Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:07

Банкни ўйинчоқ тўппонча билан урмоқчи бўлган ўзбекистонлик узоқ муддатга қамалди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Шу йилнинг январида Россиянинг Нижневартовск шаҳрида банкни ўйинчоқ пистолет билан урмоқчи бўлган 24 яшар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири суднинг 20 ноябрдаги қарори билан 8 йилу 10 ойлик қамоқ жазосига маҳкум этилди.

Нижневартовск прокуратурасига кўра, ўзбекистонлик бу йигит ўз босқинчилигини ишга жойлашиш учун пул зарур бўлгани билан изоҳлаган.

Нижневартовск шаҳар суди ҳукми билан Ўзбекистон фуқароси, 24 яшар йигит умрининг 8 йилу 10 ойини қаттиқ режимли колонияда ўтказади.

Жорий йилнинг 20 ноябрь куни шаҳар суди чиқарган ҳукмга кўра, бу йигит Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 162- моддаси, 4- қисми “б” банди (Ўта катта миқдорда содир этилган босқинчилик ҳужуми) билан айбдор деб топилган.

Жиноят қидирув ишларини олиб борган Югра полицияси бошқармасига кўра, ҳодиса 2019 йилнинг январида Нижневартовскнинг Чапаев кўчасида жойлашган “Алфа-банк”да содир бўлган.

- 26 январь куни банк бўлимига боши шарф билан ўралган, орқасида рюкзаги бор қора кийимдаги шахс кириб, ходимлардан пул талаб қилган. Унинг қўлида пистолетга ўхшаган нарса бўлган. У бир неча марта “Пул қани?”, деб сўраган, - деди ХМАО-Югра Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Ольга Абмайкина.

Бироқ, банк ходимаси жиноятчига пул сақланадиган хонага киришга бу ердагилардан ҳеч кимнинг рухсати йўқлигини билдиргач, у банкдан чиқиб кетган.

Судга айблов хулосасини тақдим этган Ханти-Мансийск мухтор округи-Югра прокуратурасининг Озодликка берган тушунтиришига қараганда, ўша куни кассада 3 миллион рубль, 12,5 минг АҚШ доллари ва 13 минг евро миқдорида пул бўлган.

- У банкдан чиқиб кетганидан кейин тўғри уйига борган. Олиб борилган жиноят-қидирув амалиёти натижасида у ижарада турган квартирасида полиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Жиноятчи 24 ёшда, Ўзбекистон гражданлигига эга экани, Ханти-Мансийск мухтор округининг Нижневартовск шаҳрида ёш боласи ва хотини билан бирмунча вақтдан бери яшаб келгани аниқланган, деди Озодлик саволларига жавоб берган Дарья Зоричева, округ прокурори катта ёрдамчиси.

Прокуратура ходимаси суд қарори ҳозирча кучга кирмагани боис ўзбекистонликнинг исмини ошкор этмасликни сўради.

Бу жиноятга қўл уриши сабабларига тўхталар экан, Дарья Зоричева У. исмли бу муҳожир йигит пулга жуда муҳтож бўлиб қолгани боис банк ўмармоқчи бўлганини суд маҳалида билдирганини айтди.

- Судда берган кўрсатмасига кўра, унга атиги 50 минг зарур бўлган экан. У маҳаллий озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи компанияга вақтинчалик ишга жойлашгани маълум бўлди. Судда у пул унга Ўзбекистонга кетишга керак бўлгани, бир неча кун олдин ишга жойлашгани ва санитар китобчасини тайёрлаш учун, бошқа масалалар учун маблағ зарур бўлганини айтган. Суд бу важларни жиддий қабул қилмади, аммо суд ҳукмида у жиноятга “пул маблағи етишмаслиги, моддий қийинчилик” туфайли қўл урганини қайд этди, - деди прокуратура вакиласи.

Дарья Зоричева ўзбек муҳожири судда ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди ва ноиложликдан банкка ўйинчоқ пистолет кўтариб борганини тасдиқлади, деди.

XS
SM
MD
LG