Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:44

Навоийда уйи бузилган аёл вилоят ҳокимлиги олдида ўзига ўт қўймоқчи бўлди (ВИДЕО)


Ўзбекистонда ҳокимият бинолари олдида ўзига ўт қўйишга уринишлар бундан олдин ҳам бўлган.
Ўзбекистонда ҳокимият бинолари олдида ўзига ўт қўйишга уринишлар бундан олдин ҳам бўлган.

Навоий вилоятининг Кармана туманида яшовчи 38 ёшли аёл уйининг бузилишидан норозилик сифатида вилоят ҳокимлиги биноси олдида ўзига ўт қўйишга уринди.

Аёлнинг устига бензин сепиб ўт қўйишга уриниши акс этган видео 28 май куни Telegram тармоғида тарқалди.

Навоий вилоят ҳокимлиги мулозими аёл ўзига ўт қўйиш билан таҳдид қилгани, лекин ўт қўйиш ҳолати бўлмаганини айтди.

Telegram тармоғидаги "Навоийликлар" гуруҳи фойдаланувчиларининг Озодликка айтишича, ўзини ёқмоқчи бўлган аёл Кармана туманилик 38 ёшли Д. А.дир.

Унинг Каловат маҳалласидаги уйи 25 май куни бузиб ташланган.

Озодлик уйи бузилган аёлнинг ўзига билан боғлана олмади.​

28 май куни Telegram тармоғида тарқалган видеода аёл Навоий вилоят ҳокимлиги олдида турган қўриқчилардан "ҳоким чиқадиларми, чиқмайдиларми?" деб сўрайди.

Қўриқчилардан "ҳоким йўқлар", деган жавобни эшитгач, аёл "мен ўзимни ёқаман, ҳоким уйимни бузиб ташлади", деб устига қўлидаги канистрдаги бензинни сепади.

"Яқинлашма, ўзимни ёқаман, тушсин ҳоким, тушсин. Мен уйсиз, жойсиз қолдим", дейди аёл.

Тасвирлардан видеони аёлнинг ўзи олаётгани англашилади.

Навоий вилоят ҳокимлиги мулозими 26 май куни уйи бузилган аёл ҳокимлик биносига ўзига ўт қўйиш билан таҳдид қилиб келгани, лекин ўт қўйиш холати бўлмаганини Озодликка айтди.

Озодлик ўзини ёқмоқчи бўлган аёл Кармана туманининг Каловат маҳалласида яшовчи 38 ёшли Д. А. эканини ўрганди.

Лекин, аёлнинг ўзига боғланиб бўлмади.

Telegran канали фойдаланувчиларидан бирининг Озодликка айтишича, Д. А.нинг Каловат маҳалласидаги 300 квадрат метрдан ортиқ майдонли уйига 25 май куни бульдозер солинган.

- Шу куни бу аёлнинг уйига бульдозер солиниб,бузиб ташланди. Қий-чув бўлди. Кейин дод-вой солиб Кармана туман ҳокимлигига борди. У ерда ҳеч ким қабул қилмагач 26 май куни канистрда бензин кўтариб Навоий вилоят ҳокимлигига борди. У ерда аёлни тинчлантириб юборишди, - дейди карманаликлардан бири.

Кармана тумани ҳокимлигининг капитал қурилиш бўйича мулозими Озодликка аёл меники деб иддао қилаётган уй ноқонуний қурилиш бўлгани учун бузиб ташланганини айтди.

- Ҳокимликнинг ерида ноқонуний уй қуриб олган. Бўшат, деб йилнинг бошидан буён огоҳлантириб келинди. Суднинг қарори билан бир неча марта таништирилди. 25 мартда Кармана туман суди, ноқонуний қурилиш, бузилсин, деб қарор ҳам чиқариб қўйган. Лекин, бу аёл суднинг қарорини менсимасдан шу уйда яшашда давом этаверди, - дейди Кармана тумани ҳокимлиги расмийси.

Уйи бузилган аёлнинг кейинги тақдири, қаерда яшаётгани ва воқеа нима билан якун топгани Озодликка номаълум.

Унинг оилавий аҳволи ҳақида ҳам Озодлик маълумотга эга эмас.

Ўзбекистонда ижтимоий-маиший муаммолар сабаб, фуқароларнинг ўзига ўт қўйиш ҳолатлари учраб туради.

Ўтган йил феврал ойида Сурхондарё вилояти термиз туманида яшовчи тадбиркор ўзи очган кафе биносининг бузилишига норозилик билдириб, Термиз туман ҳокимлиги биноси олдида ўзига ўт қўйган эди.

2017 йилнинг сентябрида эса Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Уллибоғ қишлоғида яшовчи 29 яшар Аҳмад Ниёзимбетов уйини бузишга келган ҳокимлик вакилларига норозилик билдириб, ўзига ўт қўйгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Нега судларга шикоят қилишмайди?

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов 29 майда Озодлик саволларига жавоб бераркан, ​мамлакатда мулк дахлсизлиги кафолатланиши, ҳуқуқлари поймол этилган фуқаролар дод-вой қилмасдан судларга мурожаат этиши кераклигини айтиб, жумладан бундай деди:

- Нега улар дод-вой солади, жанжал кўтаради, Озодликка шикоят қилади. Ҳуқуқлари поймол этилса тадбиркорлар маъмурий судларга шикоят киритишса албатта адолатли кўриб чиқилади. Дод-вой қилган билан иш битмайди,ҳуқуқий ҳал қилиш керак, аҳир биз ҳуқуқий жамиятда яшаймизку.

Озодлик билан суҳбатда бўлган фуқаролар эса суд идораларига ишонмасликларини айтишади.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов эса, судларда фуқароларнинг ҳокимликлар устидан қўли баланд келгани ҳолатлари кўп бўлганини айтди:

- Мана сўнгги ҳолат: Тошкентнинг Яккасарой туманида бўлди. Ер майдонидаги кўп йиллик 81 та дарахтлар қонунга зид равишда кесилганлиги оқибатида ўсимлик дунёсига келтирилган моддий зарар ундирлиб, қурилиш тўхтатилдику. Бундан олдин ҳам жуда кўп холатларда арзчилар судда ютиб чиққан.

Ўзбекистонда бузилишлар ортидан келиб чиққан норозиликлар ортидан президент Шавкат Мирзиёев ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш масаласида ҳокимлар ваколатини қисқартириш ҳақида ўтган йил август ойида фармойиш чиқарганди.

"Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланган фармойишда фуқароларнинг мулкини бузиш ишлари фақат суд қарори билан амалга оширилиши айтилган.

Президентнинг бу фармони Фарғона, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ўтган йил июль ойида бузилишлар ортидан аҳолининг норозилиги келиб чиши ортидан қабул қилинган эди.

XS
SM
MD
LG