрнига атиги 100 евродан ҳақ олганини айтди.

Латвияга ишчиларни Ўзбекистонда ёллаган ширкат раҳбарияти муҳожирлар оғир аҳволга тушиб қолганидан хабар топгани ва муаммоларни ҳал этиш учун махсус вакил юборганини билдирди.

Латвиядан Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ ўзбекистонлик муҳожирлар уларни уй-жой қурилиши ва таъмирида ишлатаётган маҳаллий қурилиш ширкатини маош бермаётганликда айблади.

Латвиянинг Валмиера шаҳрида ишлаётган муҳожирлардан бири вазиятни бундай тасвирлади:

- Биз 9 август куни 15 киши “Marakanda xususiy bandlik agentligi” томонидан Латвияга ишга юборилдик. Бизни жўнатган фирмага 40 миллион сўм пул беришга келишганмиз. Келганимиздан бери 7 сентябрда 50 евро бир, кеча жанжал қилганимиздан кейин яна 50 евродан бериб кетди. Бизга эса “кунига 60-70 евродан карталаринг тайёр булгунгача ишлаб турасизлар”, дейилган.

Латвиядаги ишчилар "рациони"
Латвиядаги ишчилар "рациони"

Йигитларнинг айтишича, уларнинг ҳатто еб-ичишга пули қолмаган. Улардан бири бундай деди :

- Умуман пулимиз бўлмай қолган вақт бўлди! Москвадан укамдан 200 доллар пул чақиртирдим. Болалар ейишдан эконом қилиб, деярли қуруқ нонда ўтирибди! Бизга қулдек муносабатда бўляпти. Энди “ишларни тугатиб берсаларинг ойликларингни оласизлар”, деяпти. Мен шахсан ўзим аллақачон 60 миллион сўм сарфладим келгунча.

Ўзбекистонликларнинг яна айтишича, уларни ишга ёллаган “LUX MEOS” қурилиш фирмаси барча оғир ишларни техника ишлатмасдан, қўлда бажаришга мажбурламоқда.

Маълум бўлишича, “LUX MEOS” ширкати қозоғистонлик тадбиркор Жонибек ва унинг латвиялик ёрдамчиси Андерс томонидан бошқарилади.

Ишчилардан бирининг сўзларича, ўзбекистонлик муҳожирлар шикоят қилишни бошлаши ортидан “LUX MEOS” раҳбарияти уларнинг ўзларини “шартнома шартларини бузганликда” айбдор қилишга уринмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, Ўзбекистондан Латвияга ишчиларни юбориш билан “Recruit consulting work xususiy bandlik agentligi”, “Arm Inter group xususiy bandlik agentligi” ва “Marakanda xususiy bandlik agentlik”лари шуғулланган. Бу уч ширкат Латвияга, “LUX MEOS” ширкатига 120 ишчи жўнатган.

23 сентябрь куни Озодлик билан гаплашган “Marakanda” агентлиги раҳбари Хуршид Ражабов ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари аҳволидан хабардор экани ва вазиятни ўрганиш учун Ригага юқорида тилга олинган учта агентлик номидан махсус вакил юборилганини айтди:

- Иш берувчи компания билан ўзаро ҳал қилмоқчи бўлдик – анча музокара олиб бордик. Бир ҳафта олдин вазиятни ўрганишга вакилимизни юбордик. Ҳар бир ишчи билан суҳбатлашиб, протокол тузилди. Болалар ҳақиқатан ҳам 45 кун юрган бўлса, максимум ишлагани 25-30 кун бўляпти – ойликлари берилмаган! Лекин ҳар бири билан шартнома имзоланган.

Хуршид Ражабов ўзбек ишчилари қўл қўйган меҳнат шартномасини иш берувчидан талаб қилиб олмагани вазиятни бироз мураккаблаштирмоқда, деди.

Уч агентлик томонидан юборилган вакил вазиятни ўрганмоқда
Уч агентлик томонидан юборилган вакил вазиятни ўрганмоқда

“Marakanda” агентлиги директори текширув натижасида ўзбек ишчилари техникасиз ва қурилиш асбоб-ускуналарисиз ишлатилаётганини ҳам тасдиқлади:

- Ишчилар керакли техникасиз ишлатилган. Иш берувчи ойлик бермаганини "ишлаётганига бир ой тўлмагани" билан изоҳлаяпти. Иккинчидан, иш берувчи “ўзбекистонликлар ишлашдан бош тортяпти!”, деяпти. Бу масалани ҳам ўрганаяпмиз. Керак бўлса Латвия Иммиграция хизматига чиқамиз ва масалани ижобий ҳал этамиз.

Латвиянинг “LUX MEOS” қурилиш фирмаси вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Озодлик қилган мурожаатларига жавоб бермади.

Ўзбекистонлик ёлланма ишчилар Тошкентдан вакил келиб кетганидан кейин қурилиш ширкати ҳар бир ишчига 50 евродан озиқ-овқатга пул бергани ва объект таъмирдан чиққанидан кейин уларга маошлари тўлиқ берилиши ваъда қилинганини маълум қилди.

Бундан олдинроқ, Тошкент шаҳар прокуратураси Ўзбекистондаги “Human” бандлик агентлиги” директори, 29 яшар Шоҳнур Ф. устидан Жиноят Кодексининг “Фирибгарлик" моддаси (168-модда) бўйича жиноят иши қўзғатган эди.

Агентлик Германияга деб ёллаган 200 ва Чехияга деб ёллаган 500 ишчи жўнатилмасдан қолгани, улар агентликка банк орқали тўлаган пулларини қайтариб ололмаётгани тўғрисида Озодлик хабар берганди.

XS
SM
MD
LG